Жамият | 19:21 / 11.10.2020
15039
2 дақиқада ўқилади

12 ёшли Жавоҳирнинг энди ўз уйи бор. У оиласи билан янги уйга кўчиб ўтди

Мол-қўйлари, велосипеди ва уй-жойи бўлишини орзу қилган 12 ёшли Жавоҳирнинг орзулари, Kun.uz’да акция эълон қилингач, тўла амалга ошди.

Бу сафарги манзилимиз Чиноз туманининг Эшонобод мавзеси бўлди. Сабаби сайтимизда эълон қилинган хайрия акцияси қаҳрамони Жавоҳирнинг оиласига хайриядан тушган пулларга ушбу манзилдан уй-жой сотиб олиш насиб қилибди. Мўжазгина хонадон, каттагина ҳовли, хуллас яшаш ва Жавоҳир орзу қилганидек қўй-қўзиларни кўпайтириш учун керакли шароитлар бор.

Оғир дард ва турмуш қийинчиликларидан безиб, абгор шароитларда турмуш кечираётган, эртанги кунга умиди бутунлай сўнган инсонлар бугун ҳаётга ўзгача назар билан қарай бошлаган. Оила бахтиёр, саховатпеша инсонлар кўмаги ўлароқ энди уларнинг ўз уй-жойлари бор.

Ёдингизда бўлса, хайрия акциясида бу оилага қарийб 200 млн сўм миқдордаги пул маблағлари йиғилган эди. Саломат Ўразова (Жавоҳирнинг онаси) бу пулга уй сотиб олди. Унинг айтишича, йиғилган пулдан озроқ қисми ортиб ҳам қолган. У бу пулларни ўзига ўхшаган яна бир муҳтож оилани уйли қилишга ёрдамлашиш учун сарфламоқчи экан.

Саломат Ўразова

Саломат Ўразованинг қўшимча қилишича, бахтсиз ҳодиса туфайли 3 ёшида ногирон бўлиб қолган қизи Севинч тиббий муолажалар олиб, соғая бошлаган. Шифокорларнинг айтишича, у тез кунларда юриб кетаркан.

Кичик қаҳрамонимиз Жавоҳир ҳам бахтиёр. У яхши билим олиб, келажакда ўзи каби қийналган оилаларга ёрдам беришни кўнглига тугиб қўйган.

Kun.uz сайти ушбу оила номидан хайрия акциясида иштирок этиб, бу оиланинг янгидан ҳаёт бошлашига ўз ҳиссасини қўшган саховатли инсонларга яна бир бор ўз миннатдорчилигини билдиради.

Раҳматилло Исроилов
Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид