Ўзбекистон | 16:43 / 13.10.2020
68948
3 дақиқада ўқилади

Олмалиқ шаҳри ҳокими ишдан олинди

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ҳокими Усмон Раҳимов ўғли билан боғлиқ можароли хабарлар ортидан ишдан кетди.

Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, кун тартибидаги масала бўйича Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов маъруза қилган. Вилоят ҳокими ўз сўзида Олмалиқ шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда йўл қўйилган хато-камчиликларга тўхталган, шунингдек, раҳбар одам ўз шахсий ҳаётига ҳам эътиборли бўлиши, оиласига вақт ажратиши, фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғулланиши лозимлиги хусусида сўз юритган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Бугунги кунда муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда очиқлик сиёсати жорий этилган. Ҳаммамиз жамоатчиликнинг қатъий назоратидамиз. Шунингдек, ишлайман деган одамга барча шароит яратиб берилган. Машина, яхшигина ойлик маош берилади.

Хабарингиз бор, яқинда Олмалиқ шаҳри ҳокими билан боғлиқ ҳолат интернетда тарқалди. Замон тезкор. Ҳар қандай воқелик тез тарқаляпти. Агар у ёмон, нохуш бўлса, эшитиб ич-ичингдан эзиласан киши...

Яхши биласизларки, юртимизда камбағалликка қарши кураш бошланди. Юртбошимиз БМТ бош минбаридан туриб, камбағалликка қарши кураш ташаббусини илгари сурдилар. Шундай пайтда бу воқеа бўлиб турса, раҳбарнинг оиласида шундай муҳит бўлса, мутлақо тушунарсиз ҳолатдир.

Шаҳар ҳокими қандай инсон бўлиши керак? Раҳбарга кўп нарса боғлиқлигини ҳаёт ҳақиқати тасдиқлайди. Ҳоким шу ҳудуднинг отаси. 

Мен Усмон Раҳимовнинг ҳокимлик фаолияти мутлақо қониқарсиз, у ишламади, демоқчи эмасман. Бу ўринда гап раҳбарнинг ҳар жиҳатдан эл-юртга ўрнак бўла олиши ҳақида кетяпти. Бинобарин, муҳтарам юртбошимиз, донишманд халқимиз раҳбарнинг, унинг оиласининг камтарлик фазилатига қараб баҳо беради», деган вилоят ҳокими.

Усмон Раҳимов

Рустам Холматов Олмалиқ шаҳар ҳокими лавозимига Қобил Ҳамдамов номзодини тавсия этди. Йиғилиш иштирокчилари ушбу номзодни қўллаб-қувватлашган.

Қобил Ҳамдамов

Қобил Ҳамдамов мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келган.

Усмон Раҳимов 2019 йил август ойидан буён Олмалиқ шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди. 

Яқинда шаҳар ҳокимининг ўғли машинани катта тезликда ҳайдаб, видеосини ТикТок сервисига юклагани, шунингдек бир гуруҳ ўртоқлари билан катта ёшли инсон ва унинг ўғлини дўппослаб, безорилик қилганига оид воқеалар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган эди.

Мавзуга оид