Жаҳон | 23:47 / 13.10.2020
9310
3 дақиқада ўқилади

Пандемия сабабли ёпилган Мачу-Пикчу унга ташриф буюришни 7 ой кутган сайёҳ учунгина очилди 

Фото: Instagram/jessekatayama

Пандемия вақтида ташрифлар учун ёпилган Перудаги Мачу-Пикчу қадимий шаҳри биргина япониялик Жесси Катаяма учун очилди. У қадимий шаҳарга 7 ой ичида ташриф буюрган биринчи сайёҳ бўлди.

26 ёшли Катаяма март ойида Мачу-Пикчуга ташриф буюришни ва Перуда бир неча кун ўтказишни режалаштирган. Бироқ коронавирус пандемияси сабабли у Мачу-Пикчу яқинидаги Агуас-Кальентес шаҳрида қолиб кетган. Япониялик сайёҳ пандемия сабабли киритилган чекловлар сабабли Жанубий Американинг бошқа шаҳарларига ҳам ташриф буюра олмаган ва қадимий шаҳарни кўриш илинжида шаҳарда 7 ой қолиб кетган.

“Мен ҳар кун эрталаб югуришга чиқаман ва узоқда Мачу-Пикчуни кўраман. Мен у ерга ҳеч қачон боролмасам керак деб ўйлардим. Бироқ ростини айтсам, бундан унча хафа ҳам бўлмасдим, чунки бу ерда ажойиб вақт ўтказдим”, деб айтиб берган ўзи билан юз берган воқеани Катаяма.

CNN телеканалининг хабар беришича, япониялик ватанида бокс бўйича мураббий бўлган. У ўзга юртда узоқ вақт қолиб кетгани сабабли “ўша ерлик”ка айланиб кетган ва маҳаллий болалар учун боксдан машғулотлар ўтказган. Сайёҳнинг пуллари тугай бошлагандан кейин у орзуси ушалмаганига тан бериб, ватанига қайтиш тараддудига тушган. Бироқ бундан олдин у маҳаллий туристик компанияга мурожаат қилиб, ўзи билан юз берган воқеани сўзлаб берган. 

Перу маданият вазирлиги японияликка пешвоз чиқиб, унга қадимий шаҳарга кириш учун махсус рухсатнома олишида ёрдам берган. Шундан кейин Катаяманинг орзуси ушалиб, у ЮНЕСКО жаҳон мероси объекти ҳисобланувчи шаҳарга 7 ой ичида ташриф буюрган биринчи сайёҳга айланган. Унга икки фотосуратчи ва Мачу-Пикчу боғи раҳбари ҳамроҳлик қилган.

XV асрда инклар томонидан тоғлар орасида барпо этилган Мачу-Пикчу пандемия сабабли ҳамон сайёҳлар учун ёпиқ қолмоқда. Бироқ маҳаллий ҳукумат уни ноябрдан очишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид