Жаҳон | 22:00 / 14.10.2020
21076
12 дақиқада ўқилади

Лукашенко ҳибсхонада мухолифатчилар билан учрашди. Энди нима бўлади?

Беларусда намойишчилар ғалаба ҳақида гапира бошлашди. Бежиз эмас: Лукашенко ҳибсхонада бўлса ҳам мухолифат вакиллари билан учрашди, Светлана Тихановскаяга турмуш ўртоғига қўнғироқ қилишга рухсат берилди, бир қанча хорижий журналистларга мамлакатда ишлаш учун аккредитация тақдим этилди, Лукашенко конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича иш олиб бориш учун халқ йиғилиши сайловларини эълон қилди. Хўш, аслида вазият қандай?

JONNY PICKUP/GETTY IMAGES

Лукашенконинг тергов ҳибсхонасида мухолифат вакиллари билан учрашгани катта воқелик бўлди. Ахир мамлакатда сиёсий маҳбуслар йўқ деб туришган бир вақтда президент улар билан ҳибсхонада учрашди. Улар орасида президентликка собиқ даъвогарлар Виктор Бабарико ва Сергей Тихановский ҳам бор эди. Шундан сўнг, ушбу учрашувда иштирок этган PandaDoc компанияси директори Дмитрий Рабцевич ва сиёсатшунос Юрий Воскресенскийни озод қилишди ҳам.

Лукашенко мухолифат вакиллари билан ҳибсхонага келиб учрашув ўтказганига қарамай, мамлакат хавфсизлик кучлари якшанба ва душанба кунлари норозилик намойишига чиққан одамларга нисбатан яна қаттиққўллик билан муносабатда бўлишди. Юзлаб одамлар ҳибсга олинди. Учрашув фонида Беларусь ички ишлар вазири ўринбосари намойишчилар радикаллашаётгани ва полициячилар керак бўлса ўқ отишга тайёрлигини айтди.

ОАВ Александр Лукашенко намойишларни тўхтатиш учун мухолифат билан учрашиб музокара олиб боришга қарор қилганини тахмин қилмоқда. Аммо шундаймикин?

Ҳибсхонадаги конституция музокараси
10 октябрь куни Александр Лукашенко Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитасининг (КГБ) тергов изоляторига келди ва бир гуруҳ мухолифат аъзолари билан (улар орасида президентликка номзодини қўйган Виктор Бабарико ва Сергей Тихановский ҳам бор эди) бир стол атрофида ўтириб музокара ўтказди.

Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу музокарада бошқа тергов ҳибсхонасида сақланаётган Беларусь мухолифати мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси Мария Колесникова ҳам қатнашиши лозим бўлган. Аммо Колесникова Лукашенко билан учрашишдан бош тортган.

«Эхо Москва» радиосидаги чиқишида Колесникованинг адвокати Александр Пильченко вазиятни шундай изоҳлади: «Улар Мария Колесниковага ҳам ушбу музокарада қатнашиш таклифи билан келишди. Мария вазиятга жиддий қарайдиган қиз, бу афтидан уларни бироз хавотирга солди. У «Хўш, энди нимани муҳокама қилиш мумкин? Бир ярим ой олдин биз буларнинг барчасини тўхтатишни таклиф қилдик, аммо улар эшитишни хоҳлашмади. Ҳозир аксариятимиз қамоқдамиз ёки мамлакатдан чиқариб юборилганмиз. Энди нима ҳақда гаплашишимиз мумкин?».

Беш соатга яқин давом этган музокарада нимани гаплашишгани ҳақида жуда кам маълумот бор. «БелТА» давлат ахборот агентлиги Лукашенко томонидан айтилган гапларнинг бир қисмини кўрсатди. Намойиш этилган кадрда Лукашенко шундай деган: «Мамлакат мулоқот қилайлик, шиори остида яшаяпти. Тарафдорларингизнинг танқидларига асосланиб, барча масалалар бўйича энг радикал таклифлар бериляпти деб ўйлардим. Сиз фақат конституцияни ўзгартириш таклифи билан чекланиб қолмаслигингиз керак. Аксариятингиз ҳуқуқшуноссиз, шуни яхши тушунишингиз керак, конституцияни кўчада қайта ёзиб бўлмайди. Мен бу масалага кенгроқ назар ташлайман ва нафақат сизнинг тарафдорларингизни, балки бутун жамиятни муаммога ҳар томонлама қараш кераклигига ишонтиришга ҳаракат қиламан».

«БелТА»га кўра, муҳокама қатнашчилари сиёсат ва иқтисодиётни муҳокама қилишган, аммо «умумий қарор билан тафсилотлар сир сақланиб қолган».

«Дима, ташкиллаштир»
Адвокат Антон Гашинский душанба куни эрталаб у ўзининг мижози, учрашувда иштирок этган сиёсий таҳлилчи Виталий Шкляров билан учрашувдан сўнг Лукашенко ва сиёсий маҳбуслар ўртасидаги учрашувда нималар муҳокама қилингани ҳақида гапириб берди. Адвокатнинг сўзларига кўра, тахминан беш соат давом этган тергов ҳибсхонасидаги учрашувда суҳбат Беларуснинг келажаги, норозилик намойишлари ва конституциявий ислоҳотлар ҳақида бўлган.

«Мен Виталийни атиги бир неча дақиқа кўрдим, аммо содир бўлган ҳамма нарса унинг учун кутилмаган ҳолат бўлгани аниқ. У суҳбат жуда очиқ кечишини ва президент билан юзма-юз баҳслашиш имкони бўлишини кутмаганди. Бу уч ой ичида одамларнинг биринчи дам олиш куни бўлди. Учрашувдан сўнг, хайрлашиш пайтида Виталий президент билан қўл бериб кўришганида, у узоқ вақт ювинмаганидан шикоят қилди. Шунда Лукашенко қўриқчиларидан бирига «Дима, ташкиллаштир», деди. Улар қаердаги ҳаммомда бўлишганини Виталий билмайди. Фақат, уларнинг ҳаммасини ҳаммомга қўриқчиларсиз олиб боришган. Сиёсий маҳбусларга тинчгина ювиниш ва бир-бирлари билан мулоқот қилиш имконияти берилган», деган адвокат.

Антон Гашинский Лукашенко маъмурияти учрашув иштирокчилари тақдири тўғрисида қарор қабул қилганига амин: «Бу учрашув ижобий мулоқотнинг бошланишига ишора бўлиб туюляпти. Аммо ҳаракатдан тўхтаб қолмаслик керак. Эришилган ютуқлар билан тўхтаб қолишга ҳали эрта. Мамлакат президенти учун бундай ҳолат илгари ҳеч қачон содир бўлмаган. Ахир у сиёсий маҳбуслар деб тан олинган инсонлар билан суҳбатлашиш учун келди. Шу пайтгача Беларусда сиёсий маҳбусларнинг борлиги ҳукумат томонидан мутлақо инкор қилинарди».

Шахсан Лукашенконинг ташрифига қарамасдан, йиғилиш иштирокчиларининг аксарияти ҳануз қамоқда қолмоқда. Аммо тўсатдан икки маҳбус – PandaDoc компанияси директори Дмитрий Рабцевич ва Бабариконинг ташаббус гуруҳи аъзоси, сиёсатшунос Юрий Воскресенский озод қилинди.

PandaDoc директорини қўйиб юборишгани билан унинг бир қанча ходимлари катта миқдордаги фирибгарликда айбланиб ҳибсда қолмоқда.

«Биз қўлни қўлга беришимиз керак»
Дмитрий Рабцевичнинг адвокати Екатерина Петрович BBC билан суҳбатда унинг мижозини қандай асосга кўра ҳибсдан озод қилишганини билмаслигини айтди. Бу Лукашенконинг ҳибсхонага ташрифи билан боғлиқлиги ҳам аниқ эмас. Рабцевич ҳозирда озодликда бўлишига қарамай, ҳамон дастлабки тергов сирларини ошкор қилмаслик учун назорат остида қоляпти.

«Мен фақат Дмитрийнинг манфаатларини ҳимоя қиламан. Ҳозирча бошқалар ҳақида (PandaDoc компаниясининг ҳибсда қолаётган бошқа ходимларини назарда тутяпти) ҳеч қандай янгилик йўқ. Биз бошқа ходимларни ҳам ҳибсдан озод қилиш эҳтимоли борлигини истисно этмаймиз. Бу яқин келажакда содир бўлишига умид қиламиз», деди адвокат Петрович.

BBC Воскресенский ва Рабцевич билан гаплаша олмади. Аммо улар ҳибсдан озод этилгандан кейин билдирган қисқа мулоҳазалари давлатга қарашли «Беларусь 1» телеканали томонидан ёзиб олиниб эфирга узатилган.

Воскресенский ўз мулоҳазасида Лукашенко сиёсий маҳбуслар билан учрашувда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлашни буюрганини айтган. Шунингдек, Лукашенко маҳбусларга «мамлакат учун ижтимоий хавфли бўлмаган бир қатор одамларни озод қилиш бўйича расмийларнинг кейинги қадамлари тўғрисида» ўз позициясини шакллантириши кераклигини айтган. Мулоҳазаси сўнгида озод қилинган ҳар икки мухолифатчи ҳам барчани ажаблантириб эфирда Александр Лукашенкони мақтаган.

Рабцевич барча шарт-шароитлар яратилган, юқори технологиялар паркида бизнесни давом эттиришини айтди. Юрий Воскресенский эса ҳатто томонлар (яъни, мухолифат вакиллари ва Лукашенко) ярашиш учун қўлни қўлга бериб, бир-бирига қараб қучоқ очиши кераклиги ҳақида гапирган.

BBC билан суҳбатда Юрий Воскресенскийнинг рафиқаси, эрининг тергов ҳибсхонасидан озод қилинишига унинг давлат канали журналистларига берган интервьюси сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтган.

«У интервьюда ўз позициясини батафсилроқ баён қилди ва ҳукумат ҳамда жамиятни ўзаро мулоқотга чақирди. Унинг гаплари эҳтимол президентга ёққан. Яна Юрий сиёсатшунос сифатида рангли инқилобларнинг моҳияти ҳақида гапирди. У барча аҳоли қатламларининг истакларини ҳисобга олиш кераклигини, Беларусда ҳокимият томонидан эшитилмаган муаммолар қатлами пайдо бўлганини айтди. Юрий сиёсий маҳбуслар ҳақида гапириб, беш нафар инсоннинг исмини айтиб, уларни зудлик билан озод қилиш лозимлигини таъкидлади. Улар орасида Бабарико, Тихановский ва Статкевич бор эди. У сиёсий инқирозни ҳал қилиш учун умумий нуқталарни топишга қаратилган конструктив позициясини билдирди», деган Воскресенскийнинг рафиқаси.

Эвазига...?
«Откритие медиа» нашри Беларуснинг юқори давлат тузилмаларидаги манбаларига асосланиб маълум қилишича, Лукашенко тергов ҳибсхонасидаги йиғилиш пайтида мухолифатга битим таклиф қилган. Унга кўра, кўча норозиликлари ва иш ташлашларни тўхтатиш эвазига мухолифатчилар озод қилинади. Шундан сўнг, улар бўлажак комиссияга қўшилиб янги конституция устида ишлайди. BBC бу маълумотни тасдиқлай олмади.

«Юрий бундай шартга кўнмайди. Мен бундай бўлиши мумкинлигига шубҳа қиламан. КГБ тергов ҳибсхонасида ўтирган одамлар кўча намойишларини қандай қилиб тўхтатиши мумкин? Мен расмийлар бу ишга рози бўлади деб ўйламайман. Лукашенко бундай таклифларни айтадиган одам эмас», дейди Алеся Воскресенская.

Суҳбатни якунлар экан, Воскресенская эрининг давлат каналига берган интервьюсидан кейин одамлар уни қаттиқ танқид қилишганига гувоҳ бўлганини қўшимча қилди: «Одамлар Беларуснинг энг оғир қамоқхонасида ушлаб турилганларни танқид қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини тушунишлари керак. Томонларни келишувга ва давлат каналларида сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирадиган одамни танқид қилиш шунчаки ахлоқсизлик. Эримга қарши қилинган ҳужумлар одамларда билим ва вазиятга тўғри баҳо бериш маданиятининг етишмаслиги аломатидир».

Муваққат кенгашнинг хорижда яшаётган аъзоси Павел Латушко бўлиб ўтган воқеаларни қуйидагича изоҳлайди: «Қамоқда ўтирганлар билан мулоқот – бу ўз кучсизлигингни тан олишдир. Лукашенконинг битта сўзига ёки ишига ишонманг! У сиёсий маҳбусларни музокаралар столига йиғди. Ушбу тадбир Беларусда сиёсий маҳбуслар борлигининг тан олиниши ва бу энди расмийларга жиддий ноқулайликлар туғдиради».

Сиёсий таҳлилчи Артем Шрайбман изоляторда ўтказилган давра суҳбатидан кейин шундай деди: «Оёғига мустаҳкам турган давлат раҳбари ҳеч қачон ўзи жиноятчи деб атаганлар билан ҳибсхонага келиб музокара ўтказмайди».

Беларуслик таҳлилчи Юрий Чаусовнинг айтишича, сўнгги кунлардаги воқеаларни сиёсий либерализм ёки Лукашенко ҳокимиятининг қаттиқ тактикадан чекиниши деб ҳисоблашга эрта. У 13 ва 14 август кунлари, намойишларда ҳибсга олинганларнинг аксарияти Окрестин кўчасидаги ҳибсхонадан озод қилинганида, кўпчилик Беларусда режим орқага чекинмоқда деб ўйлаганини, лекин аслида бундай бўлмаганини эслатди.

«Намойишлар ташкилотчилари намойишчиларга ғалаба яқинлигини уқтирмоқда. Чунки инқилоблар ғалабадан ғалабага ўтиши керак. Шунинг учун Лукашенконинг сиёсий маҳбуслар билан музокараси ғалаба сифатида тақдим этиляпти. Уларга кўра, намойишчиларнинг босими остида режим сиёсий раҳбарлар билан музокараларни бошлади. Аммо ишонинг, буларнинг барчаси Лукашенконинг ўйини ҳисобланади. Шунчаки, Лукашенко автозак (ҳибсга олинганларни ташийдиган машина) ва бошқа зирҳли транспортлар воситасида ҳокимиятни ушлаб қололмаслигини тушуняпти. Шунинг учун ҳам Беларусда конституциявий ислоҳотлар вазиятни ўнглаши ҳақида тарғибот олиб боряпти», деди Чаусов. Унинг фикрига кўра, конституциявий ислоҳот ўтказилиши фақатгина ҳокимиятнинг тарғибот механизмларидан бири бўлади.

«Айримларни тергов ҳибсхонасидан қандай озод қилинганини кўринг. Лукашенконинг фикрига кўра, конституциявий ислоҳот бўйича таклиф қабул қилинганини намойиш эта оладиган одамлар танланган. Бабарико ҳали озод қилинмади, Тихановский ҳам озод қилинмади», дейди Чаусов.

Сиёсатшуноснинг фикрича, Александр Лукашенко қамчи ва тасма услубидан фойдаланяпти: «Қамчи кўчаларда, тасма эса виртуал ҳолда. Лукашенконинг ғояси, гарчи музокара столи панжара ортида бўлса ҳам, ҳатто қасамёд қилган мухолифлар ҳам музокара қилишга тайёрлигини кенг жамоатчиликка кўрсатмоқчи».

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид