Жаҳон | 15:44 / 15.10.2020
7801
1 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Навальнийнинг заҳарланиши ортидан 6 нафар россиялик амалдорга қарши санкциялар жорий қилди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников, РФ президенти администрацияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко ва яна 4 нафар россиялик мансабдор мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ортидан Евроиттифоқнинг қора рўйхатига тушди. Бу ҳақда ЕИ кенгаши қарорида айтилган, дея хабар бермоқда ТАСС.

Фото: Reuters

Шунингдек, санкцияга тушганлар рўйхатига Россия давлат органик кимё ва технология илмий-тадқиқот институти ҳам киритилган. Маълум қилинишича, Евроиттифоқ тадбиркорларига ушбу ташкилотни қўллаб-қувватлаш тақиқланган.

«Шахсий чеклов чоралари Россия ФХХ директори Александр Бортников, Россия президенти администрацияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, президент администрация ички сиёсат бўлими мудири Андрей Ярин, мудофаа вазирининг икки нафар ўринбосари: Алексей Криворучко ва Павел Попов ҳамда Россия президентининг Сибир федерал округидаги мухтор вакили Сергей Меняйлога нисбатан жорий қилинди» – дейилади ҳужжатда.

Санкция жорий этилган россиялик мансабдорларга нисбатан Евроиттифоқ ҳудудига киришни тақиқлаш ҳамда уларнинг Европа банкларидаги молиявий активларини музлатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид