Ўзбекистон | 20:49 / 19.10.2020
49109
5 дақиқада ўқилади

Бозорда гўшт нархи расман — 60 минг сўм, аммо раста ости савдолар бошланган

18 октябрдан бошлаб, бозор ва савдо расталарида гўшт нархи 60 минг сўмгача нархланмоқда. Аммо лаҳм ва сара гўшт турлари савдода йўқ, шунингдек, айрим нуқталарда раста остидан савдо қилиш бошланган.

Айни пайтда прокуратура органлари ходимлари ҳамда туман сектор раҳбарлари бозордаги нарх-навони барқарорлаштириш мақсадида фаол ўрганишлар бошлангани хабар қилинмоқда.

16 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинганди.

«Бугундан барча чораларни кўриб, амалдаги тизимни ўзгартирмасак, эртага қиш ва баҳор ойларида қийин бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилсак, одамларни, айниқса, кам таъминланганларни рози қила оламиз», — деган Шавкат Мирзиёев.

Тошкент шаҳар прокуратурасининг Kun.uz’га маълум қилишича, видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида шаҳарнинг турли нуқталарида 11 турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига ихтисослашган 13та ярмарка ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли яшаш жойига яқин ҳудудларда ярмарка филиаллари ташкил этилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, йирик савдо тармоқлари ва марказий деҳқон бозор растасида ҳам гўшт нархи 60 минг сўмгача белгиланган. Аммо уларда сара ва лаҳм гўшт сотувга қўйилмаган. Ваҳоланки, 17 октябрга қадар расталарда 70-85 минг сўм нарх оралиғида сара ва лаҳм гўшт сотилганди. Бозор ва тармоқ маъмуриятлари мазкур ҳолат юзасидан расман изоҳ бермади.

Kun.uz мухбирининг 19 октябрдаги мустақил кузатуви ва ўрганишидан маълум бўлдики, ярмаркада харид ҳажми чекланган. Масалан, бир нафар харидорга ярмарка нархида кўп ҳажмда маҳсулот сотилмаяпти. Шунингдек, таклиф этилаётган ўсимлик ёғи ва гўшт бўйича кенг танлов имконияти мавжуд эмас.

Республиканинг айрим туман ва шаҳарларида гўшт нархи 60 минг сўмдан қуйида бўлган ва ушбу нарх ҳали ўзгармагани кузатилди. Kun.uz мухбирининг билдиришича, Самарқанд вилояти Ургут тумани марказий деҳқон бозоридаги савдо дўконларида гўшт нархи ўртача 55 минг сўм этиб белгиланган.

Фермер Иззат Муталовнинг Kun.uz’га билдиришича, куз мавсуми бошланиши билан Тошкент бозорларида расмийларнинг нарх-навони ўрганиш важи билан ўтказган тадбирлари гўшт нархи ошишига қисман таъсир қилди.

«Бу психологик эффект ёки бозорнинг муносабати дейилади. Маълумки, мамлакатимиздаги мол-қўйнинг асосий қисми аҳоли хонадонида боқилади. Чекка ҳудудларда аҳоли бўш маблағини мол-қўйга тикиб, ҳайвон боқади ва сотади. Назорат тадбирлари бошланганини гўшт етказиб берувчилар салбий қабул қилди ҳамда вазият барқарорлашгунча мол-қўйни сўймади. Оқибатда қисқа муддатда гўшт тақчиллиги кузатилди ва нарх ошди. Демак, давлатнинг иқтисодиётга бу кўринишда аралашувига бозор ўзича жавоб қилишини инобатга олиш керак», — дейди у.

Молиячи Отабек Бакиров гарчи гўшт нархини назоратга олиш чора-тадбирлари тез орада ўтиб кетишига умид боғласа-да, ўтган муддат ўз таъсирини ўтказмай қолмаслигини айтиб ўтди: фермерлар, таъминотчилар, савдо тармоқлари ва қассоблар айни йўқотишлар ва келажакда ҳам эҳтимолий рискларини гўшт нархига қўшади.

Kun.uz билан суҳбатлашган қассобнинг билдиришича, чорва учун ем нархи ошиши, ер йўқлиги, наслчилик ва бўрдоқичиликдаги муаммолар, солиқ ва бошқа тўловларнинг юқори ставкада белгилангани гўшт нархига таъсир қилади.

«Масалан, импорт ўсимлик ёғига ҚҚС бекор қилиниши билан маҳаллий ишлаб чиқарувчига зарур хомашёдан қўшилган қиймат солиғи олиниши чорва ва паррандачиликда ҳам акс-садо беряпти. Негаки, ёғ-мой ишлаб чиқарувчилар кунгабоқар қолдиқларини (шрот) чорва ва паррандачилик фермаларига сотади. Айни пайтда шрот нархи ошиб кетиши мумкин, буни товуқ гўшти, тухум ва чорва гўштига бевосита таъсири бор. Импорт қилинаётган шрот нархи ҳам шунга монанд ўсади», — дея вазиятни изоҳлади қассоб.

Гўшт нархида тебранишлар пайдо бўлганига қарамай, тухум ва ўсимлик ёғи нархи эркин бозорда ўсиб боряпти. Масалан, тухумнинг бир донаси пойтахтдаги савдо дўконлари тармоғида 1650 сўмгача, Сурхондарё вилояти Денов туманида 2 минг сўмгача баҳоланган. Бунга паррандачалик фермалари 1 октябрдан буён ҚҚС имтиёзидан маҳрум бўлгани ва шрот нархи ўсиб кетиши билан изоҳланяпти.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид