Ўзбекистон | 18:34 / 20.10.2020
6177
4 дақиқада ўқилади

Дорилар ўз ўрни ва вақтида қўлланса фойдали – мутахассис

Ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясини даволашда «Гидроксихлорохин», «Ремдесивир» препаратлари ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Уларнинг вирусни даволашда фойдаси борми? Қандай беморларга, касалликнинг қай даражасида қўллаш тавсия этилади? Бу саволларга ССВ Матбуот хизмати вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаевдан жавоб олди.  

«Дунёда коронавирусдан зарарланганлар сони тобора ортиб бормоқда. Ҳануз вирусни тўлиқ бартараф этувчи дори воситаси яратилгани йўқ. Аммо шифокорлар, дунё олимлари ўз илмий изланиш ва тадқиқотларида вирусни даволашда қўлланадиган ёндош дори воситалари комплекси билан инсонларнинг саломатлигини тиклашга ҳаракат қилишмоқда.

Маълумки, ҳудудларнинг иқлим шароити, аҳолисининг яшаш тарзи, қон гуруҳлари ва бошқа омиллар турлича бўлгани сабабли инфекция ҳар бир ҳудудда ўзгача мутацияга учраб, турли кўринишларда намоён бўлмоқда. Шу боис ҳам бир мамлакатда фойдали деб топилган дори воситаси бошқасида самара бермаслиги мумкин. Бу эса вирусдан даволаниш бўйича турлича кўрсатма ва тавсиялар пайдо бўлишига сабаб бўлиб, одамлар орасида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Масалан, айрим мамлакатларда «Гидроксихлорохин» дориси вирусни даволашда самара бермаётгани айтилмоқда. Аммо бу дори воситаси Ўзбекистон ҳудудидаги вирус штаммини даволашда ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда. Бизга маълумки, вирус инсон организмига кирган пайтда нафас йўлининг юқори қисмида ўртача 4 кун давомида сақланиб туради. «Гидроксихлорохин» касалликнинг айни мана шу даврида ўзининг юқори самарадорлигини намойиш этади. Аммо вирус ўпкага етиб борганидан сўнг «Гидроксихлорохин» фойда бермайди. Шу сабабдан ҳам касалликнинг бошланғич даврида ушбу препаратни қўллаш фойда бермоқда.

Дунё олимлари, хусусан, Марсель университети изланувчилари коронавирусни ушбу препарат ёрдамида ва уни ишлатмасдан беморларни даволаб кўрди. Касалликнинг илк кунларида «Гидроксихлорохин» дорисини қабул қилган беморларнинг олти нафаридан беш нафари 6-7 кунда соғайди. Аксинча, «Гидроксихлорохин» берилмаган беморларнинг аҳволи эса 14-20 кунгача яхшиланмади. Тажрибадан ҳам кўриниб турибдики, ушбу дори воситаси касалликнинг илк кунларида қўлланганда, 83 фоиз ҳолатда самарадорлиги кўринмоқда.

Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, ҳар қандай дори воситасининг инсон организмига таъсири унинг ёши, жинси, ирқи, қон гуруҳи қандай эканига ҳам боғлиқ. Шунингдек, препаратларнинг даволовчи хусусияти бўлгани каби салбий таъсири ҳам йўқ эмас.

Шунинг учун ҳам COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларнинг 7-нашрида бу дори воситаси касалликнинг илк босқичида 5 кун берилиши, 65 ёшдан катта ва юрак қон томир касалликлари билан оғриган беморлар, болалар ҳамда ҳомиладор аёлларга «Гидроксихлорохин» тавсия қилинмаслиги қайд этилган.

«Ремдесивир» препаратига келадиган бўлсак, у касалликнинг илк босқичида қўлланмайди. Уй шароитида бу доридан фойдаланиш фақатгина зарар келтиради. Ушбу препарат шифокорнинг тўлиқ назорати остида касалликнинг ўрта оғир ва оғир даражасида берилсагина ўзининг ижобий самарасини кўрсатади. «Ремдесивир» вирусга қарши дори воситаси даволаш муолажалари даврида ижобий натижа бериб, даволаш кунлари қисқармоқда, беморлар аҳволи сезиларли даражада яхшиланмоқда.

Ушбу дори воситаларини самара бермайди, деганлар уни ўз ўрни ва вақтида, тўғри қўлламаётган беморлар ҳисобланади. Чунки бошқа мамлакатлар мутахассислари қаторида ўзбек олимлари томонидан ҳам бу дориларни самарали экани исботланган ва ундан фойдаланиш бўйича асосий кўрсатмалар бериб ўтилган. Шу боис ҳам коронавирус инфекциясидан даволанаётганда доимий равишда шифокор назоратида бўлиб туриш керак», деган мутахассис.

Мавзуга оид