Ўзбекистон | 17:14 / 23.10.2020
62052
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирус билан қайта зарарланиш ҳолатлари кузатилаётгани маълум қилинди

Наргиза Нуруллаева

Ўзбекистонда COVID-19ни такроран юқтириб олиш ҳолатлари мавжуд, деб маълум қилди ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева.

«COVID-19 – бу янги инфекция. Организмда бу вирусга қарши антитанача ишлаб чиқарилади. Аммо антитаначалар қанчалик чидамли, қайта зарарланиш мумкинми ва бу ҳолат қанча муддат давомида юз бериши аниқ эмас. Ҳозирги кунда бу муаммо ўрганиб борилмоқда.

Бугунги кунда республикамизда коронавирус билан қайта зарарланиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Биз қайта зарарланиш ҳолатлари кузатилиши мумкинлигига илмий томонлама амин бўлишимиз лозим», – деди штаб аъзоси 23 октябрдаги брифингда.

У бир марталик қўлқопларни дезинфекция қилиш ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам қўлқопларни дезинфекция қилиш ярамайди. Дезинфекцияловчи воситалар қўлқоплар юзасини бузиб, ундан вирус ва бактерияларнинг ичкарига ўтишига олиб келади.

Бундан ташқари, қўлқопларни кийишдан аввал, айниқса қўлларингизни дезинфекция қилган бўлсангиз, уларнинг тўлиқ қуруқлигига амин бўлишингиз керак. Агар қўлларингиз спирт сақловчи воситалар билан нам ҳолатда бўлса, қўлқопларни кийиш жараёнида улар осон йиртилишига олиб келиши мумкин», – деди Наргиза Нуруллаева.

Брифингда фуқаронинг: «Ўпкани 56 фоиз зарарлаган пневмония хавфли эмасми? 18 кун врач назоратида барча даволаш дориларни олдим. Қандай маслаҳат берасиз?» – деган саволига жавоб бериб ўтилди.

«Агар сиз 18 кун давомида коронавирус пневмониясига даво олган бўлсангиз ва даводан аввалги текширув натижаси 56 фоизни кўрсатган бўлса, бу ҳолатда МСКТ текширувини қайта ўтказишга зарурат йўқ. Сиз эндиликда реабилитация чора-тадбирлари билан шуғулланишингиз зарур.

Агар 56 фоиз зарарланиш даволанишдан сўнг аниқланган бўлса, у ҳолда сиз зудлик билан шифокорга мурожаат қилишингиз ва лозим бўлганда стационар даво олишингиз керак», – деди штаб аъзоси.

Мавзуга оид