Жамият | 17:13 / 26.10.2020
13706
1 дақиқада ўқилади

М-39 йўлининг Самарқанд тумани ҳудудидан ўтган қисми вақтинчалик ёпилмоқда

Самарқанд вилоятининг Самарқанд тумани ҳудудидаги байдарка ва каноэда эшкак эшиш канали яқинида кўприк қурилаётгани сабабли М-39 автомобиль йўли вақтинча ёпилмоқда.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати маълум қилишича, халқаро аҳамиятга эга бўлган ушбу йўлда автомобилларнинг ҳаракатланиши айланма йўл орқали ташкил этиляпти. Айланма йўлда ҳаракатланиш пайтида ҳайдовчилар учун қулай бўлиши ва ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши учун йўлнинг ўртасига ҳимоя тўсиқлари ўрнатилган. 

Йўлнинг ёпилган қисмига етмасдан огоҳлантириш белгилари ва тунда ёниб-ўчадиган йўл белгилари ўрнатилган.

«Ҳайдовчилардан йўлнинг ушбу қисмида ҳушёр бўлиб, тезликни оширмасдан ҳаракатланишларини сўраб қоламиз», дейилади вилоят ИИБ ЙҲХБ хабарида.

Маълумот учун, М-39 халқаро йўлининг мазкур қисмидан Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва қисман Самарқанд вилояти аҳолиси пойтахт ҳамда водий вилоятларига боришда фойдаланади.

Мавзуга оид