Ўзбекистонда ишсизлик нафақаси олувчилар сони маълум қилинди
2020 йилнинг 9 ойида 60 мингга яқин ўзбекистонликка ишсизлик нафақаси тўланган, 500 мингдан ортиқ ишсиз фуқаро жамоат ишларига жалб этилган. Мамлакатдаги жами ишсизлар сони эса, 1-ярим йиллик якунлари бўйича, 1,9 млн кишини ташкил этган.
2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда 60 мингга яқин фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Вазирлик вакили ишсизлик даражаси ҳақида гапирар экан, 3-чорак натижалари 1-2 ҳафтада эълон қилинишини айтиб, биринчи ярим йилликда ишсизлик 13,2 фоизни ташкил этгани, яъни 2 миллионга яқин фуқаро ишга муҳтож деб ҳисобланганини қайд этди.
«9 ой давомида Ўзбекистонда 60 мингга яқин фуқаро ишсиз деб эътироф этилган ва уларга ишсизлик нафақаси тайинланган.
Шу билан бирга, жамоат ишларини ҳам айтиб ўтиш керак. Яъни иш сўраб мурожаат қилган фуқароларни ижтимоий йўналтирилган меҳнатга жалб қилиш учун ҳам фонд (Бандликка кўмаклашиш жамғармаси – таҳр.) маблағларидан самарали фойдаланамиз. Сабаби, ишсизлик нафақаси берсак ҳам бўлади, ёки ишсиз фуқароларга ўзларига маъқул соҳада ё уйига яқин жойда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилсак ҳам бўлади.
Бу йил биз кўпроқ жамоат ишларига жалб қилишга асосий урғу бердик. 500 мингдан ортиқ ишсиз фуқароларни жамоат ишларига жалб қилдик, уларга 450 миллиард сўмга яқин маблағ тўлаб бердик», – деди Темур Маҳмудов 28 октябрь куни АОКАдаги матбуот анжуманида.
Ишсизлик нафақаси кимларга тўланади?
Меҳнат кодексига кўра, ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсга, у иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кундан эътиборан тайинланади.
Агар ишсиз фуқаро 35 ёшга тўлмаган эркак бўлиб, унинг қарамоғидагилар сони 3 нафаргача бўлса, у ишсизлик нафақаси олиш учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларида белгиланган тартибда иштирок этиши талаб этилади.
Аввалроқ, ишсизлик нафақаси олиш учун сўраладиган ҳужжатлар сони 8тадан 3тага қисқартирилгани маълум қилинганди. Талабгорлар бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилади.
Ишсизлик нафақаси миқдори қанча?
Ўтган ҳафта «Аҳоли бандлиги тўғрисида» қонун қабул қилинди. 3 ойдан кейин кучга кирадиган қонунга асосан, ишсизлик нафақалари қуйидаги миқдорларда оширилади:
- ишдан ва иш ҳақидан сўнгги 12 ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга – аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (679 330 сўм)дан оз бўлмаган миқдорда (амалдагиси – МҲЭКМнинг 35,2 фоизидан оз бўлмаган миқдорда);
- ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган ҳамда узоқ (12 ойдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга – МҲЭКМнинг 1 баравари миқдорида (амалдагиси – МҲЭКМнинг 26,5 ва 35,2 фоизидан оз бўлмаган миқдорларда);
- илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга – МҲЭКМнинг камида 75 фоизи миқдорида (амалдагиси – МҲЭКМнинг камида 26,5 фоизи миқдорида). Иш стажини ҳужжат билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган шахсларга ҳам шу миқдорда нафақа тўланади.
Ишсизлик нафақаси бир йилда кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланади.
Мавзуга оид
18:59 / 26.11.2024
Суринам нефт даромадларини фуқаролар билан баҳам кўради
11:33 / 23.11.2024
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жойлаштиришнинг муқобил шакллари жорий этилмоқда
12:19 / 22.11.2024
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
07:50 / 02.11.2024