«Кунига 35 миллионгача пулни ечиб олишяпти» — Ўзбекистонда фирибгарликнинг янги турлари пайдо бўлди
2020 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятлари сони бир йил олдингига қараганда икки баробарга кўпайиб, олти ойда 3881 тани ташкил этди. Технологиялар ривожлангани сари фирибгарликнинг янгидан янги турлари пайдо бўлмоқда.
Kun.uz ушбу долзарб мавзуда курьерлик фирмаси раҳбари Азамат Абдуллаев, OLX.uz сайти раҳбари Дониёр Турғунов билан суҳбатлашди.
«Бир кунда 20–35 миллион сўм фирибгарлик йўли билан ўғирланмоқда»
Азамат Абдуллаев раҳбарлик қилаётган курьерлик фирмаси 3 йилдан буён Ўзбекистон ҳудудида етказиб бериш хизматларини кўрсатиб келади, хизмат интернетда ўз сайтига эга. Унинг айтишича, бир неча кун олдин фирибгарлар тузоғига тушган кўплаб фуқаролар фирмага мурожаат қила бошлаган.
«Айтайлик, сиз OLX.uz сайтидан товарингизни сотяпсиз. Фирибгар эса сизга алоқага чиқиб, картангиздан бор пулни ечиб оляпти. Aслида, сизга пул ўтказиши керак. Масалан, сиз телефон сотяпсиз. Фирибгар сизга алоқага чиқади. Энг қизиғи, улар фақат Telegram'дан алоқага чиқишади. Telegram орқали алоқага чиқилганда фирибгарлар телефон рақамини кўришнинг иложи бўлмайди. Улар сизнинг товарингиз ҳақида ҳамма маълумотларни сўрайди. Сиз, табиийки, уларга товарингиз ҳақида маълумот берасиз.
Кейинги ҳаракат пул олди-берди масаласи бўйича бўлади. Улар: «Мен тошкентлик эмасман, товарни етказиб беришни иложи борми?» деб сўрайди. Сотувчи агар етказиб бериш пулларини тўлаб беришса, фарқи йўқлигини, етказиб беришини айтади. Фирибгар етказиб бериш хизматига мурожаат бериб қўйишини, сотувчидан келиб олиб кетишини айтиб қўяди.
Шундан сўнг сотувчида пулни ким беради деган савол пайдо бўлади. Фирибгарлар пулни етказиб берувчи фирма беришини, фақат улардан авторизациядан ўтиш кераклигини айтади. Яъни: «Мен сени танимайман, пулни бериб юборсам, сен алдашинг мумкин. Шунинг учун етказиб берувчи фирма ўртада кафил бўлиб беради», – дейишади.
Фирибгарлар етказиб берувчи фирмага мурожаат қилганини айтади. Фирмамизнинг сайтига ўхшатиб ясалган сохта нусхасини беришади. Лекин у ерда маълумотлар ўзгартирилган ҳолатда берилган. Aсосийси, ҳаволалар бизнинг сайтга кетади. Aммо ўртадаги маълумот ўзгартирилган. Aйнан шу жойидан ҳаммаси бошланади. Товарнинг номи, маълумотлари ва фирибгар «ўтказган» маблағлар ҳақида маълумотлар берилади. Маълумотларга асосан яна бошқа ҳаволага кириш кераклиги айтилади. Товар юборувчи шу ҳавола орқали киради. Кўриб турибди: ҳамма маълумотлар тўғри. «Пулни қабул қилиш» деган жойини босади. Шундан сўнг янги саҳифага ўтилади.
Янги саҳифага ўтилаётганда фуқаролар бу бизнинг фирмамиз эмаслигига аҳамият беришмаяпти. Масалан, бизнинг сайтимиз «Fargo.uz» бўлса, у сал бошқачароқ қилиб ўзгартирилган бўлади. «Fargo.online» доменига йўналтириб юборилади. Сотувчи ушбу саҳифага киргандан сўнг унинг карта маълумотлари рақами, берилган вақти ва баланси сўралади.
Фирибгарлар сотувчига Fargo компаниясидан авторизациядан ўтиш, пул маблағини сотувчига етиб бориши учун картадаги бор маблағни кўрсатиш кераклигини айтишади. Ҳушёр сотувчилар бизга қўнғироқ қилишмоқда, ҳушёр бўлмагани эса картасидаги бор пулни кўрсатиб, «Получить деньги» тугмасини босади ва картадан пуллари ечиб олинади. Aгар картадаги пул кам ёки йўқ бўлса, улар бошқа йўлга ўтади.
Фирибгарлар сайт номини тез-тез ўзгартиришади. Чунки битта сайтни ушлаб туриш қизиқ эмас. Шунингдек, одамлар билиб қолмаслиги учун ҳам ўзгартириб туришади.
Фирибгарлар шу йўллар орқали фуқароларнинг кунига 20 млн.дан 35 млн.гача пулларини ечиб олишмоқда. Бу фирибгарлик компаниялари Россия ёки Украинада туриб ишлаётганини тахмин қиляпмиз», – дейди Азамат Абдуллаев.
«Махфий кодни юборишади ва шу орқали картангиздаги ҳамма маблағни ечиб олишади»
Фирибгарлар асосан интернет орқали олди-сотди қилинадиган сайтлар воситасида сотувчи ва харидорларни алдаб, уларнинг картасидаги пул маблағларни ечиб олишади. Энг оммабоп олди-сотди платформаларидан бири – OLX.uz сайти билан ҳам ана шундай фирибгарлик ҳолатлари кўп учраб туради. Сайт раҳбари Дониёр Турғунов буни тасдиқлаб, жараён ҳақида сўзлаб берди.
«Фуқаролар ўз нарсасини сотиш учун сайтга эълон беришади. Бироздан сўнг эълон бўйича харидор чиқади ва сизга ёзади. Сиз билан савдолашади. Шундан сўнг товар пулини юборганини, ҳисобни текшириб кўриш кераклигини айтиб, ҳавола юборишади.
Ҳавола фирибгарликнинг янги кўриниши бўлиб, ҳаволага улар сизнинг картангиздаги пулни ечиб оладиган тизимни ўрнатишган. Ҳаволага кирсангиз, бизнинг сайтга ўхшаш бўлади. Лекин бизга умуман алоқаси йўқ. Чунки бизда етказиб бериш хизмати йўқ. Иккинчидан, бизда карталарнинг маълумотлари сўралмайди. Умуман олганда, биз тўлов тизими эмасмиз.
Бу – фирибгарликнинг бир тури. Telegram'дан ёзишади. Ҳаволага кирасиз. Кирганингиздан кейин пулингизни ечиш учун карта рақамингизни сўрашади. Карта рақамини ёзганингиздан кейин ҳеч қандай пул кўринмайди. Кейин сотувчи пул йўқлигини, кўринмаётганини айтади. Шундан сўнг улар махфий кодни юборишади ва шу орқали картангиздаги ҳамма маблағни ечиб олишади», – дейди Дониёр Турғунов.
Юқоридаги иккала ҳолатда ҳам фуқаролар ҳушёр бўлмагани сабаб фирибгарлар бундан устамонлик билан фойдаланган. Шу сабабли банк картаси орқали онлайн операциялар бажаришда эътиборли бўлиш, карта ҳақидаги маълумотлар киритишдан олдин платформанинг ҳақиқийлигини текшириш, махфий кодларни ҳеч кимга бермаслик лозим.
Шубҳали ҳолат сезилдими, албатта, қўнғироқ қилиб, аниқлик киритиш талаб этилади. Чунки ечиб олинган маблағни қайтариб олиш, уни ким ечганини аниқлаш жуда қийин ва кўплаб ҳолатларда имконсиздир.
Хулоса
Пластик картадаги маблағларнинг ечиб олиниши кўп учрайдиган ҳолат. Аммо ҳайратланарли томони, интернетдаги айни бир хил фирибгарликдан бир эмас, бир неча марта алданаётган одамлар ҳам кўп. SMS тарзида келган махфий кодни бировга бергани оқибатида пулидан айрилган одамлар вақт ўтиб яна шу хатосини такрорлашлари ҳам кузатиляпти.
Фуқароларимизни яна бир бор огоҳликка чақирган ҳолда, мақола аввалида эслаб ўтилган факт – Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятлари бир йил ичида икки баробарга кўпайгани ҳақида мулоҳаза қилишга чорлаб қоламиз.
Раҳматилло Исроилов
Мавзуга оид
15:52 / 28.04.2023
Тошкентни сотиш ҳақидаги эълон муаллифи мактаб ўқувчиси экани маълум бўлди
18:45 / 21.11.2022
Алданиб қолманг: Telegram'да аҳолига пул тарқатилаётгани ҳақида ёлғон хабар айланиб юрибди
07:36 / 09.12.2021
Бухорода тадбиркорга банкдан 400 минг доллар кредит олишда ёрдам беришни ваъда қилган ССП ходими ушланди
17:39 / 06.12.2021