Жаҳон | 19:31 / 02.11.2020
21345
10 дақиқада ўқилади

АҚШ-2020: агар номзодлардан бири мағлубиятни тан олмаса нима бўлади?

АҚШда 3 ноябрь куни Дональд Трампнинг Оқ уйда қолиш-қолмаслиги ҳал бўлади. Республикачи президентга Демократик партия номзоди Жо Байден рақиблик қилмоқда. Ўтган асрнинг 70-йилларидан буён сиёсат билан машғул бўлган Байден Барак Обама ҳукуматида вице-президент эди.

Сайловчилар нега президентни тўғридан тўғри сайламайди?

АҚШда 200 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган икки босқичли сайлов тизими мавжуд.

Сайловда иштирок этувчи фуқаролар ўзлари рўйхатдан ўтган штатнинг Сайлов ҳайъатига юбориш учун делегатларни, делегатлар эса президент ва вице-президентни сайлайди.

Сайлов ҳайъатида 538 делегат бор. Ушбу кенгашда эса штатлар аҳолиси сонига кўра маълум миқдордаги делегатлар мавжуд.

Мэн ва Небраскадан ташқари барча штатларда сайловда ғолиб чиққан номзод барча делегатларни ютган ҳисобланади. Мэн ва Небраскада эса штат делегатлари номзодлар олган овозлар фоизига кўра тақсимланади.

Президент этиб сайланиш учун номзодлардан бири сайлов қўмитасида умумий ҳисобда энг камида 270 делегатга эга бўлган штатларда ғолиб чиқиши керак.

Делегатлар сони муҳим бўлгани боис амалда мамлакат бўйлаб энг кўп овоз олган номзод президент этиб сайлана олмаган ҳолатлар ҳам кузатилган.

Бунинг сўнгги мисоли сифатида 2016 йилги сайловларни келтириш мумкин. Ўшанда демократик партиядан президентликка номзод бўлган Ҳиллари Клинтон Дональд Трампдан 3 миллиондан кўпроқ овоз олганига қарамай, етарли миқдордаги делегатлар сонини қўлга киритмагани учун президентликка сайлана олмаганди.

Ушбу тизим АҚШ ташкил топиши даврида президентлик сайловларида барча штатларга етарлича фикр билдириш имконини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда эса мазкур тизим вақти-вақти билан тортишувларга сабаб бўлмоқда. Тизимни ислоҳ қилиш тарафдорлари унинг демократия ва вакиллик учун мос эмаслигини таъкидлашмоқда.

Тизимни ҳимоя қилувчилар эса унинг АҚШдаги федерал тузилманинг асосларидан бирилигини ва у сиёсий барқарорликни таъминловчи тизим эканини айтишади.

Фақат иккита сиёсий партия беллашадими?

Йўқ. Аммо АҚШ сиёсатида узоқ вақтдан бери икки партия ҳукмронлик қилмоқда.

1860-йиллардаги Америка фуқаролар урушидан кейинги барча сайловларда Демократик ёки Республикачилар партияси номзодлари ғолиб бўлишган.

Қайд этиш жоиз, Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп ва Демократик партиядан номзод Жо Байдендан ташқари бошқа номзодлар ҳам «мусобақа»да иштирок этишмоқда.

Масалан, академик ва ҳуқуқ ҳимоячиси Жо Жоргенсен Озодлик партиясининг, Ҳауи Ҳокинс эса Яшил партиянинг президентликка номзоди сифатида ушбу сайловларда қатнашмоқда.

Бундан ташқари, орасида репер Канье Уэст ҳам бўлган еттита мустақил номзод ҳам турли штатларнинг сайлов бюллетенларига кириш ҳуқуқига эга бўлишди.

Нима учун АҚШдаги сайловлар узоқ давом этади? Почта орқали овоз бериш сайловларда коррупция эҳтимолини оширадими?

Узоқ муддатли сайловларнинг асосий сабаби овоз бериш жараёнининг бир неча ҳафта олдин бошланишидир.

Бошқача қилиб айтганда, 3 ноябрь аслида, овоз беришнинг охирги, саноқ бошланадиган куннинг эса дастлабки нуқтасидир.

АҚШнинг аксарият штатлари сайловчиларга почта орқали ёки олдиндан шахсан овоз бериш имконини таклиф қилади. Ушбу масалага оид тартиб-қоидалар бутунлай штатларнинг ваколатига киради.

Бу йил коронавирус эпидемияси туфайли почта орқали ва муддатидан олдин овоз беришлар сонида сезиларли ўсиш кузатилди.

Президент Трамп ва унинг жамоаси почта орқали овоз бериш ададининг ортиши қонун бузилиш ҳолатларига йўл очиши мумкинлигини даъво қилмоқда. Бироқ тадқиқотлар ноқонуний равишда овоз бериш эҳтимоли жуда паст эканлигини кўрсатмоқда.

Brennan Center таҳлил маркази 2017 йилда ўтказилган тадқиқотида АҚШда ноқонуний тарзда берилган овозларнинг нисбати умумий овозларнинг ўртача 0,00004 дан 0,0009 фоизгача ташкил этганини маълум қилди.

Номзодлардан бири натижаларни тан олмаса, жараён қандай кечади?

Бу – АҚШда бир мунча вақтдан бери кун тартибида бўлиб турган масалалардан биридир.

Қолаверса, президент Трамп ўзи билан ўтказилган баъзи интервьюларда агар сайловларда ютқазса, натижаларни тан олиш-олмаслигини аниқ ва равшан тарзда билдирмагани бу борадаги мунозаралар янада кучайишига сабаб бўлди.

Ким ғолиб бўлганини узоқ вақт давомида аниқлаштирилиши эса АҚШни конституциявий инқирозга олиб боради ва кўчада тартибсизликларга сабаб бўлувчи зиддиятларни келтириб чиқаради, деган хавотирлар мавжуд.

АҚШ Конституциясига мувофиқ, президентлик сайловларида муаммолар юзага келган тақдирда вазиятга Олий суд ва Конгресс аралашади.

2000 йилда бўлиб ўтган сайловлар ҳам Олий судга топширилган эди. Ўшанда суд Флорида штатидаги овозларни санаш бўйича Республикачилар партиясидан номзод Жорж Бушнинг фойдасига қарор чиқарганди. Демократик партиядан номзод Альберт Гор эса бу масалани Конгрессга олиб чиқмай, мағлубиятини тан олганди.

Конгрессда нормал шароитда рамзий маънода ривожланиб борадиган бу жараён уч босқичда амалга оширилади. Агар бу йил эътирозлар давом этгудек бўлса, ушбу жараён муаммоли тарзда кечиши мумкин.

Биринчи босқичда, эътирозлар тўғрисида қарор қабул қилишлари учун штатларга 8 декабрга қадар вақт берилади. Штатлар ушбу эътирозларни ҳал қилади. 14 декабрь куни эса сайлов ҳайъатига юбориладиган делегатларнинг овоз бериш санасидир.

Иккинчи босқичда янги сайланган Конгресснинг ҳар иккала қаноти 6 январь куни сайлов ҳайъатининг овозларини ҳисоблаш учун Сенат раиси вице-президент Майк Пенс бошчилигида қўшма мажлис ўтказади.

Агар номзодлар ўртасидаги келишмовчилик ва эътирозлар ана шу вақтга қадар ҳал этилмаса, учинчи босқичда инқирознинг ўсиб бориши хавотири мавжуд. Шунга ўхшаш ҳолат 1876 йилги сайловларда юз берган ва ўшанда баъзи штатлардан Конгрессга икки фарқли номзодни қўллаб-қувватловчи делегатлар овози юборилганди.

Ўша пайтда ушбу инқироз 20 январда бўлиб ўтган инаугурация маросимидан атиги икки кун олдин ҳал қилинган эди. Агар президент инаугурацияга қадар эълон қилинмаса, Оқ уйга вақтинчалик президент кўчиб ўтиши кўзда тутилган.

Сайловни ёки сайлов натижаларни кечиктириш эҳтимоли борми?

Ушбу босқичда сайловни кечиктириш эҳтимоли йўқ.

Аммо почта орқали ва шахсан берилган овозлар сони ортиши санаш жараёнининг чўзилишига олиб келиши мумкин.

Ҳар бир штат санаш жараёни бўйича ўз қоидаларига эга.

Масалан, «беқарор» штатлардан бири сифатида кўрсатилган Аризонада муддатидан олдин берилган овозларни санаш жараёни бошланди. Сайлов куни берилган овозлар ҳисоблаб чиқилгач, ушбу штат натижаларни сайлов кечаси эълон қилиши кутилмоқда.

Бироқ бошқа штатларда биринчи навбатда сайлов куни шахсан берилган овозларга устунлик сақланади. Улар орасида Пенсильвания ва Оҳайо каби муҳим штатлар мавжуд.

Трамп почта орқали берилган овозларни кутмай, ўз президентлигини эълон қилиши мумкинми? Агар шундай бўлса, нима бўлади?

Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Бундан ташқари, бу кейинги даврларда АҚШ матбуотида тез-тез муҳокама қилинадиган сценарийлардан бири.

Ушбу сценарий «қизил сароб» деб номланади.

Ижтимоий сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, Трампни қўллаб-қувватловчи сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш ўрнига, сайлов куни шахсан овоз беришни маъқул кўришади.

Шу боис, санаш жараёнида сайлов куни берилган овозларни биринчи ўринга қўювчи баъзи «беқарор» штатлардан келувчи илк натижалар Трампнинг фойдасига бўлиши мумкин.

Шунга қарамай, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, почта орқали ёки шахсан овоз беришни афзал кўрувчи сайловчилар асосан Байденнинг тарафдорларидир.

Шу сабабли экспертлар эълон қилинган дастлабки натижалар чалғитувчи бўлиши мумкинлиги ва баъзи штатларда вазият аниқланиши учун вақт талаб қилиниши ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Дастлабки натижаларга кўра, Трампнинг ўзини ғолиб деб эълон қилиши ва натижалар ўзгарган тақдирда эса мағлубиятни қабул қилмаслиги АҚШда жиддий конституциявий инқирозни келтириб чиқариши мумкин.

АҚШда яшамайдиган америкаликлар қандай овоз беради?

Улар почта орқали овоз беришади. АҚШ консулликлари ёки элчихоналарида сайлов куни сайлов қутиларини ўрнатиш амалиёти мавжуд эмас.

АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси веб-сайтидаги маълумотларга кўра, сайловчилар дастлаб рўйхатдан ўтишлари ва овоз бюллетенларини талаб қилишлари лозим. 

Улар бюллетенларни қабул қилиб олгач, уни тўлдиришади ва почта орқали жўнатишади. Улар, шунингдек, сайлов бюллетенларини яшаш ҳудудларидаги АҚШ ваколатхоналарига шахсан ўзлари олиб боришлари ҳам мумкин. Бундай ҳолда, бюллетенлар тегишли сайлов кенгашига дипломатик ваколатхона томонидан етказилади.

Бюллетенлар баъзи штатлар томонидан факс ёки электрон почта орқали ҳам қабул қилинади.

Сўровномалар 2016 йилдагидек янглиш бўлиб чиқадими?

Бу саволга фақат натижалар аниқ бўлгандагина жавоб бериш мумкин.

2016 йилда мамлакат бўйлаб ўтказилган сўровномалар Клинтоннинг бир неча поғона олдиндалигини кўрсатганди.

Агар Клинтон Трампдан жами 3 миллионтадан кўпроқ овоз тўплагани ҳисобга олинса, сўровномаларнинг унчалик ҳам нотўғри эмаслиги маълум бўлади.

Қолаверса, сўровнома ўтказишга ихтисослашган компанияларнинг тўрт йил олдинги намуналарида муаммолар мавжуд бўлгани айтилмоқда.

Бу эса Трампнинг баъзи муҳим штатларда устунликка эришгани пойганинг сўнгги босқичларига қадар тушуна олинмаганининг асосий сабаби сифатида келтирилади. Аммо кўплаб сўровнома компаниялари ушбу муаммони ҳал қилганликларини таъкидлашмоқда.

Муддатидан олдин овоз беришнинг ортиши ва 2016 йилда содир бўлган воқеалар бугун кўпчиликнинг анкеталар масаласига эҳтиёт бўлиб ёндашишига сабаб бўлмоқда.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид