Рентген натижаларига кўра коронавирус ташхиси қўйиш мумкин эмас – штаб аъзоси
Рентген хулосаси ушбу касалликни тасдиқлаб бермайди. Чунки ўпканинг сурункали касалликлари хуружи ва бошқа касалликлар туфайли кечаётган ўпкадаги ўзгаришлар ҳам рентгенда акс этиши мумкин.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова АОКАда ўтказилган брифингда рентген хулосаси Covid-19’ни тасдиқласа, нега бошқа лаборатор таҳлиллардан ўтказиш кераклиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.
«Рентген ва МСКТ текширувлари бундай ташхисни қўйиш учун асосий текширув усулларига кирмайди, балки ёрдамчи қўшимча усулларга киради.
Шунингдек, касалликнинг тури, яъни енгил, ўрта, ўрта оғир ва оғир кечишини биз рентген тасвирларига қараб қўя олмаймиз. Чунки касаллик кечишини биз ҳар бир беморга индивидуал қараган ҳолда, унда кечаётган клиник белгилар, қоннинг кислород билан тўйиниш даражаси, махсус лаборатор текширувлар натижаларига қараб қўйишимиз мумкин.
Ушбу касалликда ЖССТ ва барча юқори малакали мутахассислар фикрига кўра, энг ишончли ташхисни тасдиқловчи усул бу вируснинг ўзини аниқловчи ПЗР (полимераза занжир рекацияси) усулидир.
ПЗР таҳлилда – юқори нафас йўллари шиллиқ қаватидан олинган намунада коронавируснинг генетик материали (РНК) бор ёки йўқлиги аниқланади. Намуна олиш нисбатан тез ва оғриқсиз кечади. Бу анализ касалликнинг инкубацион (яширин) даврида ҳам ижобий натижа олиш ва барвақт ташхис қўйиш имконини беради. Вирус организмга кирганига 5-7 кун бўлгандан бошлаб мусбат натижа олиш мумкин», деди Барно Абдусматова.
Мавзуга оид
00:10 / 23.10.2024
Сунъий интеллект шифокорларга рентген тасвирлари орқали суяклар синишини аниқлашга ёрдам беради
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023