Ўзбекистон | 21:29 / 03.11.2020
18421
7 дақиқада ўқилади

«Узоғи билан икки йилда тўлиқ лотин ёзувига ўтамиз» – Иномжон Азимов кирилл-лотин муаммоси ҳақида

«Икки хил ёзувда юрган биздек давлат бирор ерда бўлмаса керак. Хоҳлаган жойингиз, хоҳлаган вазирлик ва ташкилотингизга боринг – ҳамма истаганини қиляпти. Бирор бир мантиққа тўғри келмайди. Ҳар бир давлатнинг бир тўхтамга келган ёзуви бўлиши керак», – дейди Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов.

20 октябрь куни Президент Мирзиёев давлат тили байрами олдидан «Мамлакатда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Айни ҳужжатда Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳи тузиш ва қилиниши керак бўлган ишларни белгилаб олиш вазифаси юкланган.

Kun.uz шу каби камчиликлар, президент фармони, шу асос билан яқин вақтларда қилинадиган ишлар ҳамда турғунлик белгиси бўлган кирилл ёзувидан қачон тўлиқ воз кечилиши борасида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов билан интервью уюштирди.

— Айтинг-чи, фармон бўйича тузиладиган ишчи гуруҳ қанча вақтда лотин ёзувига тўлиқ ўтиш бўйича шароитларни ҳозирлайди? Умуман, ишчи гуруҳнинг қиладиган иши нимадан иборат бўлади?

— Бу фармон давлат тилини ривожлантириш ва буни қонунан мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишларнинг давоми ҳисобланади. Бу фармонда сиз айтганингиздек, лотин ёзувига тўлиқ ўтиш юзасидан топшириқлар ҳам белгиланган.

Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, биз ўз ёзувини энг кўп ўзгартирган халқмиз. Жумладан, араб ёзувидан узоқ йиллар фойдаланиб келдик. Ундан кейин лотин ва яна кирилл ёзувига ҳам ўтдик. 1993 йилдан бошлаб яна лотин ёзувига ўтиш бўйича ҳаракат қиляпмиз.

Президентнинг мана шу фармони эълон қилинганидан кейин айрим интернет сайт ва четдан юритиладиган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан буни бошқа томонларга буриш ҳаракатлари кузатиляпти.

Уларнинг фикрича, лотин ёзувига ўтиши билан Ўзбекистон туркий давлатлар билан бир бўлиб олаётган экан. Йўқ, лотин ёзуви бизга бегона ёзув эмас. Юқорида айтганимдек, 1929–40 йиллар орасида айнан шу ёзувдан фойдаланганмиз.

Яна бир нарсани айтиш керакки, 1993 йилда лотин ёзувига ўтиш бўйича қонун қабул қилинган бўлса, 2005 йил унинг ижросига охирги муддати деб олинган эди. 2004 йилда эса бу муддат яна 2010 йилгача деб узайтирилди. Афсуски, 2010 йил ўтиб, 2020 йил ҳам тугаяптики, биз ҳамон бу масалани ҳал қилолганимиз йўқ. Хуллас, бу вазиятга турли бўҳтон ва уйдирмаларни аралаштириш ярамайди.

Биз ўзимизнинг тарихий хатойимизни тўғрилашимиз керак.

Ишчи гуруҳ ҳам бекорга тузилаётгани йўқ. Ҳозир Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида бутун республика миқёсидаги етук олимларни жамлаган ҳолда катта ишчи гуруҳ тузилган.

Биз ҳозир шундай таклиф қўймоқдамизки, лотин ёзувига ўтиш жараёнини тезлаштиришимиз керак. Биз жуда кўп вақт йўқотиб қўйдик. Узоғи билан 2 йил ичида лотин ёзувига ўтишимиз керак. Ҳозир бу жараёнга қайси соҳа қандай ўтиши кераклиги борасида тартиб ишлаб чиқиляпти. Бу жараёнга кўп ташкилотлар тайёр бўлган. Масалан, Халқ таълими вазирлиги тўлиқ лотин ёзувига ўтган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам шу ёзувда ишлаяпти. Ҳозир бизда жамиятнинг бошқа томонлари, масалан, матбуотни ва илмий адабиётларни тўлиқ лотин ёзувига ўтказиш иши қоляпти.

Бизнинг, ишчи гуруҳнинг асосий иши жамиятни шу жараёнга тезроқ тайёрлаш. Бу тайёрлашнинг эса бирор муаммоли жойи йўқ. Мен доим «Маърифат» газетасини мисол қилиб айтаман. 2 йил бўлди, улар тўлиқ ва осонлик билан лотин ёзувига ўта олишди. Бу энг яхши тажриба. Тажрибани эса ҳамма ўзидан бошлаши керак.

Мен айрим пайтларда ёши катталар томонидан лотин ёзуви қийинроқ, деган сўзларни эшитиб қоламан, йўқ, бу ёзув қийин эмас, фақат кўз ўрганиши керак.

Биз ҳозир давлат ташкилоти ходимлари  ҳамда аҳолини лотин ёзуви бўйича малакасини оширяпмиз. Улар ичида катта ёшлилар ҳам (60, 50 ёшдагилар) бор-йўғи бир ой ичида тўлиқ лотин ёзувида ишлашни ўрганиб олишяпти. Қайтараман, лотин ёзувига ўтиш қўрқинчли иш эмас. Унга ўтиш керак, тамом.

— Хўш, ундан кейин-чи, лотин ёзувига тўлиқ, узил-кесил ўтиш жараёни қанча вақтни олади?

Сиз кейинги икки йил ҳақида гапиряпсиз, лекин биз деярли ўттиз йилдан бери бу ёзувга ўтиш ҳақида гапиряпмиз. Шу йиллар ичида, балки, ўттиз марта ишчи гуруҳ тузилиб, ўттиз марта «йўл харита», дастурлар қилингандир, лекин амалий иш йўқ-ку. Мен амалий иш қачон бўлади деб сўраяпман.

— Саволингиз жуда тўғри. Икки хил ёзувда юрган биздек давлат бирор ерда бўлмаса керак. Хоҳлаган жойингиз, хоҳлаган вазирлик ва ташкилотингизга боринг, ҳамма истаганини қиляпти. Бирор бир мантиққа тўғри келмайди. Ҳар бир давлатнинг бир тўхтамга келган ёзуви бўлиши керак.

Қайтараман, менинг аниқ фикрим, узоғи билан икки йилда биз тўлиқ, ҳамма соҳада лотин ёзувига ўтишимиз керак. Агар бу муддат юқорида айтганимиздек, яна чўзиладиган бўлса, кейин қийин бўлади.

Қўшнимиз Қозоғистонни кўринг, улар лотин ёзувига ўтамиз деб тайёргарлик кўришди ва ҳозир деярли ҳамма ташкилотлари бу ёзувга ўтиб бўлди.

— Бунга бизда мисоллар етарлича. Масалан, Туркияда Камол Отатурк, Туркманистонда Сапармурод Ниёзов ислоҳоти.

— Ҳа, ҳозир президент Мирзиёев ҳам буни қўллаб-қувватлаяпти.

— Сиз ишонч билан бир-икки йил ичида лотин ёзувига тўлиқ ўтамиз деяпсиз. Айтинг-чи, бу йўлда бизга нималар асосий тўсиқ бўлиши мумкин ва бўляпти?

— Мен энг кўп айтаман, бу йўлда бизга ёрдам берадиган куч бу – ОАВ. Биринчи навбатда ОАВ мана мен деб чиқиши керак ва бизга ёрдам бериши керак. Улар шундай яхши ташаббус билан чиқиши керак.

Биз юқорида мисол қилган «Маърифат» газетаси ҳам айнан мана шундай ташаббус билан чиққан эди.

Ҳозир икки хил ёзув ҳақида гапиряпмиз-у, лекин учинчи хил ёзув ҳам пайдо бўлган, бу ижтимоий тармоқ ёзувлари. Бу ёзувни ёки кирилл демаймиз, ёки лотин – иккови ҳам аралаш. Бунда ижтимоий тармоқлардаги канал, гуруҳларни юритаётганлар одамларга нимани ўргатаётгани ҳақида масъулият билан ўйлаши керак.

Яна бир бор қайтараман, бизда бу борада ҳамма нарса тайёр ва ҳаммаси шундай кетса, балки, бир йилда ҳам лотин ёзувига тўлиқ ўта оламиз.

Буни кутиш керак эмас. Мана онлайн таълимга жуда узоқ тайёргарлик кўришди, лекин пандемия туфайли мажбур бўлинди ва тезда онлайн таълимга ўтилди.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

 

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид