«Қўшни давлатларда ўзбек мактаблари сони кескин камайиб бормоқда» — тилшунос
Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов Kun.uz’га берган интервюсида қўшни давлатларда ўзбек мактаблари ёпилаётгани ва ўзбек тилининг ўқитилиши борасидаги оғир вазият ҳақида гапирди.
Туркманистон
Бугун Туркманистонда 500 мингдан ортиқ ўзбек миллатдошларимиз яшайди. Расмий маълумотларга кўра, 2000 йилларгача Туркманистондаги мактабларда ўзбек тили ўқитилган. Лекин ундан кейин ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш бекор қилинган.
Бугун Туркманистонда 500 мингдан ортиқ ўзбекларнинг тили, маданиятини тарғиб қилиш учун миллий маданият маркази ҳам йўқ.
«Хроники Туркменистана» газетаси журналисти Ботир Сейитқулиевнинг таъкидлашича, ўзбек ёшлари пул топиш баҳонаси (хорижга чиқиб таълим олиш тақиқланган) билан Россия, Туркия, Украина, Белоруссия давлатлари олий ўқув юртларига ўқишга кириб, ўша юртларда қолиб кетмоқда.
Қирғизистон
Қирғизистоннинг ўзбеклар яшайдиган вилоятида ижод қилувчи журналист шундай ёзади: «Новқот район халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Абдумуталлиб Паязовнинг сўзларига кўра, 2012 йилда 7 та ўзбек мактаби бошқа таълим тилига ўзгартирилди. Новқотдаги 109 та мактабдан 13 тасигина ўзбек тилида таълим беришни давом эттирмоқда, лекин кейинчалик улар ҳам қирғиз мактабларига айланади».
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўзбеклар ўз фарзандларининг келажагини ўйлаб ҳам қирғиз ёки рус мактабларига бермоқда. Рус мактабларида ўқиётган ўзбек ёшларининг аксарияти Россияга кетмоқда.
Тожикистон
Тожикистон маориф ва фан вазирлиги маълумотига кўра, 2015-2016 ўқув йилида ўзбек тилида таълим олаётган ўқувчилар сони 205 минг 3 нафарни ташкил этган. Охирги ўн йилликда эса ўзбек синфлари сони уч мартага қисқарган. Ўқувчилар сони 2011-2012 ўқув йилида 299 минг 494 нафарни ташкил этган бўлса, 2020-2021 йилларда 106 минг 83 нафарга тушиб қолган.
Қозоғистон
Марказий Осиё давлатлари ичида ўзбек тилининг ўрганилиши учун нисбатан кенг имконият бераётган давлат бу – Қозоғистон.
Қозоғистонда мактаблар ва дарсликлар тайёрлаш масаласи ҳам яхши йўлга қўйилган. Лекин Қозоғистонда ҳам бир ҳолат кетяптики, (бу ҳақда яқинда Қозоғистон халқ таълими вазири ҳам гапирди) уларда ўзбек тили ва адабиёти ўзбек тилида ўқитилиши мумкин. Лекин бошқа фанлар қозоқ тилида ўқитилади. Бу бир томондан тўғри ва ижобий ҳолат. Чунки ҳар қандай давлат ўз тилини ҳимоя қилиши, ўз тилининг мавқейини кўтариши керак. Биз ҳам мана шу сиёсатни ўйлаб кўришимиз лозим.
Ўзбекистон
Агар расмий рақамларга қарасак, бугун мамлакатдаги 10 минг 8 та мактабнинг 1 минг 476 тасида рус ва қардош тиллар ўқитилмоқда. Бунда жумладан, 899 та мактабда рус тилида, 133 тасида қорақалпоқ, 218 тасида қозоқ, 38 тасида қирғиз, 165 тасида тожик ва 23 тасида туркман тилида таълим берилади.
Демак, хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон бугун Марказий Осиёдаги энг толерант давлат. Бу ерда этник озчилик бўлган бирликларнинг ўз тилида таълим олишига ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммо йўқ.
- Интервюни тўлиқ ҳолда қуйидаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин (интервью 2021 йил 13 октябрда эълон қилинган).
Мавзуга оид
13:56 / 22.11.2024
Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди, нега?
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
20:51 / 18.11.2024
“Қуроллар қанчалик замонавий бўлмасин, миллий ғурурсиз иш битмайди” — мактабларга ҳарбий дарслар нега керак?
16:44 / 11.11.2024