Ўзбекистон | 09:28 / 05.11.2020
9355
2 дақиқада ўқилади

Air Arabia авиакомпанияси Шаржа-Тошкент йўналиши бўйича илк рейсини амалга оширди

4 ноябрь куни БААнинг Air Arabia авиакомпанияси томонидан Шаржа-Тошкент йўналиши бўйича биринчи рейс амалга оширилди.

Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнган ҳаво лайнеридан дастлабки 17 йўловчи кутиб олинди.

Аэропортнинг халқаро ташувларни ташкиллаштириш хизмати раҳбари Умид Ҳамроевнинг маълум қилишича, мазкур қатновлар доимий ва тўғридан тўғри тарзда йўлга қўйилган.

«Биринчи рейсимизда БААдан 17 киши учиб келди. Ўзимизда 152 нафар йўловчига чипталар сотилган. Улар Тошкентдан учиб кетади. Рейслар самолёт турига қараб йўловчи ташишга мўлжалланган. Ҳозирги парвоз Airbus-321 самолётида ташкиллаштирилди. Унда бир томонга 150-200 нафар одам ташиш имкони мавжуд. Парвозлар ҳафтасига икки мартадан амалга оширилади. Бундан ташқари, Uzbekistan Airways авиакомпанияси ҳам Шаржага парвозларни ташкил қилади», – деди аэропорт ходими.

Умид Ҳамроев

Мазкур ҳаво қатнови “Uzbekistan Airports” АЖ ва «Air Arabia Abu-Dabi LLC» авиакомпаниялари ўртасидаги келишувга асосан йўлга қўйилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамовнинг айтишича, мазкур лоукостер рейсини йўлга қўйиш учун февраль ойида битим имзоланган.

«Ҳозирги пандемия шароитида Air Arabia авиакомпаниясининг Ўзбекистонга парвозни амалга ошириши таҳсинга сазовор. Жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари Тошкентда «Uzbekistan airports aviation logistics forum» биринчи авиация форумини ўтказган эдик. Бу минтақада ягона ва илк форум ҳисобланади. Унда 180дан ортиқ компаниялар қатнашган бўлиб, улардан 25 таси хорижий авиакомпаниялар эди. Тадбирда қатор келишувларга эришилган. Шу жумладан, Air Arabia авиакомпанияси билан Шаржа ва Абу Даби шаҳарларидан Ўзбекистонга тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланган ва ўша келишувлар натижасида биринчи рейснинг гувоҳи бўлиб турибмиз», – деди Улуғбек Аъзамов.

Улуғбек Аъзамов

Маълум қилинишича, парвоз учун 4 ярим 5 соат вақт сарфланади.

Аввалроқ, чипта нархи – 200 АҚШ долларидан 246 АҚШ долларигача экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид