Ўзбекистон | 10:59 / 26.10.2024
3893
2 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги кескинлашув сабаб бир қанча авиарейслар йўналиши ўзгарди

Эронга қилинган ҳаво ҳужумлари фонида Jazeera Airways, Fly Dubai, Centrum Air авиакомпаниялари парвоз йўналишларини бошқа шаҳарларга ўзгартирди, маршрути Эрон ҳаво ҳудуди орқали амалга ошириладиган бошқа рейслар Ўзбекистон шаҳарларидан кечикиш билан учиб кетди.

Фото: Kun.uz

26 октябрга ўтар кечаси Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ)нинг Эрондаги ракета ишлаб чиқарувчи корхоналар ва унинг ер-ҳаво ракеталари жойлашган жойларига ҳаво ҳужумлари сабаб Эрон устидаги ҳаво ҳудуди ёпилди. Бунинг натижасида қатор авиарейслар ўз йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлди.

Uzbekistan Airports’нинг маълум қилишича, Jazeera Airways авиакомпаниясининг Тошкент – Кувайт йўналиши бўйича Ж9-1650 рейси соат 04:50 да учган, аммо самолёт маҳаллий вақт билан соат 07:06 да Тошкент аэропортига қайтиб қўнган.

Шунингдек, Fly Dubai авиакомпаниясининг Душанбе – Дубай йўналиши бўйича ФЗ-778 рейси экипажи Тошкентдаги муқобил аэродромга йўл олишга қарор қилган. Самолёт маҳаллий вақт билан соат 08:32 да Тошкентга келиб қўнган. Расмий хабарга кўра, экипажнинг дам олиши муносабати билан Тошкентдан учиш маҳаллий вақт билан соат 21:00 га белгиланган, жараёнда йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилиши айтилган.

Fly Dubai авиакомпаниясининг Тошкент – Дубай йўналиши бўйича ФЗ-1942 рейси ҳам соат 04:58 да ҳавога кўтарилиб, 06:58 да Ашхободдаги муқобил аэродромга қўнган.

Centrum Air авиакомпаниясининг Жидда – Тошкент йўналиши бўйича C6-702 рейси ҳам худди шу сабаб билан Ар-Риёддаги муқобил аэродромга, Мадина – Фарғона йўналиши бўйича C6-3336 рейси ҳам Тошкент вақти билан соат 08:17 да Ал-Мактум (Дубай) аэропортига қўнган.

Аэропортлар хизматининг таъкидлашича, ушбу рейсларнинг жўнаб кетиши ҳақидаги тўлиқ маълумотларни авиакомпания вакилларидан олиш мумкин. Қолаверса, маршрути Эрон ҳаво ҳудуди орқали амалга ошириладиган бир қатор рейслар Ўзбекистон шаҳарларидан кечикиш билан учиб кетган.

Мавзуга оид