Ўзбекистон | 16:14 / 06.11.2020
22692
5 дақиқада ўқилади

Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати бош прокурордан тергов органи ўзгартирилишини сўрамоқда

Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати жиноят иш юзасидан тергов холис олиб борилаётганига шубҳа билан қарамоқда ва тергов органи ўзгартирилиши кераклигини айтмоқда.

Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори – вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми, 167-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган эди.

Олти фарзанднинг онаси бўлмиш Г.Йўлдошевага нисбатан қўлланган мазкур эҳтиёт чора оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди. Шифокор ҳибс этилганидан сўнг Чирчиқ шаҳар прокуратураси ОАВда чиқиш қилиб, дастлабки тергов ҳали бошланғич босқичда бўлганига қарамасдан, Г.Йўлдошевани деярли жиноятчига чиқаргани олов устига ёғ сепгандек бўлди, «айбсизлик презумпцияси» ибораси кўп маротаба тилга олинди.

Фақатгина юқори мавқедаги шахсларнинг ҳолатга доир билдирган муносабатларидан кейин Г.Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилди. Эҳтирослар тинди. Олдинда тергов ва суд.

Куни кеча Г.Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров ҳимоясидаги шифокор устидан тергов жараёни амалдаги ЖПК моддаларига зид тарзда олиб борилаётгани, ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида мурожаат билан чиқди.

«Ушбу мурожаатимга сабаб, менинг ҳимоям остидаги Г.Йўлдошеванинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни бошлаган илк чоғимданоқ унга нисбатан эълон қилинган айбловларнинг асоссиз эканлиги ҳақида ўз баёнотларимда келтирган эдим. Ҳозирги кунга қадар дастлабки тергов органи томонидан ҳимоям остидаги шахс иштирокида 6 маротаба юзлаштириш ҳаракатлари амалга оширилди. Aммо Чирчиқ шаҳар прокуратураси терговчиси Нурматов юзлаштириш процессуал ҳаракатларини Жиноят процессуал кодекси талабларини қўпол равишда бузган ҳолда амалга оширди. Токи юзлаштирилаётган шахсларнинг кўрсатувлари айблов учун мослаштирилган ҳолда ёзиб борилди», – дейди адвокат ўз мурожаатида.

Унинг айтишича, бу ҳолатлар бўйича унинг ва ҳимояси остидагининг эътирозларига қарамасдан, терговчи ўз билганидан қолмаган. Шу билан бир қаторда, юзлаштиришлар оралиғида адвокат зарурат учун ташқарига чиққан чоғида терговчи Нурматов Г.Йўлдошевага: «Мен сизни айблаганман, айбламоқдаман, айблайман ва сизнинг айбдорлигингизни исботлаб бераман», деб унга психологик таъсир ўтказган.

Адвокат терговнинг холис олиб борилаётганига шубҳа билан қараб, икки марта Ўзбекистон Республикаси Бош прокуроридан тергов ҳаракатларини Чирчиқ шаҳар ва Тошкент вилояти прокуратураси органлари юритувидан олиб, Бош прокуратуранинг иш юритувига ўтказишни сўраган. Аммо «тергов органини ўзгартиришга асослар етарли эмас» деган жавоб олган.

Адвокат тергов органига бўлган ишончсизлик асослари келтирилган учинчи ариза ҳам юборилганини айтиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан амалга оширилишини сўраган.

«Сўзимизнинг бир карра исботи сифатида, терговчи Нурматов томонидан барча юзлаштириш ҳаракатлари Жиноят процессуал кодекси 95-моддаси тартибида тасвирга олинган ва ушбу видеотасвирлар ишга тикилиши лозим. Тасвирга олинган юзлаштириш ҳаракатларини кўриб чиққан юқори турувчи прокуратура органи тергов органи холислиги ва беғаразлигига бўлган шубҳамиз нечоғлик асосли эканини кўрсатиб беради, деган умиддамиз», – дейди адвокат.

Адвокатнинг сўзларига Бош прокуратура ўз баҳосини беради, албатта. Бироқ жамоатчиликнинг ёдидан кўтарилиб улгурмаган айрим ҳодисалар кетма-кетлигига эътибор қаратишни лозим топдик.

Чирчиқ шаҳар прокурори айбсизлик презумпциясига риоя этмай, ОАВ орқали чиқиш қилиб, қилмишлари тасдиғини топиб улгурмаган шахсни жиноятчи деб атади. Бу эса, ҳуқуқ соҳаси вакилларининг танқид ва эътирозларига сабаб бўлди. Икки ёшга энди тўлган боланинг онаси қамоққа олиниши эса жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди.

Кенг доирадаги муҳокамалардан сўнг Сенат раиси Танзила Норбоева, Сенат қўмитаси раиси Ботир Матмуратов ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевалар Йўлдошевага танланган эҳтиёт чораси қайта кўриб чиқилиши кераклиги ҳақида фикр билдирдилар. Йўлдошеванинг «жиноятчи» ва унга танланган эҳтиёт чораси адолатли эканига «ишончи юқори бўлган» Чирчиқ шаҳар прокурори якунда ўз қарорини ўзгартиришга мажбур бўлди.

Қиссадан ҳисса шуки, ёзилмаган қонунларга кўра, ташқи таъсирлар сабаб ўз қарорини ўзгартиришга мажбур бўлган шахснинг (хусусан мансабдорнинг) кейинчалик ўша масалада холис бўлиши ниҳоятда мушкул. Шу боис терговда холислик ва адолат тўла таъминланиши, ҳар қандай шубҳа-гумонларга йўл берилмаслиги учун ҳам Бош прокуратура терговни жилла қурса бошқа туманнинг иш юритувига ўтказиши кераклиги – мантиқ тақозо қилиб турган очиқ-ойдин ҳақиқат.

Бу нега рад этиляпти – сирли савол.

Шокир Шарипов

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид