Жамият | 15:41 / 07.11.2020
1915
2 дақиқада ўқилади

Биогаз технологиялари бўйича қандай лойиҳалар амалга ошириляпти? Мутасадди изоҳ берди

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев биогаз технологиялари бўйича қандай лойиҳалар амалга оширилаётгани тўғрисида берилган саволга жавоб қайтарди.

«Биогаз технологиясига келадиган бўлсак, бу ерда иккита катта асосий омил бор. Биринчиси, биогаз ишлаб чиқариш учун органик хомашё керак. Афсуски, республикамизда бундай хомашё қай даражада борлиги, ёки биз шундай хомашёга бойлигимизни айтолмаймиз.

Бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганганимизда биогаз ишлаб чиқариш асосан ёки қандайдир ўсимлик тури, ёки жуда катта миқдордаги йирик шохли моллар чорвачилик комплексларида амалга оширилади.

Бизда ҳам минглаб бошли чорвачилик комплекслари бўйича Жиззах вилояти, Қорақалпоғистон Республикасида ишлар бошланяпти. Мана шундай миқёсдаги комплекслар ривожлангани сари биогаз технологияси ҳам ривожланиб боради.

Давлат томонидан берилаётган ёрдам нимадан иборат? Биогаз асосида ишлаб чиқарилган электр энергиясини мажбурий харид қилиш тизими ўрнатилган. Айтишим мумкинки, харид қилиш нархи иссиқлик электр станциялари ёки  гидроэлектр станциялари ишлаб чиқарилган электр энергиясидан анча юқори. Бу биогаз ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш натижасида қилинган чора-тадбир», деди Энергетика вазири ўринбосари «Энергетика тизимидаги энг сўнгги янгиликлар, куз-қиш мавсумига кўрилаётган чоралар» мавзусига бағишланган матбуот анжуманида.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид