Ўзбекистон | 13:29 / 09.11.2020
22934
12 дақиқада ўқилади

«Илмнинг эртанги кунига ишончимизни йўқотяпмиз» – ўзбек тилшунос ва адабиётшунослари ўзлари қолдирилган ташландиқ бинодан кўчишни истайди

Кўриб турганингиз бу тасвирлар бирор ташландиқ бинонинг хароба хоналари эмас. Бу Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ходимлари, яъни миллатнинг миллат эканини билдирувчи соҳада илмий тадқиқотлар олиб борадиган олимлар ишлаб келаётган жой.

Институт ходимлари шундай ташландиқ бино ва шунга яраша шароитлар билан 2014 йилдан буён ишлаб келмоқда, тағин – ижарада. Олимлар ўзининг муқим биноси у ёқда турсин, илмий тадқиқотлар учун оддий шароитларга эга эмас.

Гарчи сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат тили масаласи, унинг обрўйини ошириш борасида қатор амалий ишлар бошланган бўлса-да, мантиқан шу ишларнинг марказида турган институт биноси ва олимларнинг аҳволига, афсуски, эътибор қаратилмаяпти.

Биз ўнлаб идораларга қилган мурожаатидан кейин ҳам бирор натижа кўрмаган олимларнинг таҳририятимизга йўллаган хати бўйича Тошкент шаҳри Шаҳрисабз 5-тор кўчасида жойлашган институт биносида бўлиб, у ерда ишлаётган олимлар билан суҳбатлашдик.

“Нега олимларни қўллайдиган ташкилот ва етарли иш шароитлар йўқ?”

Унда дастлаб шу институтда 1975 йилдан бошлаб ишлаб келаётган адабиётшунос олим Сувон Мелиев институт тарихи, олимлар ва бечора соҳага айланиб қолган илм-фан ҳақида фикрларини билдирди.

– 45 йилдан буён шу институтда ишлаб келаётган бўлсам, илмда жуда катта устозларни кўрдик, уларнинг таълимини олдик. Бу ҳаёт вақт замони билан ҳамма ўтадиган ҳаёт. Устозларимиз ҳам вақт замони билан ўтиб кетишди...

Мен нега бу гапларни гапиряпман? Ҳар куни ишга келишда Қўйлиқ йўлида прокуратура органларида ишлаб кетган собиқ ходимларга ғамхўрлик қилиш бўйича махсус идора олдидан ўтаман. Ҳар сафар шу ердан ўтар эканман, олим сифатида менга бир нарса жуда қаттиқ таъсир қилади: нега Фанлар академияси олимлари учун шундай ташкилот ва шароитлар йўқ?

Бу ердан хурсанд кетган олимни кам кўрдим. Иззат Султон ҳам хафа бўлиб кетди, Матёқуб Қўшжонов, Эргаш Умаров каби олимлар ҳам хафа бўлиб кетди.

Нега шу олимларнинг кўнглини кўтариб, қўллаб-қувватланмайди?

Шунинг учун ҳам айтяпманки, прокуратура билан солиштирганда фаннинг аҳволи ниҳоятда бечорага айланиб қолди. Бу ўз-ўзидан пайдо бўладиган хулоса, – дейди олим.

Ҳа, ўзи таъкидлаганидек, олим бу гапларни прокуратура органларига нисбатан шахсий адовати туфайли гапирмаяпти. Бу – шунчаки илмнинг исталган бошқа соҳа билан солиштирилиши. 

Сувон Мелиев биз билан суҳбатда институт аввалроқ анча яхши шароитли ва энг муҳими юридик жиҳатдан ўзига тегишли бўлган бинода ишлагани ҳамда қандай қилиб бу каби оғир шароитли жойга келиб қолиши ҳақида ҳам гапириб берди.

– 1975 йилда бизнинг институт Фанлар академияси ҳозирги биносининг биринчи қаватида бўларди. 5 йил ўтиб, 1980 йилда институт учун махсус 7 қаватли бино қуриб берилди. Аммо бу бино биринчи президентимиз даврида ҳозирги ИНҲА университетига ўтиб кетди. Бунинг сабабини билмайман.

Шундан кейин мана шу ташландиқ бинога кўчирилдик ва ҳозиргача шу шароитда ишлаяпмиз. Бу жой ҳам, аслида, биз учун ижара жой.

Бу кўчишлардан безор бўлган марҳум академик Тўра Мирзаев йиғларди. Унинг айтишича, ҳар сафар кўчганда бизнинг жуда катта фольклор архивимиз титилиб, йўқолиб кетмоқда.

Ахир бу архив миллатники, уларни бир жойда жойлаштириб, сақлаб қолишимиз керак.

Иккинчидан, бу ерда ишлаётганлар ҳам жамиятда ўзига нисбатан ҳурмат камлигини ҳис қилиб ишлайди. Олимда ўз ишига нисбатан завқ, шавқ йўқ», – дейди Сувон Мелиев.

Шу ўринда халқимиз орасида юрадиган уч марта кўчиш – бир ёнғинга тенг ибораси эсга тушади. Афсуски, институтнинг бу кўчишларида бир ё икки оиланинг эмас, бутун бир миллатнинг илмий мероси титилиб йўқ бўлмоқда.

Олим суҳбат якунида ўзи ўтирган ва эскириши натижасида синишига яқин қолган ўриндиқни бизга кўрсатганча узоқ вақт жим қолди...

“Наҳотки, шу бинода сизлар ишлайсиз, ҳеч нолимайсизларми?”

Гулноза Саттарованинг бу институтда ишлаётганига 22 йил тўлди.

– Бу умрнинг кичик қисми эмас.

Менку, майли, лекин бизгача етиб келган илм-фанимизга, унинг келажагига ичинг ачийди. Афсуски, бу ердаги шароитни кўриб, ишимизни давом эттириши керак бўлган ёшлар ҳам ундан қочяпти, – дейди у.

Сатторова охирги вақтларда ўзбек тили, адабиёти ва фольклорига эътибор кучайиб бораётгани ҳамда адабиёт ҳозирги даврда миллатлар ўртасидаги алоқа воситаси, сиёсат даражасига кўтарилганини таъкидлади.

– Аммо бизнинг институт ана шу эътибордан четда қолиб кетаётгани, айрича кўрилаётгани сабаб бўлди. Шароитларни кўряпсиз, бино жуда хароб. Қишда совуқ, ёзда иссиқ ва дим, ёмғирли кунларда бино томидан тинимсиз чакка ўтади.

Биз китоб қўйган жавонлар ҳам адашмасам, 1960-70 йилларники, – дейди у.

Гулноза Саттарова суҳбат давомида Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари ишлаётган шароитлар хорижлик илм аҳлини ҳам кўп бор ҳайрон қолдиргани ҳақида гапириб берди.

– Биз дунёнинг кўплаб давлатлари билан тил, адабиёт соҳасида алоқадамиз. Масалан, 2018 йили «Ўзбек тилининг хорижий мамлакатларда ўқитилиши» мавзусида катта конференция ўтказдик. Бу учрашувга дунёнинг кўплаб давлатларидан ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ташриф буюрди, лекин биз уларни ўз биномизга таклиф қилишга уялдик. Чунки бутун миллатнинг адабиёти, тилини илмий жиҳатдан тадқиқ қилувчи институтимиз биносининг аҳволидан уяламиз.

Ўтган йили Татаристон Фанлар академиясининг адабиётшуносларидан бири Ўзбекистонга келди. У ишлаш шароитимизни кўриб ҳайратланяпти ва савол беряпти:

– Наҳотки, шу бинода сизлар ишлайсиз? – Унга:

– Ҳа, биз шу ерда ишлаймиз, – дедик. У яна сўради:

– Ҳеч нолимайсизларми?

– ...

Биз бир қатор илмий сафарларда бўламиз. Афсуски, биз борган давлатларники билан бизнинг институт ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Ҳа, эҳтимол, улар учун бизнинг қаерда ишлашимиз унчалик қизиқ эмасдир, лекин уйингизга меҳмон чақирмоқчи бўлсангиз, шароитингиз бўлса, чақирасизку. Биз эса олимларни кўча, кафе ёки бирор ошхонада кутишга мажбурмиз.

Мен шу масалаларни ўйлайман-у бизнинг хорижий давлатлар билан илмий, адабий алоқаларимиз сустлашиб кетгани сабабларини топгандек бўламан, – дейди олим.

Ёшларда:Менга дарс берадиган ўқитувчининг аҳволи шу экан, мен кимнинг ортидан интиляпман”, деган фикр бор

Навбатдаги суҳбатдошимиз филология фанлари доктори Мақсуд Асадов. У институтда катта илмий ходим ва ёш олимлар кенгаши раиси сифатида ишлайди.

Олим нутқида институтдаги шароитлар ёшларнинг илм ҳақидаги фикрларини қандай қилиб ўзгаришга олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

– Институт биноси, ундаги эшик деразаларнинг аҳволи, хонага кирганда ўриндиқ ва шкафларнинг 1960-70 йилларга тегишлилиги ва умуман, хонадаги файз одамнинг таъбини тирриқ қиладиган даражада эканлиги илмнинг эртанги ёруғ кунларига нисбатан ишончни парда ортида қолдиряпти.

Бизда фундаментал тадқиқотлар бўйича кўплаб ишлар қилиняпти, режалар бор. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам борки, илмни эртага давом эттирадиган ким? Ёшлар. Қайси ёшлар? Талабалар. Университетларнинг филология йўналишида ўқиётган талабалар бизга амалиёт ўташ учун келади.

Бу талабалар институтга келгандан кейин дастлабки хулосаси қандай бўлиши ҳақида гапирдик. Иккинчи томондан эса, шу келганларни қамраб олиш учун бизда етарли жойнинг ўзи йўқ. Ундай муҳитнинг ўзи йўқ. Биз ёшлар билан ишлайдиган аҳволда эмасмиз.

Бу ердаги олимларнинг кўпчилиги ОТМларда ҳам ишлайди. Ўша ўқитувчининг қўлида ишлаб, бу ерга амалиётга келадиган талабанинг хулосасини тасаввур қиляпсизми? Менга дарс, илм берадиган ўқитувчининг аҳволи шу экан, мен кимнинг ортидан интиляпман? – У айнан шундай ўйлайди.

Илтимосимиз шундай бўлардики, бизга имкони бўлса, янги бино қуриб бериб, унинг бир яхши ҳовлиси ҳам бўлсаки, ёшларнинг илмга бўлган ҳозирги муносабати ўзгарса, – дейди у.

Институт илмий ходимларининг фикрларини эшитиб, ўйлаб қоласан киши, одатда олимлардан илм-фанни ривожлантириш орқали турмушимизни енгиллатишга хизмат қиладиган янгиликларни кўп кутамиз.

Ўзаро суҳбатларда дунёнинг қайсидир жойида олимлар фанда фалон янгилик қилгани, бошқа бир жойда эса шов-шувли қандайдир ишланма ихтиро қилингани ҳақида гапирамиз. Бизнинг ўзбек олимларида шундай янгиликлар йўқ-да деб, қўшиб ҳам қўямиз. Лекин доим ҳам ўйламаймизки, бу изланишлар, янгиликларни қилиш учун олимларга қулай шарт-шароитлар ва моддий-техник база ҳам жуда зарур ҳисобланади.

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари эса сиз кўрган шароитларда ҳам тўхтаб қолаётгани йўқ. Қатор фундаментал тадқиқотлар натижасида ўзбек тили ривожи учун янгиликлар қилишмоқда. Бу ҳақда институт директори ўринбосари Манзура Отажон шундай дейди:

– Ўтган вақт мобайнида институт илмий жамоаси томонидан ўзбек тили, фольклори ва адабиёти соҳасида қатор фундаментал илмий тадқиқотлар амалга оширилди. Бунинг натижаси ўлароқ миллатимиз маънавий қиёфасини шакллантиришда беқиёс ўрин тутган фольклор асарлари, Алишер Навоий асарларининг 15, 20, 10 жилдликлари, Ойбек асарларининг 20 жилдлиги, ўзбек адабиёти тарихига оид сериялар, изоҳли, имло, таржима ва бошқа кўплаб қайта-қайта тўлдирилиб чоп этилган луғатлар, ўзбек тили, адабиёти ва фольклорига оид академик ва монографик китоблар яратилди, бемисл қимматга эга фольклор архиви ташкил этилди.

Кўп жилдлик «Алишер Навоий Қомуси» (3 томлик), «Абдулла Қодирий Қомуси», «Ўзбек адабиёти дурдоналари» (50 томлик), «Ўзбек оғзаки ижоди» (100 томлик), «Адабиётшунослик атамаларининг ўзбекча-инглизча-русча изоҳли луғати» (3 томлик) ва бошқа тадқиқотлар устида ҳаракатлар бугун ҳам давом этмоқда, – дейди у.

Олимлар билан суҳбатлашиб, институтдан чиқар эканмиз, Шаҳрисабз кўчасига яна бир бор эътибор бердик. Кўчанинг икки томонида ҳам замонавий бинолар, бизнес марказлар бор: уларнинг қадди-басти, баландлигига қарасангиз дўппингиз бошдан тушади, маҳобатидан ҳайратингиз ошади.

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари ишлаётган эски бинода эса замонавийликдан асар ҳам сезилмайди. Унинг ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам ёқимсиз эскиликнинг ҳиди анқиб тургандек.

Ўйлаймизки, соҳага жавобгар масъул мутасаддилар, идоралар олимларимизнинг мурожаатларига бефарқ қарамайди. Чунки юқорида ҳам айтганимиздек, Ўзбек тили нуфузи ва қадрини ошириш ҳаракатлари бошланган пайтда мазкур институт ислоҳотлар марказида туриши мантиқан тўғрироқ бўларди.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид