Иқтисодиёт | 12:24 / 09.11.2020
15734
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «истеъмол саватчаси» нега қабул қилинмаяпти?

Жорий йилнинг 1 октябригача яшаш учун минимум ҳамда «истеъмол саватчаси»нинг энг кам миқдори норматив-ҳуқуқий асослари яратилиши маълум қилинганди. Шу пайтгача қабул қилинмаётган «истеъмол саватчаси»нинг энг кам миқдори ҳақидаги масалага Обид Ҳакимов жавоб берди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов 5 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда яшаш минимуми ёхуд «истеъмол саватчаси»нинг энг кам миқдори эълон қилинишига оид саволга жавоб берди. Хусусан, журналист Аваз Тоҳиров яшаш минимуми очиқланмаслиги унинг бюджет харажатларига қўшимча юк бўлиши билан изоҳланадими, дея савол берди.

«Бу масаланинг битта сабаби, деб бўлмайди. Бу ҳам сабаблар ичида бўлиши мумкин. Асосий масала — бизда бу (яшаш минимуми – таҳр.) чуқур тадқиқ этилмаган. Таъкидлаш жоизки, у нарсани (яшаш минимуми – таҳр.) ҳисоблашда аҳоли даромадларини ўлчаш мезони мавжуд. Масалан, Ўзбекистонда 13 миллион одам меҳнат қилаётган бўлса, улардан 4,5 миллионга яқини солиқ тўлайди. Қолганларнинг даромади ҳақида расмий ҳисоб йўқ. Ҳар битта оилада қанча даромад бўлишини қаердан биламиз? Чуқур тадқиқот зарур. Истеъмол харажатларини қандай билиш мумкин? Тадқиқот керак.

Ўзбекистон ичида ҳам ҳудудлар кесимида фарқлар мавжуд. Баъзи бир ҳудудлар рацион (овқатланиш нормаси – таҳр.) бошқа ҳудудлардан фарқ қилади. Баъзи бир ҳудудлар одатлари бошқалардан фарқ қилади. Бу нарсалар (яшаш минимумида) акс этиши керакми?», — деган у.

 Обид Ҳакимов 

«Истеъмол саватчаси» – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. «Истеъмол саватчаси» энг кам иш ҳақи ва пенсиялар, базавий ижтимоий тўловлар, ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар каби моддий эҳтиёж миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлиши керак.

Анъанага кўра, «Истеъмол саватчаси» 3 қисм – озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлардан иборат. Ноозиқ-овқат товарларига кийим-кечак, пойабзал, биринчи навбатда зарур бўлган буюмлар, дори-дармонлар, маданий-маиший ва хўжалик учун мўлжалланган товарлар ва ҳоказолар киради. Хизматлар рўйхатидан эса коммунал, транспорт хизматлари, маданий-маърифий жабҳалар ўрин олади.

Одатда «Истеъмол саватчаси» аҳолининг 3та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи – меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун ишлаб чиқилади. Яъни аҳолининг турли қатламлари тирикчилиги учун зарур энг кам миқдорни белгилашда муайян даврда истеъмол саватчасидаги барча неъматларни истеъмол қилиш нормаларини аниқлаш зарур. Масалан, оддий фуқаро нормал ҳаёт кечириши учун ҳар куни истеъмол қилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва миқдорини ҳисоблаш ёки барча коммунал харажатларни қоплаши учун ойига қанча сумма зарурлиги аниқланади.

 Ўзбекистон молия вазири лавозимида ишлаган (айни пайтда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири) Жамшид Қўчқоров истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимумини ҳисоблаб, эълон қилиш учун ҳеч қандай муаммо йўқлиги, 2020 йил давомида яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасига оид рақамлар эълон қилинишини маълум қилганди.

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.

Жорий йил июнда президент иштирокида ўтказилган видеоселекторда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқуловга жорий йилнинг 1 октябрига қадар яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, тақдимот қилиш вазифаси қўйилганди.

Маълумот учун, президентнинг 2018 йил 22 январдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармонига кўра, Ўзбекистонда «Тирикчилик учун зарур энг кам миқдор» ва «Истеъмол саватчаси» тушунчаларини 2018 йилнинг 1 июлидан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш белгиланганди.

Мавзуга оид