Жаҳон | 14:36 / 10.11.2020
43337
11 дақиқада ўқилади

Уруш якуни. Пашинян Алиев ва Путин билан келишди, Қорабоғга рус тинчликпарварлари жойлаштирилмоқда

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Россия президенти Владимир Путин билан Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни тузганини хабар қилди. ArmInfo томонидан тарқатилган хабарга кўра, келишув асосида ҳудудга россиялик тинчликпарвар кучлар олиб кирилади, Арманистон эса 20 ноябрга қадар Агдам, Келбажар ва Лачин туманларини Озарбойжонга қайтаради. 

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин ҳам ҳудудга тинчликпарвар кучлар киритилишини тасдиқлаган.

«9 ноябрь куни Озарбойжон Республикаси президенти Алиев, Арманистон Республикаси бош вазири Пашинян ва Россия Федерацияси президенти 2020 йилнинг 10 ноябридан Тоғли Қорабоғ ҳудудида ўт очишни бутунлай тўхтатишни назарда тутувчи баёнотни имзолади», дея Россия раҳбарининг сўзларини келтирган РИА Новости агентлиги.

Россия тинчликпарварлари аллақачон Арманистон ва Озарбойжон чегаралари туташган ҳудудга келишни бошлаган. Сешанба куни тонгида Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий техникалар колоннаси Ульяновск аэродромига йўл олгани акс этган тасвирларни эълон қилганди. Контингентнинг асосини Марказий ҳарбий округнинг 15-мотоўқчилар бўлинмаси ташкил этади. Можаро ҳудудига россиялик ҳарбийлар чиққан ўнта самолёт учиб кетган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, айни вақтга келиб россиялик ҳарбийлар Тоғли Қорабоғга жойлаштирилиши бошланган.

Ҳозирда Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилган.

Сиёсатчиларнинг изоҳлари
Арманистон бош вазири Никол Пашинян ватандошларидан узр сўради.

«Баёнот матни шахсан мен учун ва барчамиз учун ниҳоятда оғир. Ҳарбий вазиятни чуқур таҳлил қилиш натижасида... ва юзага келган ҳолатда бу энг яхши қарор эканлигига ишонган ҳолда қарор қабул қилдим. Россия ва Озарбойжон президентлари билан биргаликда соат 01:00дан бошлаб Қорабоғ урушини тугатиш тўғрисидаги баёнотни имзоладим», деган Пашинян ўзининг фейсбукдаги саҳифасида.

У бундай қадамни ҳозирги вазиятда энг яхшиси деб атаган ва ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилиши ғалаба ҳам, мағлубият ҳам эмаслигини айтиб ўтди.

Арманистон президенти Армен Саркисян эса Қорабоғ бўйича келишув ҳақида ОАВ орқали хабар топганини билдирган.

«Республика президенти сифатида, афсуски, мен билан ҳеч қандай маслаҳат қилинмади, бу ҳужжат бўйича муҳокама ўтказилмади ва мен музокараларда иштирок этмадим», деган у. 

У урушнинг тўхтатилиши тўғрисидаги битим «ҳар томонлама консультация ва муҳокама предмети»га айланиши кераклигини, «миллий манфаатларни ҳимоя қилиш бўйича кун тартибидан келиб чиқадиган қарорларга иложи борича тезроқ келишиб олиш учун» сиёсий консультациялар ташаббуси билан чиқаётганини билдирган.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳам миллатга мурожаат билан чиқди. У келишув Озарбойжон ва Арманистон халқлари манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда тузилгани, тинчликпарвар кучлар таркибида турк ҳарбийлари ҳам бўлиши ҳақида хабар қилган. Алиев келишув шартларини санаган ва Қорабоғ урушидаги узил-кесил ғалаба ҳақида эълон қилган.

Унинг сўзларига кўра, «ҳарбий фазадаги фаол ҳаракатлар тўхтаган, сиёсий фаза бошланган». «Биз зиддиятни ҳал қилишнинг ҳарбий йўли ҳам борлигини кўрсатдик. Ўзимиз учун максимал даражадаги фойдали ҳужжатни имзоладик. Пашинянда уни имзолашдан бошқа йўл йўқ эди. Токи мен президент эканман, Қорабоғнинг ҳеч қандай алоҳида мақоми бўлмайди!», дея қўшимча қилган Озарбойжон президенти.

Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова Илҳом Алиевнинг тинчликпарвар кучлар таркибида турк ҳарбийлари ҳам бўлиши ҳақидаги сўзларини рад этди.

Томонлар нималарга келишди?
ArmInfo ахборот агентлиги ҳужжат матнини келтирган. Унга кўра, россиялик тинчликпарвар кучлар контингенти «Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғи ва Лочиндаги йўлак бўйлаб» жойлаштирилади, унинг таркиби – ўқотар қурол билан қуролланган 1960 нафар ҳарбий хизматчи, 90та бронетранспортёр, 380та автомобиль ва махсус техникалардан иборат.

Россиялик тинчликпарвар кучлар можаро ҳудудида 5 йил давомида бўлишади, томонлар розилиги билан бу муддат яна 5 йилга узайтирилиши мумкин.

Арманистон собиқ иттифоқ даврида Тоғли Қорабоғ таркибига кирмаган ва 1990-йиллар бошида эгаллаб олган ҳудудларини Озарбойжонга қайтаради. Арманистон 15 ноябргача Келбажар туманини, 1 декабргача Лочин туманини Озарбойжонга топшириши кераклиги белгиланган. Арманлар Тоғли Қорабоғни Арманистон билан боғлаш учун Лочин йўлагини (кенглиги 5 км) ўзида қолдиради. Бу йўлак Россия тинчликпарвар кучлари томонидан қўриқланади.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳудуди 2020 йилдаги уруш чоғида Озарбойжон қўшинлари томонидан эгалланган ҳудудлар ҳисобига қисқаради. Бошқа бир қатор туманлардан ташқари, арманлар Қорабоғдаги (стратегик ва рамзий маънолардаги) асосий шаҳарлардан бири Шушадан ажралади, бу шаҳар озар ҳарбийлари томонидан 7-9 ноябрь кунлари эгалланганди. Шушадан 10 км масофадаги Хонканди (Степанакерт) эса арманлар назорати остида қолади.

Тоғли Қорабоғнинг ҳозирги харитаси

Томонлар бутун ҳудудга қочқинларни қайтариш бўйича келишиб олган. Озарбойжон ҳудудлари Бокуга қайтариб берилаётгани ҳисобга олинса, гап озарбойжонликларни Қорабоғнинг Арманистон қисмига қайтариш ҳақида бормоқда; Қорабоғда 1990-йиллардаги урушгача озарлар яшарди. Жараённи БМТ назорат қилади.

Арманистон ҳам Озарбойжоннинг ғарбий ҳудудлари ва Нахичеван мухтор республикасини ўзаро боғлаш учун йўлак қолдиради. Россия ҳарбийлари томонидан қўриқланадиган бу йўлак Озарбойжоннинг асосий ҳудудидан Арманистон томонидан ажратиб қўйилган эксклавга олиб боради.

«Бу ғалаба эмас, аммо ўзингни мағлуб деб ҳисобламас экансан, мағлубият ҳам йўқ. Биз ҳеч қачон ўзимизни мағлублар деб тан олмаймиз, бу бизнинг миллий жипслашувимиз, қайта тикланиш эраси бошланиши бўлиши керак. Биз келажакни режалаштириш ва ўтмиш хатоларини такрорламаслик учун мустақиллик йилларидаги ҳаракатларимизни таҳлил қилишимиз керак», деди Пашинян фейсбукдаги саҳифасида.

У Арманистондалиги ва вазифасини бажаришда давом этаётганини билдирган.

Намойишчилар Арманистон парламенти ва ҳукумат биносига бостириб киришди
Тоғли Қорабоғ бўйича тинчлик келишуви тузилгани маълум бўлгач, Ереван марказида оммавий норозилик акциялари бошланиб кетди. Ҳукумат биноси қаршисидаги майдонда бир неча минг киши тўпланди, кўп ўтмай улар ҳимоя ҳалқасини ёриб ўтиб, мажмуа ҳудудига бостириб киришди.

Vahram Baghdasaryan / EPA / Scanpix / LETA

Ўнлаб кишилар эшик ва деразаларни синдиришган, Пашиняннинг кабинетини вайрон қилишган. 

BBC рус хизмати воқеа жойидан хабар беришича, агрессив кайфиятдаги ўнлаб кишилардан иборат гуруҳ давлат ташкилотлари биноларини қамал қилишган. Мухбирнинг хабар қилишича, йиғилганлар ҳукумат алмашинувини талаб қилишган. «Бу одамлар келишув шартларини ва унга Никол Пашинян рози бўлишини хиёнат ёки ҳатто Арманистоннинг капитуляцияси деб баҳолашмоқда. Улар охиригача, ғалабагача курашиш керак эди деб ҳисоблашмоқда. Уларда бундай ишончни Мудофаа вазирлигининг айрим вакилларининг фронтдаги ишлар у қадар ёмон эмаслиги тўғрисидаги сўзлари уйғотган бўлиши мумкин», деган мухбир.

Полиция намойишчиларнинг ҳаракатларига қаршилик кўрсатмаган. «Интерфакс» мухбири хабар қилишича, намойишчиларнинг бир қисми Пашинян яшайдиган уйга йўл олган. «Ҳудудни қўриқловчи ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бош вазир уйда эмаслиги, вақти-вақти билан полиция ҳамда намойишчилар ўртасида тўқнашувлар бўлиб тургани ҳақида хабар беришган», – дейилади агентлик хабарида.

Бундан ташқари, намойишчилар Арманистон парламенти биносига бостириб киришган. «Биз Никол Пашинянни истаймиз. Унга бундай келишувни имзолашга ким ҳуқуқ берди», – дея намойишчилардан бирининг сўзини келтирган ТАСС агентлиги.

Намойишчиларнинг бир гуруҳи парламент спикери Арарат Мирзоянни хизмат машинасидан тушириб, калтаклашган. Ҳозирда у турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, унинг ҳаётига хавф йўқ.

Армия талаби
Арманистон бош вазири бу қарорга келиши армия талаби билан бўлганини маълум қилди.

«Мен бу қарорни армия кўп вақтдан буён шундай қадам ташлаш зарурлигини таъкидлаб келаётгани учун қабул қилдим. Армиядагилар тўхташ кераклиги, ечими кўринмаётган бир қатор муаммолар борлиги, уларни ҳал қилиш учун етарли ресурслар мавжуд эмаслигини айтиб келишарди», – деган у.

У армия бир неча марта урушни тўхтатишни сўраганини қайд этган. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, мамлакатда урушни давом эттириш учун сафарбарлик билан боғлиқ муаммолар кузатилган.

Душанба тонгида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси раҳбари Араик Арутюнян шундай деганди: «Агар ҳарбий ҳаракатлар давом эттирилганида, бир неча кун ичида бутун Арцахни (Тоғли Қорабоғ) йўқотардик, жуда кўп қурбон бериларди».

Шушанинг бой берилиши ва руслар вертолёти уриб туширилиши
Озарбойжон ҳарбийлари ҳудуддаги стратегик муҳим шаҳар Шушани қўлга киритгач Тоғли Қорабоғдаги воқеалар ривожи тезлашиб кетди – бу шаҳар тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси маркази Хонканди (Степанакерт) шаҳридан 11 км масофада жойлашган. Бу шаҳар озар ҳарбийлари назоратига ўтгани ҳақида Алиев якшанба куниёқ хабар қилганди. Арманистон томони аввалига бу маълумотни инкор этди, фақат душанба кунига келиб шаҳар бой берилгани тан олинди.

Душанба куни озарбойжонлик ҳарбийлар Арманистон ҳудудида Россиянинг Ми-24 русумли ҳарбий вертолётини уриб туширишди, экипажнинг икки аъзоси ҳалок бўлиб, бири ўрта оғирликдаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, вертолёт кўчиб юрувчи зенит-ракета комплекси томонидан уриб туширилган.

Маълум қилинишича, ҳодиса Ераск қишлоғи яқинида юз берган. Бу қишлоқ Арманистон ва Озарбойжондаги Нахичевань автоном республикаси чегарасида — икки мамлакат ўртасидаги жанговар ҳаракатлар давом этаётган Тоғли Қорабоғдан 100 километрдан узоқроқ масофада жойлашган. Ераск қишлоғидан Туркия ва Эронгача бўлган масофа 10 километрдан камроқни ташкил қилади.

Озарбойжон Россиядан расман узр сўради ва товон пули тўлаб беришга розилигини билдирди. Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Тоғли Қорабоғ можаросида фаол жанговар тўқнашувлар юз бераётган бир пайтда вертолёт Арманистон–Озарбойжон чегарасининг яқинидан учиб ўтгани ва у хатолик сабабли уриб туширилганини маълум қилди.

«Озарбойжон томони тасодифий характерга эга бўлган ва Россия томонига қарши қаратилмаган мазкур фожиали ҳолат муносабати билан Россия томонидан узр сўрайди», дейилади вазирлик хабарида.

Парвоз сутканинг қоронғи пайтида паст баландликда, ҳаво ҳужумига қаши воситаларнинг радарлари аниқлаши мумкин бўлган ҳудуддан ташқарида амалга оширилгани, бундан ташқари, ҳодиса юз берган ҳудудда аввал Россия вертолётлари қайд этилмагани айтиб ўтилган.

Кейинроқ Озарбойжон президенти бундан кейин бундай ҳолатга йўл қўйилмаслиги ва айбдорлар жазоланишига ваъда берди.

Уч томонлама келишув ҳақида эълон қилинишидан бироз аввалроқ Арманистон Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлган учувчиларга Арманистон давлат мукофотлари берилишини маълум қилди.

Мавзуга оид