Ўзбекистон | 16:09 / 13.11.2020
8344
12 дақиқада ўқилади

Made in Uzbekistan брендини мустаҳкамлаш учун нималар қилиш керак? Ўзстандарт агентлиги раҳбари билан суҳбат

Ҳаётда ўлчамли, миқдорли бўлмаган ҳеч бир нарса йўқ. Қолаверса, қадимда ҳам, бугунги кунда ҳам ҳар бир нарса сифати билан ўлчанади. Барча нарсанинг талаб ва меъёрлари мавжуд. Тановул қилаётган таомларимиз-у, кияётган либосларимиздан тортиб, яшаб турган хонадонимиз ва бошқараётган автомобилимизгача – барчасининг талаблари бор.

Ўзбекистонда стандартлаштириш, сифат назорати соҳасидаги ҳолат қандай? Тизимда қандай ютуқ ва камчиликлар бор? Соҳага оид масалалар юзасидан «Ўзстандарт» агентлиги бош директори Дилшод Сатторов билан суҳбатлашдик.

Сифат инфратузилмаси ҳақида

— Маҳсулотнинг сифати, хавфсизлиги жуда долзарб. Шу сабаб 28 сентябрда ҳам йиғилиш бўлиб ўтди. Бу йиғилишда миллий сифат инфратузилмасини шакллантириш, миллий сифат инфратузилмаси муҳитини яратиш масалалари кўриб чиқилди. Бугун бизнинг олдимизда турган муҳим вазифа ҳам маҳсулотлар сифати ва уларнинг хавфсизлигидир.

«Ўзстандарт» бу – махсус сифат инфратузилмаси ва у бир яхлит тизим. Яъни агентликнинг ўз вазифалари бор. Бундан ташқари, сифат инфратузилмаларида синов лабораториялари, мувофиқликни баҳолаш, сертификатлаштириш идоралари, аккредитация маркази, стандартлаштириш институти ва шу йўналишда хизмат кўрсатадиган ҳамда меъёрий ҳужжатларини тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар билан бирга ишлаб чиқарадиган стандартлаштириш институтлари бор.

Шунинг учун ҳар биттасининг фаолиятини алоҳида бугунги кунда яртилган тизим бўйича баҳолаб боряпмиз. Ҳар бир йўналишдаги камчиликлар, муаммоларнинг таҳлилини қилиб, бу борада бир қатор қарорлар қабул қилинган. Бевосита тадбиркорлар учрашганда ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишдаги қонунчиликка тўғри келмайдиган ҳолатлар барчаси биргаликда ўрганиляпти.

«Мувофиқлик сертификати хорижда ҳам ишончли бўлиши керак»

— Мақсад экспортбоп маҳсулотларнинг сифатли эканини тасдиқлаш. Яъни синов лабораториялари холисона, шаффоф ишлаши ҳамда ўзи ўтказган синовлар ҳақида баённомалар тузиб, мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириши керак. Мувофиқлик сертификатлари ички ва ташқи ишлаб чиқарувчиларга ҳамда истеъмолчилар учун ишончли бўлиши керак.

Бунинг учун, аввало, халқаро аккредитацияга ўтиш, синов лаборатория базасини янгилаш, такомиллаштириш ва энг асосийси кадрлар тайёрлаш йўналишида ишлар олиб борилиши лозим. Хусусан, ҳар бир лаборатория йўналишига мутахассисларни тайёрлаш бўйича Жаҳон банки билан лойиҳа амалга ошириляпти. Бунинг доирасида янги, замонавий, мураккаб ускуналар билан ишлайдиган мутахассислар тайёрланмоқда. Улар инглиз тилини ўрганиб, ўз билимини оширмоқда.

Шунингдек, ускуналарнинг технологик жиҳати, улар билан ишлаш йўналишларини ҳамда халқаро стандартларда белгиланган синов усулларини ўзлаштириш ва харид қилинадиган ускуна билан синовни амалга ошириш бўйича ўқув жараёнлари ўтказилади.

2021 йилнинг 1 январидан бошлаб малакали мутахассисларимиз Ўзбекистондаги мураккаб ускуналар билан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барча кўрсаткичларини текшира оладиган бўлади. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги ва унинг сифатли эканини тасдиқлаб, озиқ-овқат саноатида қайта ишланган, қўшилган қиймати юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини хорижга экспорт қилишга хизмат қилади.

«Ўзстандарт» агентлиги бош директори Дилшод Сатторов

«Сифатли маҳсулот экспортида тадбиркор масъулияти ҳам бор»

— Маҳсулотга ишонч тегишли идоралар, хусусий секторда хизмат кўрсатаётган синов лаборатория ёки сертификатлаштирадиган идораларнинг хулосаларига боғлиқ. Шунингдек, карантин инспекциялари хулосалари, яъни маҳсулотни сифатли дейиш учун унинг ичида зараркунандалари бўлмаслиги, тижорат стандартларига мувофиқ ўлчам ва ҳажмда бўлиши керак.

Бундан ташқари, 3-босқичда ичида доривор воситалари меъёрдалиги, инсон соғлиғига зиён етмаслиги кафолатланиши даркор.

Маҳсулот жўнатилгандан кейин, у ерда сифатсиз деган масала кўтарилмаслиги учун шу ерда экспортга жўнатишдан олдин, барча талабларни тадбиркор билан бирга амалга ошириш, тадбиркорга мавжуд талабларни тушунтириш бизнинг асосий вазифамиз саналади.

Мураккаб туюлган жараён аслида содда ва осон. Бу ерда тадбиркорнинг ҳам масъулияти бор. Чунки у доим сифатли маҳсулот етказиб бериши керак.

«Европа ўзбек маҳсулотларига ишонди»

— Охирги 3 йилда биз учун олис бўлган бозорлар ҳам очилиб тадбиркорларимиз бемалол кириб боряпти. Эндиликда савдонинг миқдорини ошириш керак бўлади. Чунки Европа маҳсулотларимизга ишонди, уларни олиб истеъмол қилмоқда. Биз ўз устимизда кўпроқ ишлаб, яна ҳам сифатли маҳсулот тайёрлашимиз керак. Бугун экспорт қилинаётган маҳсулотларга халқаро сертификатлаш идораларининг ҳам сертификатлари берилган. Global GAP, Organic, HACCP тизимлари ва ISO-9001 сифат менежменти тизимлари жорий қилинган. Маҳсулотнинг ўзи ҳамда уни етиштириш, қайта ишлаш жараёнига сифат менежменти тизимлари жорий қилинганлиги боис, хориж бозорлари очилиб боряпти. Тадбиркорларнинг сифатли маҳсулот етиштиришда эришган ютуқларини қўллаб-қувватлашимиз керак.

Халқаро стандарт, миллий стандарт: фарқи нимада?

— Бутун дунёда юқори технологиялар ишлаб чиқариш жорий этилди. Охирги 2–3 йил давомида ўзимизда олдин мавжуд бўлган давлат стандартларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришни бошладик ва бу кўрсаткич 40 фоиздан ошди. Йилнинг охиригача 50 фоиздан ошади.

Миллий стандартларни шакллантириш учун ҳар бир соҳанинг ўз техник қўмитаси бўлиб, у стандартларни кўриб чиқади ва таҳлилини амалга оширади. Таҳлил натижасида ўзимизнинг миллий стандартлар шакллантирилади, улар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Миллий стандартлар керак бўлса халқаро стандартлардан ҳам юқори бўлиши ва биз бутун дунёга шу стандартимизни олиб чиқишимиз керак.

Сифатни текширишда рақобат муҳити

— «Ўзстандарт» агентлиги тизимидаги синов лабораторияларни қайта жиҳозлаш, модернизация қилиш билан бир қаторда, хусусий секторда тадбиркорлар томонидан жуда кўплаб лабораториялар ташкил этиляпти. Яъни соҳада рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда ривожлантириш учун ваколатли идоралар синов базаси ва хусусий сектор лаборатория базаларини кенгайтириш керак.

Бугунги кунда енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қурилиш, электротехника соҳасида синов лабораториялари яратиляпти. Озиқ-овқат йўналиши бўйича тадбиркорлар томонидан Юнусобод туманида жуда катта лойиҳа амалга ошириляпти. Уларда маҳсулотларнинг тўлиқ синовини ўтказадиган 4га яқин лаборатория бор.

Қайд этиш керак, айрим ҳолларда хусусий сектор биздан ҳам юқори даражада жиҳозланган лабораторияларни ишга туширмоқда. Қанча кўп лаборатория бўлса, тадбиркорга шунчалик сифатли хизмат кўрсатилади.

400 млрд сўмлик 40та лаборатория

— «Ўзстандарт» агентлиги тизимидаги синов лабораторияларни жиҳозлашга охирги 3 йилда 38 млрд сўм йўналтирилди. Шунингдек, 2020 йилнинг ўзида Жаҳон банки ҳамкорлигида вилоятлардаги 8 ҳудудда 9,5 млн долларлик лабораториялар шакллантирилди.

Шу билан бирга, янги чиқаётган маҳсулотларнинг синовини амалга оширадиган лабораторияларга эҳтиёж ошмоқда. Шу сабаб келаси йили 12та лойиҳа режаланмоқда, унинг ичида 40дан зиёд лаборатория ташкил қилинади. 8-9 йўналишни қамраб оладиган, ҳам ички, ҳам хориж буюртмалари бўйича синовни амалга оширадиган лаборатория пайдо бўлади. Бу 400 миллиард сўмга тўғри келадиган лойиҳалардир.

Тендерни шаффоф ўтказиш мақсадида халқаро экспертлар жалб этилади. Ускунани олиб ишламаган лабораториялар ҳам кўп, аслида, харид қилиб, келтирилган ҳар бир ускуна хизмат қилиши керак.

«Made in Uzbekistan» брендида агентлик ўрни

— «Made in Uzbekistan» брендини мустаҳкамлаш учун аввало ишлаб чиқариш билан бирга ишлашимиз, уни сифатли эканини тасдиқлашимиз ва истеъмолчига етказишимиз керак.

Савдо-саноат палатаси, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзи билан четдаги маҳсулотдан устунлик жиҳатларимизни яратишимиз керак.

Сифатсиз кўмир хусусида

— Кўмирнинг ҳам нави ва маркалари бор. Сифат деганда унинг намлиги, у чиқарадиган иссиқлик миқдори ва унинг ўлчамлари энг асосий кўрсаткичлардан ҳисобланади. Бу кўмирни ишлаб чиқариш мақсадларига ҳам боғлиқ. Aйтайлик, электр энергия ишлаб чиқарадиган йирик корхоналарда кўмир майдаланган ҳолатга келтирилиб ёқилади.

Коммунал, ижтимоий соҳаларга етказиладиган кўмирнинг талаби эса бошқача бўлади. Стандарт талаблари бўйича, аҳолига етказиб берилаётган кўмир ўлчами 5 см.дан 20 см.гача бўлиши керак. Шунингдек, унинг ичидаги майда кукун миқдори ва унинг иссиқлик чиқарадиган кўрсаткичлари ҳам белгиланган.

Биз истеъмолчига етказилаётган кўмирнинг сифати ва етказилиши билан боғлиқ жараённи ўргандик. Шунда намлиги, иссиқлиги ва ўлчами тўғри келмайдиган 8 ҳолат аниқланди. Истеъмолчига нима учун сифатсиз кўмир етказилгани сабабини аниқлаяпмиз. Бу юзасидан қўшимча маълумот ҳам берилади.

Стандартлар – бу манфаатлар тўқнашуви(ми)? Агентлик ташқи босимларга қанчалик бардошли?

— Бу ерда ҳеч қанақа босим йўқ. Чунки агентлик бевосита маҳсулот синовини ўтказмайди. Aккредитациядан ўтган синов лабораториялари мавжуд. Хусусий сектор жуда кенг ривожланяпти. Қолаверса, давлат идораларининг ҳам синов лабораториялари бор. Синов лабораторияларни янгилаш жараёнида шундай ускуналар оляпмизки, олдин у қўлда натижани ёзаётган бўлса, бугун оддий чекдек кўрсаткичлар чиқиб келади ва маълумот компьютерда сақланади.

Яъни мувофиқликни баҳоловчи идоралар аккредитациядан ўтгандан кейин мустақил ҳисобланади. Уларга босим ёки тазйиқ ўтказишнинг имкони йўқ. Озиқ-овқат йўналишининг ўзида 60дан зиёд стандартлаш, 30дан ортиқ сертификатлаш идоралари бор. «Ўзстандарт» агентлиги вазифаси шу идораларнинг тўғри ва шаффоф ишлашини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ечиш, фаолиятини мувофиқлаштириш саналади.

«Миллий сифат – бу хулосага бўлган ишонч билан ўлчанади»

— Миллий сифат инфратузилмасини яратиш деганда сертификатлаштириш идораларига, унинг хулосасига ишонч пайдо бўлиши кераклиги тушунилади. 16дан зиёд хорижий сертификатлаштириш идоралари бизда фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг доимий сифатли ишлашини таъминласак, мақсадга эришамиз.

Бугунги кунда кўп сертификатлар чет элга ўтяпти. Сертификатлаш идоралари шаффоф ишлаши учун информацион технологиялардан фойдаланилмоқда. Текширув жараёнлар очиқ. Истеъмолчи ҳам, ишлаб чиқарувчи ҳам текширув жараёнини бемалол кузата олади.

Соҳа коррупциядан холи деб айта оласизми?

— «Ўзстандарт» агентлигида 1 ноябрдан коррупцияга қарши комплаенс бўлими ташкил этилди. Бу бўлим томонидан ҳар бир ҳолатни танқидий баҳолаб, тегишли чоралар кўриш ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш амалга ошириляпти. Хизмат кўрсатиш соҳаларида эса қонунчилик орқали тўғри ишлашга шароит яратиб беришимиз керак.

Бу соҳада ҳам рақобат муҳити ривожланса, коррупциядан холи бўла бошлайди.

«Кўпроқ миллий маҳсулотларни харид қилишсин»

— 12 ноябрь – Халқаро сифат куни муносабати билан истеъмолчиларимиздан ўзимизнинг миллий маҳсулотларимизни кўпроқ истеъмол қилишларини сўраб қолардим. Чунки бизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг яроқлилик муддати узоқ эмаслиги, уларнинг табиий нарсадан тайёрланаётганини англатади. Шу боис, миллий маҳсулотларимизни истеъмол қилишни, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ишонишларини сўрайман.

Шунингдек, харидорларни миллий маҳсулотларимизни савдо расталари, савдо тармоқларидан харид қилишга чорлаймиз. Чунки савдо расталарида маҳсулотни сақлаш, ишлаб чиқариш жараёнлари ва сертификатларига жиддий эътибор қаратилади.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид