Фан-техника | 20:47 / 17.11.2020
2556
2 дақиқада ўқилади

Лондонда автоном электромобиллар дори-дармон етказади

Британия пойтахти Лондоннинг Хаунслоу туманида дори-дармон етказиш учун мўлжалланган автоном электромобиллар синовдан ўтказила бошланди.  

Фото: Academy Of Robotics

Робототехника академияси томонидан ишлаб чиқилган Kar-go электромобили Британияда етказмаларни амалга оширадиган биринчи ўзи бошқарилувчи транспорт бўлади.   

Академия роботлаштирилган автомобил устида 4 йил иш олиб борган. Kar-go 96 км/соат билан ҳаракатлана олади ва қайта қувватланишсиз 3 соат давомида 48 та жўнатмани ўз манзилига етказиши мумкин. 

Антиқа автомобил сунъий онгга эга ҳайдовчисиз бошқариш технологияси билан жиҳозланган. Сунъий онг манзилгача энг қисқа йўлни ҳисоблаб чиқади ҳамда жўнатмаларни саралайди. Электромобиллар келгусида ўзи мустақил ҳаракатланса-да, синовлар вақтида хавфсизлик чораси сифатида унинг ичида операторлар бўлади.   

Компания етказмаларнинг контактсиз шаклини синаш мақсадида дорихоналардан олинган дори-дармонни қариялар уйларига етказишга қарор қилган. Транспорт воситаси жўнатмани белгиланган манзилга етказгач, смартфондаги дастур бу ҳақда жўнатма олувчисини хабардор қилади.   

Робототехника академияси янги электромобилнинг бошқа ҳудудларда яна бир нечта синовини ўтказишни режалаштирган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид