Жаҳон | 22:39 / 20.11.2020
5554
2 дақиқада ўқилади

Туркия хорижий сайёҳларни комендантлик соатига амал қилишдан озод этди

Туркияда хорижий сайёҳларга коронавирус тарқалиши олдини олиш учун киритилган комендантлик соатига амал қилмасликка рухсат берилди. Улар дам олиш кунлари амал қиладиган комендантлик соати вақтида ижарага олинган машиналарда мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланишлари мумкин бўлади.

Фото: Reuters

Мамлакатда, шунингдек, ресторан, кафе, кинотеатр ва маданий объектлар ташрифлар учун ёпиқ бўлади. 

“Туркияга сайёҳлик мақсадларида келувчи хорижликлар комендантлик соатидан озод қилинди”, деб маълум қилинган Туркия ички ишлар вазирлигида. 

Шунингдек, меҳмонхоналардаги ресторан ва кафелар ҳамда аэропортлардаги овқатланиш жойлари ва дўконлар одатдаги тартибда ишлашни давом эттиради. 

Аввалроқ Туркияда 20 ноябрдан бошлаб дам олиш кунлари комендантлик соати киритилиши эълон қилинганди. Унга кўра, шанба соат 20дан якшанба соат 10гача ва якшанба соат 20дан душанба соат 5гача кўчага чиқиш тақиқланади. Дўконлар, сартарошхоналар, гўзаллик салонлари ва шунга ўхшаш хизмат кўрсатиш шохобчалари соат 10дан соат 20гача ишлайди. Спорт заллари, кинотеатр ва музейлар ёпилади. Спорт тадбирлари томошабинларсиз ўтказилади.    

Туркия ҳукумати 15 кун давомида киритилган чоралар наф бергани-йўқлиги ортидан кузатув олиб боради. Шундан кейин улар кутилган самара бермаган деб топилса, янада қатъийлаштирилиши мумкин. Жумладан, дам олиш кунлари уйлардан чиқиш тўлиқ тақиқланиши мумкин.

Охирги маълумотларга кўра, Туркияда сўнгги суткада 4,5 мингдан кўпроқ, пандемия бошидан бери эса 430 мингдан кўпроқ касалланиш ҳолати қайд этилган, 12 мингга яқин одам инфекциядан вафот этган. 

Мавзуга оид