АОКА Ўзбекистондаги бошқа сайтларга ҳам огоҳлантириш хати юборган. Ҳозирча икки сайт бу ҳақда маълум қилди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 20 ноябр куни Ўзбекистондаги яна икки интернет сайтига огоҳлантириш хатлари юборган. Газета.uz ва Podrobno.uz нашрлари 26 ноябр куни ушбу ташкилотдан коронавирус беморлари учун мўлжалланган касалхоналардаги беморлар статистикаси ва ССВнинг коронавирус беморлари тўғрисидаги маълумотлар таққосланган янгиликни эълон қилгани учун «жиддий ҳуқуқий оқибатлар» ҳақида огоҳлантирилгани ҳақида хабар берди.
Газета.uz нашри баёнотида АОКА томонидан йўлланган хатдан скриншот келтирилган бўлиб, унда сайт таҳририяти келажакда текширилмаган маълумотлар эълон қилинган тақдирда «жиддий ҳуқуқий оқибатлар» келиб чиқиши огоҳлантирилган, хат агентлик директори Асаджон Ходжаев томонидан имзоланган.
Нашр ушбу огоҳлантиришга сабаб бўлган материали бўйича қисқача изоҳ берган.
«Огоҳлантириш 17 ноябр куни президент матбуот хизмати хабари асосида ёзилган «Президент поручил оптимизировать COVID-больницы» хабарига тегишли (хат рус тилидаги хабар бўйича берилган. Ўзбек тилида ушбу хабар: «Президент COVID-19 касалхоналарини оптимизация қилиш бўйича топшириқ берди»). Президент матбуот хизмати хабарида қуйидаги матн мавжуд: «Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 89та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган. Ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанмоқда… Шу муносабат билан, мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилди».
Келтирилган матнда коронавирус беморлари ва коронавирус билан касалланганлар учун мўлжалланган шифохоналар тўғрисида аниқ айтилган. Шу боис, «Газета.uz» ушбу хабарни беришда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўша куни кечки вақтда берган статистик маълумотига кўра, мамлакатда 2123 нафар коронавирус бемори даволанаётганига эътибор қаратди. Хабарни эълон қилишдан олдин таҳририят ССВга муносабат сўраб мурожаат қилди, лекин тезкор жавоб ололмади», дейилади нашр маълумотида.
Кўп ўтмай ССВ ушбу ҳолатга изоҳ бериб, 6570 нафар бемор ичида баъзи белгилари мавжуд бўлиб, касалликда гумон қилинган, лекин вирус тасдиқланмагани, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлар борлигини маълум қилган. Сайтда вазирлик изоҳи ҳам эълон қилинган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хатида «тўла текширилмаган маълумот асосида эълон қилинган хабар ва унинг кетидан билдирилган муносабат жамоатчиликда нотўғри фикрга олиб келгани» қайд этилган.
«Бу эса, ўз навбатида, мамлакат ҳукумати томонидан ушбу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга нисбатан салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиши мумкин» (агентлик томонидан бу сўзларнинг тагига чизилган), дея қўшимча қилинади хатда.
Газета.uz масалани бундай баён қилишни бўрттириш деб ҳисоблаши, огоҳлантириш хатига эса таҳририятни «ноқулай» саволлар беришни тўхтатишга мажбур қилиш бўйича кескин жавоб деб қарашини билдирган.
«Газета.uz давлат органлари фуқароларни қизиқтирган масалалар бўйича жамоатчиликка тўлиқ маълумот бермаслиги ёки умуман маълумот берилмаслиги каби ҳолатлар жуда кўп, деб ҳисоблайди. АОКА бундай вазиятларда четда қолиб кетади, жамоатчилик эса, муҳим маълумотни ололмай, ютқазади.
Ҳукуматга савол бериш, фуқаролар фикрини унга етказиш — демократик жамиятдаги ОАВнинг асосий вазифаларидан биридир. Ушбу ҳолатдаги ўқувчиларнинг изоҳлари (уларнинг мазмуни қонунчиликни бузмайди) жамиятдаги кайфиятнинг индикатори бўлиши мумкин, лекин ОАВга қарши санкция қўллаш учун сабаб эмас», дейилади нашр баёнотида.
Ўз навбатида, Podrobno.uz сайти таҳририяти ҳам «Иногда времена возвращаются: Podrobno.uz получил предупреждение АИМК за статью о статистике по ковиду» («Баъзида тарих қайтарилади: Podrobno.uz АОКАдан ковид статитистикаси бўйича мақоласи туфайли огоҳлантириш олди») сарлавҳали баёнотида юзага келган вазиятдан норозилигини ифода этган.
Бу сайтга ҳам Газета.uz билан бўлгани каби 17 ноябр кунги президент видеоселекторида айтилган рақамлар ва ССВ статистикаси ўртасидаги фарқ бўйича берилган материал туфайли хат юборилган.
Podrobno.uz таҳририяти «қандайдир оқибатлар»га ишора қилувчи ёзма огоҳлантиришни ОАВга ноқулай саволлар бермаслик ва қалтис мавзулар ҳақида ёзилмаслиги учун босим ўтказиш усули сифатида қабул қилиниши мумкин деб ҳисоблашини билдирган.
«Наҳотки сўз эркинлиги ва журналистика фикрни ҳимоя қилиши керак бўлган АОКА цензура билан шуғулланишни ва медиага воқеаларни қандай ёритишни ўргатишни бошлади», дея савол қўяди сайт.
Нашр АОКАнинг огоҳлантириш хатини тўлиқ келтирган. Бу хатга ҳам Асад Ходжаев имзоси қўйилган.
Human.uz сайти вакили, журналист Хуршид Далиев газ ва свет муаммоси барча сайтлар томонидан ёритилаётгани, шу туфайли бошқаларга ҳам шундай хат келиб қолиши мумкинлиги ҳақида ёзган ва Асад Ходжаевни президентнинг сўз эркинлиги сиёсатига қарши чиқишда айблаган.
Kun.uz’даги маълумотга кўра, Repost.uz нашри ҳам коронавирус билан боғлиқ материаллари учун АОКА томонидан огоҳлантирилган. Сайт таҳририяти ҳозирча бу борада расман маълум қилмади.
Эслатиб ўтамиз, 23 ноябр куни Kun.uz таҳририяти ҳам 22 ноябр куни эълон қилинган «Халққа свет-газ беринг!» – ижтимоий тармоқларда азалий ва оғриқли мавзу» сарлавҳали материали туфайли АОКАдан огоҳлантириш хати олганди. Унда таҳририят «жиддий ҳуқуқий оқибатлар» ҳақида хабардор қилинганди.
25 ноябр куни сайтда бу ҳақда маълум қилинган материалда Kun.uz таҳририяти томонидан АОКА бош директорининг хати «журналистик фаолият эркинлигига босим ўтказиш» деб баҳоланди ва таҳририят агентликни журналистлар билан «кураш» ўрнига мавжуд муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратишга чақирди.
Газета.uz Kun.uz’ни қўллаб-қувватлаши ва унинг чақирувларига қўшилишини маълум қилган.
Ҳозирда бошқа нашрлар ва блогерлар агентликдан худди шу мазмундаги хатлар олгани ҳақида маълум қилишмади.
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024
Ёш журналистлар жамият учун нега муҳим? Америкалик мактаб ўқувчисининг мулоҳазалари
20:01 / 26.06.2024