Ўзбекистон | 13:51 / 26.11.2020
8276
3 дақиқада ўқилади

“Gallup” агентлиги Ўзбекистон аҳолисида ижобий таассурот индекси юқори эканлигини маълум қилди

Бутун дунёда жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича энг обрўли ташкилотлардан ҳисобланган АҚШдаги “Gallup” агентлиги аҳоли ҳиссиётлари бўйича ҳисоботини (Global Emotions Report 2020) эълон қилди. Тадқиқот 2019 йилда 140 дан ортиқ мамлакатда 175 мингдан ортиқ одамлар орасида ўтказилган сўровнома ва суҳбатларга асосланган.

Фото: KUN.UZ /Муҳаммаджон Ғаниев

Сўровномада қатнашганлардан 5 та масала юзасидан ижобий таассуротлари бор ёки йўқлиги сўралган. Унда қатнашчиларнинг 71 фоизи бугун яхши дам олгани, 72 фоизи ҳаёти қизиқарли кечаётгани, 75 фоизи жилмайгани ёки кулгани, 86 фоизи эса ўзига нисбатан ҳурмат билан муносабат қилинаётганини ҳис қилишини айтган. Лекин қатнашчиларнинг камроқ қисми, яъни 49 фоизи сўровнома ўтказилган кунга қадар янги нарса ўргангани ёки қилганини айтишган.

“Gallup” сўровнома бўйича юқоридаги 5 та саволга «Ҳа» деб берилган жавобларни ижобий индексга бирлаштирган. 2019 йилда ушбу индекснинг глобал кўрсаткичлари барқарор қолган.

2019 йил юзасидан тақдим қилинган ижобий таассурот индексида давлатларнинг харитадаги ранги қанчалик тўқ яшилга мойилроқ бўлса, позитивроқ эканлиги айтилади. Аксинча, харитадаги ранглар яшилдан оққа қараб ўзгариши аҳоли кайфиятида ижобий таассуротлар камлигини билдиради.

Масалан, ушбу харитадаги маълумотларга кўра Афғонистон, Ливан, Литва, Туркия, Непал, Тунис, Эфиопия, Шимолий Кипр ҳудуди, Бангладеш, Яман, Сербия ва Миср каби давлатлар аҳолиси ижобий таассуротлар бўйича энг қуйи ўнликда жойлашган.

Панама, Сальвадор, Гватемала, Парагвай, Колумбия, Индонезия, Мексика, Никарагуа, Хитой, Коста-Рика, Дания ва Ҳондурас аҳолиси эса ижобий таассурот индексининг Топ-10 талигида жойлашган. Бундан ташқари, харитада Канада, АҚШ, Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Янги Зеландия ва Жанубий Африка Республикаси ҳам бир мунча тўқроқ рангда кўрсатилган. Сўровнома натижаларига асосланган ташкилотчилар ушбу давлатлар аҳолисида ҳам ижобий таассурот индекси юқори эканлигини кўрсатишган. Марказий Осиёдаги ён қўшниларимизда эса, Афғонистондан ташқари, Ўзбекистонга нисбатан бир мунча пастроқ натижалар қайд этилган.

“Gallup” ҳисоботда барча давлатлар рейтингини эълон қилмаган, фақатгина энг юқоридаги 10 та ва энг пастдаги 10 давлат номларини санаб ўтган.

Бундан ташқари, ушбу ҳисобот ҳеч қандай расмий мақомга эга эмас ва бутун аҳолининг кайфиятини ифода этмаслиги мумкин.

Мавзуга оид