Жаҳон | 21:14 / 27.11.2020
3573
3 дақиқада ўқилади

Путин ҳар йилги катта матбуот анжуманини 17 декабрда масофадан ўтказади

Россия президенти Владимир Путиннинг ҳар йилги катта матбуот анжумани жорий йилда 17 декабрда ўтказилади. Бу сафар анжуман коронавирус пандемияси сабабли юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият сабабли видеоанжуман шаклида ўтади.

Фото: kremlin.ru

Путин ОАВ вакиллари билан масофадан туриб суҳбатлашади. Россия ва хорижий ОАВлар ходимлари Россия президенти билан суҳбатлашиш учун Москвадаги Халқаро савдо марказида йиғилишади. Путиннинг ўзи эса коронавирус сабабли юқори хавфсизлик чоралари амал қилаётган Ново-Огареводаги қароргоҳидан алоқага чиқади.  

Ҳудудий ОАВлар учун ҳар бир федерал округда махсус майдонлар ташкиллаштирилади. Анжуман иштирокчилари сони Роспотребнадзор талаблари ҳисобга олинган ҳолда чекланади.

Путин билан матбуот анжуманда иштирок этишни истовчи журналистлар 29 ноябрдан 2 декабргача аккредитациядан ўтишлари керак бўлади.

Сентябрда Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 2020 йилда Россия раҳбарининг россияликлар билан анъанавий мулоқоти - “Путин билан жонли мулоқот” бўлмаслигини маълум қилган. Песков буни жорий йилдаги шароитлар сабабли Путин жонли мулоқотни йилнинг охирги ойларида ўтказа олишини, шу сабабли уни анъанавий шаклда ўтказиш “ортиқча” бўлишини айтган.

Бироқ таъкидланишича, бунга бошқа сабаблар ҳам бор. Жумладан, Путин билан 2019 йил июнда ўтказилган охирги “жонли мулоқот” рейтинги охирги 8 йил ичидаги энг пасти бўлган. Mediascope маълумотларига кўра, “жонли мулоқот”ни телевизор орқали бор-йўғи 5,3 млн киши томоша қилган, унинг рейтинги эса 7,6 фоизнигина ташкил қилган. 

Путин ўшанда 4 соат 7 дақиқа давом этган мулоқотда 81та саволга жавоб беришга улгурган. “Левада-центр” мулоқотдан кейин ўтказган сўровномага кўра, 48 фоиз россияликлар мулоқот вақтида кўтарилган муаммолар ечим топишига шубҳа билдиришган.

Март охиридан бери Россия президенти аксарият тадбирларини Москва вилоятидаги Ново-Огарево қароргоҳидан ёки Кремлдан видеоанжуман режимида ўтказиб келмоқда. Путин билан юзма-юз учрашувга таклиф қилинувчи амалдорлардан коронавирусга тест олинмоқда ва шундан кейин улар қатъий карантинга жойлаштирилмоқда. Бундан ташқари, Ново-Огарево ва Кремлда дезинфекция туннеллари ўрнатилган. Буларнинг барчаси Путинга учрашувлар вақтида ҳимоя воситаларидан фойдаланмасликка, суҳбатдошлари билан қўл бериб сиқишишга ва Россияда рўйхатдан ўтказилган, бироқ ҳали тўлақонли синовлардан ўтмаган вакцинани қўллашда шошмай туришга имкон бермоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид