Жаҳон | 10:13 / 29.11.2020
6820
2 дақиқада ўқилади

Бир нечта давлатларда йирик наркокартелга қарши амалиёт ўтказилди

Бразилия, Европа ва Осиё давлатларида ҳаракат қилувчи йирик наркокартелга қарши бир нечта давлатларда катта кўламли амалиёт ўтказилди. Европол маълумотларига кўра, амалиётда мингга яқин полициячи иштирок этган.

Фото: Europol

Амалиёт давомида 180та манзил бўйича тинтувлар ўтказилган. Европолда таъкидланишича, ушбу амалиёт Бразилия билан 2017 йилда имзоланган ҳамкорлик келишувидан кейин мамлакат полицияси билан ўтказилган энг йирик амалиёт бўлган

Тинтувлар натижаларига кўра, Бразилияда 37та самолёт ва 160та кўчмас мулк объектига тақиқ қўйилган. Бундан ташқари, Бразилия, Бельгия ва Испанияда жиноятчилардан 37та қимматбаҳо машина, Португалияда эса 12 млн евро нақд пул мусодара қилинган.

Маълумотларга кўра, амалиёт давомида 45 гумонланувчи ҳибсга олинган. Қўлга олишларнинг аксарияти Бразилия, Испания, Бельгия ва БААда амалга оширилган. Наркокартел Европага денгиз йўли билан ҳар йил камида 45 тонна кокаин олиб кирган. Ушбу жиноий тўда ярим йил ичида 100 млн еврога яқин пул ишлаб топишга муваффақ бўлган.  

Мавзуга оид