Ўзбекистон | 01:11 / 02.12.2020
23056
4 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси иш стажини ҳисоблашдаги қўшиб ёзишлар ҳақида маълумот берди

Фото: KUN.UZ

Давлат пенсияларини тайинлашда корхона, ташкилот ва архив идораларидан тақдим этилаётган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларнинг қанчалик асосли ва қонунийлиги ўрганилганида, «Ўзархив» агентлигининг айрим қуйи бўғинлари бир қатор нотўғри ва асоссиз маълумотлар тақдим этаётгани ҳолатлари аниқланмоқда.

Бу ҳақда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

«Тошкент вилояти Пскент тумани хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлар архивидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асосли берилиши ушбу архив фондида сақланаётган собиқ «Свердлов» колхозининг 1984, 1985 ва 1986 йиллар учун иш вақти ҳамда иш ҳақларини ҳисоблаш китоблари қайтадан бошқа янги китобларга ишламаган фуқароларнинг исми ва фамилиялари қўшилган ҳолда кўчириб чиқилаётгани кузатилди.

Мисол учун, «Свердлов» колхозининг 1984 йилдаги ҳақиқий иш ҳақи ҳисоблаш китоби 60-тартиб рақамидаги Т.Қ. исм-фамилияси билан якунланган бўлса, янгидан кўчириб чиқилаётган китобида 63-тартиб рақами билан Ҳ.М. исм-фамилияси билан якунланган. Яъни китобнинг сўнгги саҳифасига 3 нафар фуқаронинг исм-фамилиялари қўшиб ёзилган ҳолда, эски китоб янгиланаётгани аниқланди.

Худди шунингдек, ушбу колхознинг 1985 йил учун юритилган ҳақиқий китоби 53-тартиб рақамдаги Х.Ш. исм-фамилияси билан якунланган бўлса, шу йил учун янгидан кўчириб чиқилган китоби 60-тартиб рақамидаги Ғ.А. исм-фамилияси билан якунланган ва сўнгги саҳифаларига 7 нафар фуқароларнинг исм-фамилияси қўшиб ёзиб чиқилгани, фуқаролардан бири Б.Р.га Пенсия жамғармаси Пскент туман бўлими томонидан ижтимоий нафақа тайинлангани маълум бўлди.

Фуқаро Б.Р.нинг Пскент туман хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлар архиви томонидан тақдим қилинган 1986 йилда «А.Навоий» колхозида ишлаган даври учун ёзиб берилган иш стажи ва ҳақлари (иш кунлари) тўғрисидаги маълумотлари архив фондида сақланаётган бирламчи ҳужжатлари билан солиштириб ўрганилганда, унинг исми-фамилиясига иш ҳақи ва иш кунлари китобида мавжуд эмаслиги аниқланди.

Натижада Р.Б.нинг ёшга доир ижтимоий нафақага ҳуқуқи йўқлиги ва 20.01.2020 йилдан ўрганиш кунига қадар 3,6 млн сўмлик ижтимоий нафақа нотўғри тайинланиб, тўлангани аниқланди.

Пскент туман хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлар архивнинг янги китобларига исм-фамилиялари қўшилган яна 78 нафар фуқаронинг рўйхатлари шакллантирилиб, ҳозирда ўрганиш ва мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.

Юқоридагилардан ташқари, Тошкент вилоятининг Янгийўл туман хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлар архиви томонидан 5 нафар фуқаронинг шубҳали бўлган иш стажи ва иш ҳақлари тўғрисида маълумотномалари мазкур архив фондида сақланаётган ҳужжатлари билан солиштириб ўрганилганда, барчасининг ҳужжатларида қўшиб ёзишлар ва бошқа нотўғри маълумотлар берилгани натижасида 6 нафар пенсияга ҳуқуқи бўлмаган фуқарога 22 млн сўм миқдоридаги пенсия тўловлари амалга оширилганлиги аниқланди.

Жумладан, фуқаро Р.Т.нинг архив томонидан тақдим қилинган 1977–1991 йилларда собиқ «Ниязбош» колхозида ишлаган даври учун ёзиб берилган иш кунлари тўғрисидаги маълумотлари солиштириб ўрганилганда, 1990–1991 йилларда ҳисобланган нафақа пуллари иш куни сифатида ёзиб берилгани аниқланди. Натижада пенсияга ҳуқуқи бўлмаган фуқарога ноқонуний пенсия тайинланиб, 5,9 млн сўм ортиқча пенсия тўлангани аниқланди», – дейилади жамғарма хабарида.

Мавзуга оид