Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда ушланган 2880 қути пиротехника воситасидан бир неча кун ичида 140 қути қолди. Қолганлари қаерга ғойиб бўлди?
3 декабр куни соат 9:52да Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасининг расмий телеграм каналида вилоятдаги йўл патрул масканларидан бирида 2880 қути пиротехника воситалари аниқлангани ҳақида хабар қилинди. Кейинги икки кунда берилган бошқа манбаларда бу миқдор кескин камайиб кетган.
Хабарда жорий йил 1 декабр (!) куни соат 20:30ларда Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари чегарасида жойлашган «Умакай» ЙПХ манзилида давлат рақами 70 W 806 NA бўлган «Нексия-3» автомашинаси тўхтатиб текширилганида, унда жами 2880 қути (!) «Treniya» пиротехника воситаси борлиги аниқлангани ва тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олингани маълум қилинган. (Архив)

3 декабр куни 14:47да Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг расмий телеграм каналида «Ичида 60 донадан 1400 қути (!) пиротехника воситалари ортилган автомобил аниқланди» сарлавҳаси билан хабар эълон қилинди.
Хабарда жорий йил 2 декабр (!) куни соат 20:30ларда Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани ҳудудида жойлашган «Умакай» ЙПХ масканида хизмат олиб борган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчи Ш.Х. бошқарувидаги «Нексия-3» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, салон қисми ва юкхонасида 1400 қути (ҳар бир қутида 60 донадан) «Treniya» (Трения) номли пиротехника воситалари олиб кетилаётгани аниқлангани ёзилган. (Архив)

Шундан сўнг Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати билан боғланиб, 3 декабр куни берилган хабар бўйича батафсил маълумот беришларини сўрадик. Ахборот хизмати фақат ҳайдовчи исм-шарифининг бош ҳарфларини маълум қилди - Ш.Х.У.
Шу ўринда бир жиҳат диққатимизни тортди. Яъни ҳар икки хабарда ҳам ҳодиса рўй берган жой, вақт, пиротехника номи, машина маркаси ва унинг ранги, ҳайдовчи исм-шарифининг бош ҳарфлари бир хил. Фақат, сана ва пиротехника воситаларининг миқдори фарқ қиляпти. Шунингдек, Қашқадарё ИИБ расмий каналида берилган хабардаги ҳодиса 1 декабрда, ИИВ ЙҲХБ расмий каналида берилган хабардаги ҳодиса эса 2 декабрда содир бўлгани ёзилган.
Юқоридаги иккита хабардан сўнг бу ҳолат шунчаки тасодифми ёки битта воқеа икки ахборот манбасида икки хил тарзда тарқатиляптими, деган савол бизни ўйлантириб турганида, 5 декабр куни соат 9:15да Қашқадарё вилояти ИИБ телеграм каналига “Sevimli” телеканалидан олинган видеолавҳа жойланди. (Архив)
Унда жорий йил 2 декабр куни соат 20:30ларда Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани ҳудудида жойлашган «Умакай» ЙПХ масканида хизмат олиб борган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари томонидан «Нексия-3» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганида, салон қисми ва юкхонасида 140 қути (!) пиротехника воситалари олиб кетилаётгани аниқлангани хабар қилинди.
Мазкур видеолавҳада пиротехника воситалари аниқланган «Нексия-3» русумли автомашинанинг давлат рақами 70 W 806 NA экани кўриниб турибди. Шунингдек, лавҳада кўрсатилган ҳайдовчи ҳам Қашқадарё вилоят ИИБ телеграм каналида сурати берилган ҳайдовчининг айнан ўзи эди. Видеолавҳада ИИВ ЙҲХБ телеграм каналида берилган фотосуратларда кўрсатилган ҳолатлар ҳам акс этган.
Ушбу видеолавҳадан 3 декабр куни Қашқадарё вилоят ИИБ телеграм каналида «1 декабрда», ИИВ ЙҲХБ телеграм каналида «2 декабрда» деб берилган хабарлар аслида битта ҳодиса эканлиги ойдинлашади.
Қашқадарё вилоят ИИБ телеграм каналида аниқланган 2 880 қути пиротехника ИИВ ЙҲХБ телеграм каналида берилган хабарда 1 400 қутига камайиб қоляпти. Бундан ҳам қизиғи, айнан шу ҳолатнинг хусусий телеканалда берилган талқинида бу рақам янада камайиб, 140 қути бўлиб қолган.
Шу ўринда савол туғилади: айнан «Умакай» ЙПХ масканида ҳайдовчи Ш.Х. бошқарувидаги «Нексия-3» русумли автомашинада пиротехника воситалари аниқланиб, тўхтатиб қолиниши ҳодисаси аслида қачон содир бўлган? Нега айнан шу ҳодиса Қашқадарё вилоят ИИБ томонидан бошқа, ИИВ ЙҲХБ томонидан бошқа, хусусий телеканаллардан бирида узатилган видеолавҳада бошқача талқинда бериляпти?
Нега ушлаб қолинган пиротехника воситаларининг бир хабардан иккинчисига, иккинчисидан учинчисига қараб “чўғи” камайиб боряпти? Юқоридаги хабарларни ўқиган, видеолавҳани томоша қилганлар кимга ишонсин? «Умакай»да ушлаб қолинган пиротехникани 2 880 қути деган Қашқадарё вилоят ИИБгами ёки унинг сонини ярмига камайтириб кўрсатган ИИВ ЙҲХБгами? Балки, унинг сонини 140 қути деб бераётган телеканалдаги видеолавҳа ишончлироқдир?..
Бу ерда “ўғрини қароқчи урди” қабилида иш кетмаяпти, шунчаки ички ишлар органларининг ахборот хизматлари хатога йўл қўйишган, деган яхши гумонда бўламиз.
Ғайрат Йўлдош
Мавзуга оид
15:27 / 15.04.2025
Қашқадарёда ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатган ҳайдовчи қамоққа олинди
17:18 / 08.02.2025
“Сен қулсан” – Косонда келинини мунтазам хўрлаб келган қайнота ва қайнона ҳамда уларнинг ўғли озодликдан маҳрум қилинди
13:48 / 02.01.2025
ГФРда 5 киши пиротехника туфайли ҳалок бўлди
12:02 / 30.12.2024