Ўзбекистон | 17:21 / 08.12.2020
33676
2 дақиқада ўқилади

30 кишилик тўй: ёшлар бу ҳақда қандай фикрда?

Мамлакат бўйлаб 14 минг ёшларнинг 70 фоизи тўйларни ихчамлаштиришни қонуний белгилаб қўйишни маъқуллаган.

U-Report лойиҳаси ёшларнинг тўйларни 30 киши иштирокида ўтказишга муносабатини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказди.

Сўровномада иштирок этган 14 минг респондентнинг 63 фоизи ихчам тўйлар ўтказилишини қўллаб-қувватлаган, 18 фоизи эса маъқулламаслигини билдирган.

Ҳамашатли тўй ўтказишга нима сабаб бўлиши ҳақидаги саволга иштирокчиларнинг 54 фоизи «одамларнинг фикри», 20 фоизи эса «ёшлар ва уларнинг ота-оналари қиладиган орзу-ҳавас», деб важ келтирган.

Шунингдек, респондентларнинг 47 фоизи ихчам тўйда иқтисод қилинадиган пулни мулк харидига, 17 фоизи ота-онасининг ҳордиқ чиқариши учун, 12 фоизи тўйдан кейинги саёҳатга сарфлашини билдирган.

Тўй-маъракаларни ихчам ўтказиш тартиби қонунийлаштирилишини истайсизми, деган саволга 70 фоиз қатнашчи «ҳа» деб жавоб берган.

Сўровнома хулосасига кўра, ихчам тўйларни ўтказиш энг кўп Фарғона водийсида оммалашган, Қорақалпоғистон Республикасида энг кам тарқалган.

Маълумот учун, U-Report лойиҳаси ёшлар орасида уларнинг ҳаётига тааллуқли сўровномалар ўтказиш билан шуғулланади. Сўровномаларнинг натижалари парламентга қарорлар қабул қилишда фойдаланиш учун тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин даврида тўй-маросимларни ўтказиш тақиқланган, карантин юмшатилгач, уларни энг кўпи билан 30 киши иштирокида ўтказишга рухсат берилган эди.

Август ойида «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида тўй маросимларини 30 кишилик тартибда ўтказилишини доимий сақлаб қолиш ҳақида петиция жойлаштирилган.

Мавзуга оид