Жамият | 09:00 / 09.12.2020
18634
10 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда фермернинг ери ноқонуний олиб қўйилгани исботланди. Ҳокимлик суд қарорини ижро этадими?

Паст Дарғомда ҳокимлик фермернинг ерини ноқонуний тарзда олиб қўйгани, туман суди ҳокимлик тарафини олиб хато қилгани тасдиқланди. Аммо туман ҳокимлиги буни тан олишга шошилмаяпти. Фермер етиштирган буғдойи учун ҳақсиз қолган: ғалла кластер ҳисобига ўтиб кетган.

Шу йилнинг 14 июлида Kun.uz сайтида «Яна Паст Дарғом ва яна фермер мурожаати. Сайёр судлар – ҳокимлар топшириғи ижроси учун ҳозир-у нозирми?» номли танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинганди.

Мақолада Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани ҳокимлиги «Дўстлик» фермер хўжалиги билан ер ижара шартномасини ноқонуний тарзда бекор қилгани, шунга қарамай туман иқтисодий суди ҳокимлик қарорини маъқуллагани ҳақида сўз борганди.

Шундан сўнг, сентябр ойида вилоят суди туман суди қарорини бекор қилди. Биз воқеаларнинг кейинги ривожи билан танишиш мақсадида яна Паст Дарғом туманида бўлдик.

«Дўстлик» фермер хўжалиги раҳбари Жасур Абдувалиев танқидий мақола эълон қилингач рўй берган ҳодисаларни сўзлаб берди. Унинг айтишича, ғалла йиғим-теримида буғдой ўриб олингач, ҳосил унинг хўжалиги ҳисобига эмас, балки «Samarqand Kamalak Invest Tekstil» МЧЖ ҳисобига ўтказилган. 2019 йил кузида далага дон сепиб, унга ишлов берган фермер эса ҳосил пулидан қуруқ қолмоқда.

«Сизлар келиб кетгач, ғалла ўрими бошланди. Биз 2019 йил кузида 45 гектар ердан 151 тонна ғалла топшириш бўйича шартнома қилган эдик. 153,6 тонна ғалла ўриб топширилди, бироқ мен шартномани кўрсатяпман, улар бунга эътибор бермасдан, ғаллани кластер ҳисобига ёзишди», – дейди фермер Жасур Абдувалиев.

Жасур Абдувалиев

Ажабланарлиси шуки, Kun.uz сайтида танқидий мақола эълон қилингач, «Samarqand Kamalak Invest Tekstil» кластери раҳбарияти 22 июлдаги хати билан туманнинг 4 сектори раҳбарларига шикоят йўллаган. Хатда «...бир неча бор оғзаки огоҳлантиришларимизга қарамасдан, собиқ «Дўстлик» фермер хўжалиги раисларининг аъзолари мазкур ер майдонларидан фойдаланишда қаршилик кўрсатмоқда» дея таъкидланади.

Кластер шикояти ортидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари фермер хўжалигига сафарбар этилади.

«Мен келсам, бу ерда 150га яқин инсон бор экан. Ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар бўлимидан. Бу ерда жанжал бўляпти, деган овоза билан ИИБ «конвой» машинаси ҳам келтирилган. Айниқса, катта жанжал бўлаётганини эшитиб келган ИИБ ва прокуратура ходимлари ҳайрон қолишди. Кластер раҳбари номи қайд қилинган хат ҳам аслида унинг номидан ёзилмаганини кейин аниқладим. Қуёш ака Ҳақбердиев [кластер раҳбари] шу кунлари бу ерда бўлмаган. Ҳокимлик вакили кластер юристига тайёр шикоят хатини олиб бориб, имзолатган холос», – дея сўзлаб берди фермер хўжалиги раиси.

Бу воқеа 22 июлда рўй берган бўлса, ундан бир ҳафта муқаддам, яъни 2020 йил 14 июлда Самарқанд вилояти иқтисодий суди Паст дарғом тумани иқтисодий судининг 2020 йил 27 апрелдаги ҳал қилув қарори ижросини тўхтатиб туриш бўйича ажрим чиқарган.

Бироқ, Абдувалиевга кўра, вилоят суди ажрими Паст Дарғом ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ҳусан Бўриевга тақдим этилганига қарамай, у буни инобатга олмаган.

Бундан ташқари, пандемия туфайли кечиктирилган бўлса-да, Қашқадарё вилояти иқтисодий суди кассация инстанцияси 2020 йил 24 сентябр кунги қарори билан, Паст дарғом туман иқтисодий судининг 2020 йил 27 апрелдаги ҳал қилув қарорини бекор қилган.

Кассация инстанцияси ўз қарорини изоҳлар экан, қуйидагиларни қайд этган:

«Биринчи инстанция суди даъвогар (Паст Дарғом туман ҳокимлиги) томонидан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилмаганига эътибор қаратмасдан, тарафлар ўртасида тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш ҳақида хулоса қилиб, хатоликка йўл қўйган.

... Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган «Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 21-банди, 1-қисмига кўра, «туман (шаҳар) ҳокими ... халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини, далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги раҳбари билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ... тўғрисида фермер хўжалиги раҳбарига таклиф киритади.

Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф фермер хўжалиги раҳбари томонидан рад этилганда ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасида белгиланган муддатда жавоб олинмаганда ... фермер хўжалиги билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш юзасидан иқтисодий судга даъво аризасини юборади.

Қолаверса, Фуқаролик кодексининг 384-моддасига биноан, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса 30 кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.

Бундан ташқари, тарафлар ўртасидаги ер ижара шартномаси шартларининг 20-бандида томонларнинг бири шартномани бекор қилиш мўлжали тўғрисида иккинчи томонни шартнома бекор қилиниши сабабларини асослаган ҳолда мўлжалланаётган бекор қилиш санасидан 3 ой олдин ёзма равишда хабардор қилиши белгиланганига қарамай, ҳокимлик ер ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида жавобгарга белгиланган тартибда таклиф киритмаган ва ёзма равишда хабардор қилмаган».

Афсуски, кассация инстанцияси қарори қабул қилинган кундан эътиборан кучга кириши лозим бўлса-да, туман ҳокимлиги буни ҳам инобатга олгани йўқ. Натижада фермер хўжалиги етиштирган пахта ҳосилини кластер ҳисобига топширишга мажбур бўлган.

29 июл куни Паст Дарғом тумани ҳокимлиги Kun.uz мақоласига жавобан «Kun.uz'нинг Паст дарғомга бўлган асоссиз иддаолари қачонгача?» сарлавҳали видео эълон қилди. Фермер Жасур Абдувалиев бунга муносабат билдирар экан, лавҳа нохолис ва асоссиз маълумотларга бойлигини таъкидлади.

«Ҳокимлик тумандаги барча идоралар вакилларини олиб келиб гапиртиришган. Мен ўша вақтларда судга ариза топшириш ишлари билан банд эдим. Маҳмуд ака деган киши 2019 йили Паст Дарғомдаги «балиқ воқеаси»дан кейин ишдан бўшаган эди. Қолаверса, унинг фермерлар пахта режасини 115–120 фоизга бажарган деган гаплари – ёлғон.

Ундан олдин Ориф ака деган мутахассиснинг рўй-рост гапиргани мутасаддиларга ёқмагани учун Маҳмуд ака хизматидан фойдаланишган.

Яна бир бола фикрини билдирган. У 2019 эмас, 2020 йилдаги, яъни ўша ондаги ҳолатни сўзлаб берган, холос.

Солиқ мутахассиси гапи бўйича эса, биз қарздормиз, бироқ ҳисобларни солиштирганимизда биз ҚҚС билан 2 млн кўп тўлаган бўлиб чиққандик. Улар 23 млн қарз деб айтмоқда.

Агроинспекциядан Одил ака деган киши гапирган. У кучли деҳқон, аммо бир нарсани нотўғри гапирганки, бизда ҳеч қачон кузги шудгорлаш ишлари баҳорга қолиб кетмаган. Шунча агротехникаларим бўлиб, шудгорни баҳорга қолдиришимиз мумкин ҳам эмас.

Яна бир масала. «Коммуна»да дадамнинг яна бир фермер хўжалиги бор эди. 2000 йиллар бошида у ерларда ҳеч ким яшамас эди. Отам механизаторлар ва сувчилар дам олиши учун дала шийпони қурган. Бунинг ҳужжатларини тақдим этаман. Ҳозир ҳам фермер хўжалиги балансида. Ўша шийпонни ҳокимлик судга беряпти, менинг ноқонуний уй қуриб олганимни даъво қилиб. Аслида, у ҳозир ҳам шийпон. Туман суди ҳокимлик шикоятини қаноатлантирмади», – дейди фермер.

Биз Паст дарғом туман ҳокимлиги муносабатида такрор-такрор урғу берилган ва ўзбошимчалик билан қурилгани айтилган дала шийпонига бордик ва ҳужжатларни ўргандик. Ҳужжатлар ва шийпонда яшаётгани таъкидланган аёл билан ҳам суҳбатлашдик.

Бундан ташқари, фермернинг бир фуқарога ер сотгани хусусидаги фикрга аниқлик киритиш мақсадида шийпон ёнидаги уй хўжалиги бекаси билан ҳам суҳбатлашдик.

Шу билан бирга, фермер хўжалиги раиси муаммони ҳал қилиш учун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашишга муваффақ бўлган. 17 августда бўлиб ўтган мазкур учрашувда вилоят ҳокими ерни туман захирасига ноқонуний олиб қўйилишига доир ўз қарашини билдирган.

«Яна бир нарсани эслаб ўтмоқчиман. Шу йил августда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов қабулида бўлдим. Фаолиятимга тўсқинликлар бўлаётгани боис, ёш тадбиркор сифатида амалий ёрдам сўраш мақсадида боргандим. Мен билан учрашувда Паст дарғом туман ҳокимлиги тайёрлаган лавҳа қўйиб берилди. Мен лавҳадаги иддаоларга қарши ҳужжатларни олиб борган эдим. Барчасини кўрсатдим. Лекин Эркинжон Турдимов, агар туман ҳокими Шунқор Худойбердиев «Дўстлик» фермер хўжалиги ерларини захирага олиб қўймаса, унинг туманда обрўси қолмайди», деган фикрларни билдирди», – дейди фермер хўжалиги раҳбари.

Фермер вилоят ҳокими билан учрашувдан 2 кун ўтгач, айни фикрни туман ҳокими Шунқор Худойбердиевдан ҳам эшитганини таъкидлайди.

Биз Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Манучеҳр Мирзаевга боғланиб, учрашувда вилоят ҳокими томонидан юқоридаги мазмундаги гап айтилганмиди, дея сўрадик. «Бунақа гапни ҳеч ким айтмайди», – дея жавоб берди Мирзаев.

Хуллас, бор гап шу. Кўраётганимиз – қонуний ишлашга уринаётган тадбиркорни қон қақшатиб бўлса-да, қонундан четга чиқиб бўлса-да, обрў қозониш. Ҳокимликнинг ҳатто суд қарорларига беписандлиги кишини айниқса ўйлантиради.

P.S.: Ўзбекистон Республикаси "ОАВ тўғрисида"ги Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда, мазкур муаммо юзасидан мутасадди ташкилотлар ўрганишлар олиб бориб, ўз хулосаларини беришса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Толиб Раҳматов
Шерзод Эгамбердиев

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид