Ўзбекистон | 22:02 / 11.12.2020
9720
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда барча мактабларни оптик толали интернетга улаш ишлари 1 йил ичида якунланиши айтилди

2021 йилда 20 минг километр оптик толали алоқа линияларини қуриш, мобил алоқа қамровини 95 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Фото: REUTERS/Kacper Pempel

2021 йил охиригача Ўзбекистондаги барча мактаблар оптик толали интернет билан қамраб олинади, деб маълум қилди «Ўзбектелеком» АК бош директори ўринбосари Алишер Зафаров.

У чекка ва тоғли ҳудудлардаги мактабларга сифатли интернет қачон етиб бориши ҳақидаги саволга жавобан шу ҳақда маълум қилди.

«Мўлжалимиз бўйича бу ишларни 2021 йил охиригача чўзмаслик чорасини кўрамиз. Чунки айрим жойлар ҳақиқатан ҳам жуда узоқда жойлашган. Биз шундай ҳудудларнинг ҳар бирига оптик толали алоқа линияларини етказиб боришни мақсад қилганмиз.

Ҳар битта объект бўйича ҳозирда тўлиқ маълумотимиз бор. Нафақат оптика, балки сунъий йўлдошдан фойдаланиш томонларини ҳам ўйлаб кўрмоқдамиз. Бу ишни кейинги йилдан кечиктирмаймиз», – деди «Ўзбектелеком» расмийси 11 декабрь кунги матбуот анжуманида.

Маълум қилинишича, 2020–2022 йилларда интернет тармоғига кенг полосали уланиш портларини 2,5 миллионгача кўпайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, 20 минг километр оптик толали алоқа линиялари қуриш ва мобил алоқа қамровини 95 фоизга етказиш белгиланган.

Масъулларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 22 млн кишидан ортиқни ташкил этмоқда. Шундан 19 миллион киши – мобил интернет фойдаланувчиларидир.

Мавзуга оид