Ўзбекистон | 13:07 / 14.12.2020
20867
2 дақиқада ўқилади

Амударё устида Хоразмни Қорақалпоғистон билан боғлайдиган кўприк қурилади

Амударё устида Хоразмни Қорақалпоғистон билан боғлайдиган кўприк қурилади. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти раиси Ҳусниддин Ҳосилов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 412,7 метр узунликда бўлган ва Амударё орқали барпо этиладиган янги кўприкдан темир йўли ҳамда автомобил йўли биргаликда ўтиши кутиляпти.

“Янги қурилаётган кўприк ва у кўприкка қадар бўлган 10 километрга яқин темир йўли, кўприкдан кейинги 60 километрдан ортиқроқ бўлган темир йўли барпо этилганидан сўнг аввалги 240 километр ортиқча ҳаракатланишнинг олди олинади. Автомобил ҳамда темир йўли йўналишида ташилаётган юкларнинг манзилга етиб бориш вақти 6 соатга қисқаради.

Бундан ташқари, ушбу кўприк орқали ўтаётган юкларнинг йиллик самараси 150 миллиард сўмга яқин бўлади - шунча харажатлар тежалиши ҳисоб-китоб қилинмоқда. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги темир йўли орқали ташилаётган юкларнинг ўртача ҳажми 12 миллион тоннани ташкил қилаётган бўлса, кўприк ҳамда темир йўли қурилганидан кейин юклар ҳажми лойиҳанинг ўзини оқлаш муддатига етиб боргунга қадар 20-25 миллион тонна атрофида бўлади.

Президент ушбу қурилишни январ ойидан бошлаш ҳақида топшириқ берди ва бунинг учун зарур бўлган маблағлар ҳам ажратилди”, - дейди Ҳусниддин Ҳосилов.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид