Ўзбекистон | 18:02 / 18.12.2020
21097
4 дақиқада ўқилади

«Ҳозирча бир ой, кейин кўрамиз». Tashkent city дирекцияси раҳбари боғга кириш пулли бўлганига изоҳ берди

Хабарингиз бор 2020 йил 17 декабрдан 2021 йил 10 январга қадар Tashkent city боғига кириш пулли қилиб белгиланди. Ушбу қарор ортидан ижтимоий тармоқларда фуқаролар ва блогерлар турли хил фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Kun.uz мухбири Tashkent city дирекцияси раҳбаридан ушбу ҳолат бўйича изоҳ олди.

2019 йил сентябрда Тошкент шаҳар ҳокими Tashkent city қурилишини халқимизнинг катта ютуғи сифатида баҳолаган эди. Минбарда шаҳар ҳокими боғни томоша қилиш текин эканлигини ҳам айтиб ўтган эди.

Tashkent city халқаро ишбилармонлик маркази дирекцияси раҳбари Баҳром Ризаевнинг айтишича, боғдаги харажатларни қоплашга катта маблағ кетади. Шунингдек, боғга киришдан тушган пулга келган меҳмонлар учун турли байрам арафасида турли кўнгилочар томошалар ташкил қилиниши режалаштирилган.

— Tashkent city боғига кириш нега пулли бўлди?

— Боғимиз ишга тушганига бир йил бўлди. Бир йил давомида кирувчилардан ҳеч қандай тўлов олинмаган. Лекин биз ҳам бир ташкилотмиз. Биз бюджетдан пул олмаймиз. Ўзимизнинг харажатларимизни ўзимиз қоплашимиз керак. Бугунги кунда ойига ўртача 900 млн сўмлик харажатларимиз бор. Боғ ҳудудидаги тадбиркорлар бизга ижара пули тўлашади. Лекин бу харажатларимизнинг 30 фоизини қоплайди. Қолган 70 фоизи ҳозирчага қопланмай қолган.

Харажатларимизни қоплаш, боғимизни ривожлантириш учун бизга маблағ керак. Байрам арафасида халқимизга чиройли томошалар ўтказишимиз керак. Бунга эса катта маблағ керак бўлади. Шу сабабли байрам кунларида боғга киришни пулли қилдик.

Баҳром Ризаев

— Дирекция шу вақтгача қайси маблағ ҳисобига таъминлаб келинган?

— Инвесторлар тўлаган маблағлар эвазига парк ташкил этилган. Шу пуллар ҳисобидан дирекция ўз харажатларини қоплаб келган.

— Ушбу қарор Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишилганми?

— Бу бизнинг ички масаламиз. Бюджетдан пул олсак, халқимизга оғирлигимиз тушади. Шунинг учун ким келиб дам оладиган бўлса пул тўлашади. Бошқа фуқароларимиз бизнинг ҳаракатларимиздан салбий таъсир олмайди.

— Бу қарор дискриминация бўлиб қолмайдими?

— Бу ерда ҳеч қандай дискриминация йўқ. Тошкентда мавжуд кўплаб боғлар ҳам пулли қилинган. Пулли бўлмагани ҳам байрам арафаси пулли бўлган. Биз ўзимизнинг фаолиятимиздан келиб чиққан ҳолда паркни ушлаб туриш, уни ривожлантириш учун боғни пулли қилдик.

— Tashkent city очиқ ҳудуд ҳисобланадими ёки муайян ташкилотга тегишли, чегара ва тўсиқларига эга ёпиқ ҳудуд ҳисобланадими?

— Бу боғ Tashkent city ҳудудида жойлашган. Нафақат шу ердаги бинонинг эгаларига, ишчиларига, балки ҳамшаҳарларимизга ҳам мўлжалланган. Лекин биз ташкилий масалаларимизни ҳисобга олиб вақтинчалик пулли қилишга мажбурмиз.

— Фақат байрам арафаси бўлгани учун пуллими ёки кейинчалик яна бепул бўладими?

— Ҳозирча бир ой учун мўлжаллаганмиз. Кейинчалик натижасига қараб яна кўрамиз.

— Aгар бу қарор жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлса қарор бекор қилиниши мумкинми?

— Ҳозирда ушбу қарорнинг натижаларини кўриб чиқамиз. Шунга қараб иш тутамиз.

— Боғ очилаётган вақтда кейинчалик пулли бўлиши мақсад қилинганмиди?

— Ҳозир бир нима дейишим қийин. Ҳамма ҳаракат ва харажатлар эконимикага боғланган. Вазият шунга тақозо қилгани учун шундай иш юритяпмиз. Бу харажатлар нималардан иборат десак, бу боғ ҳудудида меҳнат қилаётган ҳодимлар иш ҳақи, мусиқали фавворани доимий соз ҳолатда сақлаш, жорий таъмир харажатлари, электр энергияси, сув ва табиий газ учун тўловлар, мавжуд дарахт ва буталарни зараркурандалардан сақлаш учун кимёвий ишлов бериш ва бошқа харажатлар ҳисобланади.

Шунингдек, Баҳром Ризаевнинг қўшимча қилишича, ҳозирча иш кунлари боғ ҳудудига 5 мингтача одамлар келяпти. Байрам арафаси бу сонлар ошиши мумкин.

Мавзуга оид