Ўзбекистон | 07:49 / 18.12.2020
17013
4 дақиқада ўқилади

Хитойдан буюртма қилинган янги электровозларнинг дастлабки партияси етиб келди

Ўзбекистон 170 млн долларлик ташқи қарз маблағлари ҳисобидан 30та янги электровоз харид қилмоқда. Тақдимотда айтилишича, янги поездларнинг ҳаракатланиш қуввати кучлироқ, бошқаруви компьютерлашган, экологик ва энергия тежамкорлик талабларига жавоб беради.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Осиё тараққиёт банки иштирокида локомотивлар паркини янгилаш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Куни кеча Хитойдан Ўзбекистонга 3та юк ва 1та юк-йўловчи локомотиви ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари олиб келинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Жамият раиси Ҳусниддин Ҳосиловнинг айтишича, лойиҳа доирасида жами 30 та электровоз олиб келиш режалаштирилган.

«Бугун Ўзбекистон темир йўлларида локомотив паркини янгилаш лойиҳаларининг яна бир қадами ташланди. Яъни Хитой Халқ Республикаси билан амалга оширилган тендер савдолари натижасида 30 та электровоз кириб келиши кўзда тутилган эди.

Хитойнинг «Далян» заводи пандемияга қарамай электровозларни ўз вақтида ишлаб чиқарди ва биринчи электровозимиз мана юртимизга кириб келди. Шу йилнинг охиригача 12 та электровоз ва кейинги йилнинг март ойларигача 18 та, жами 30 та янги электровоз кириб келади. Шундан 22 таси юк ташишга мўлжалланган, қолган 8 таси йўловчи вагонларини ташиш учун мўлжалланган электровозлардир», – деди Ҳосилов.

У электровозлар кутилганидан анча арзонроққа сотиб олинганини айтиб ўтди.

«Тендер савдоларида 24 та электровоз олишимиз керак эди. Хитой ишлаб чиқарувчилари жуда ҳам арзон нархда бергани сабабли биз маблағимизга 30 та электровоз олиш имкониятига эга бўлдик.

Масалан, битта юк электровози 5 млн 100 минг доллар бўладиган бўлса, у иккита кузовдан иборат. Яъни битта кузовнинг ўзи 2,5 млн доллар бўлади. Бу – дунё бозорида жуда ҳам арзон ҳисобланади», – деди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси.

Таъкидланишича, электровозлар экологик жиҳатдан халқаро талабларга жавоб беради ва асинхрон тортиш электр двигателлари билан жиҳозланган. Локомотивларда қўлланиладиган замонавий технологиялар электр энергиясини тежаш ва ёқилғи сарфини камайтириш имконини беради. 

Поездлар тоғли ҳудудларда ҳаракатланишга мослашган: юк ташувчи электровозлар 14 600 КВт, йўловчи электровозлар эса 9600 КВт қувватга эга.

«Бу поезднинг бошқа поездларга қараганда кучланиш даражаси икки баробар юқори. Тезлиги 120 км соатгача рухсат этилган. Бу иккита секцияли электровозлар тоғли ҳудудларга мўлжалланган. Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишлари бўйича юради.

Қулайлиги ҳақида гапирсам, электровоз компьютер режимида ишлайди. Қаерида нозослик бўлса, мониторда кўринади», – дейди «Ўзбекистон» локомотив депоси машинисти Маъмур Мирхўжаев.

Электровозларни Хитойнинг China Railway Rolling Stock Corporation холдинг давлат компанияси (CRRC Group) етказиб бермоқда.

Лойиҳа учун 2019 йилда ОТБдан 170 миллион доллар кредит олиш бўйича шартнома тузилган эди.

Бугунги кунда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг локомотив паркида мавжуд локомотивларнинг 50 фоиздан ортиғи янгиланган.

Мавзуга оид