Ўзбекистон | 12:12 / 19.12.2020
1944
2 дақиқада ўқилади

Нагояда «Тошкент куни» форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Бугун, 19 декабр куни, Япониянинг Нагоя шаҳрида «Тошкент куни» форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Форумнинг очилишида Нагоя шаҳри мэри Кавамура Такаши ва Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов иштирок этмоқда. Шунингдек, тадбир онлайн тарзда намойиш этиляпти.

Форум қатнашчиларига видеомурожаатида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабр ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим воқеа бўлганини таъкидлади. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қадимий Нагоя шаҳрига ташрифи, Нагоя шаҳри мэри Кавамура Такашининг 2019 йил декабр ойида Тошкентга ташрифи мамлакатлар ҳамда Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ўртасидаги алоқалар ривожига қўшимча туртки берди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Нагоя шаҳар мэрияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолангани муҳим қадамга айланди.

Видеомурожаатда таъкидланишича, қадим замонлардан буён Ўзбекистон жаҳон цивилизациялари чорраҳаси ва Буюк Ипак йўлининг маркази бўлган. Япон халқи Ўзбекистонга, унинг Самарқанд, Бухоро ва Хоразм каби тарихий марказларига жиддий қизиқади.

Коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган чекловлар туфайли япониялик сайёҳлар бу йил Ўзбекистонга ташриф буюриш имконига эга бўлмади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» санитария-эпидемиология хавфсизлик тизими татбиқ этилди. Бугунги кунда япониялик сайёҳлар учун Ўзбекистонга сафар қилиш хавфсиздир.

Якунда бош вазир ўринбосари форум меҳмонлари ва Япония аҳолисини Ўзбекистонга таклиф қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид