Ўзбекистон | 15:47 / 19.12.2020
10359
2 дақиқада ўқилади

Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар қанча солиқ тўлайди?

Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун, ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлаши белгиланганди. Келгуси йилда ҳам ушбу тартиб сақланиб қоладими?

Фото: Getty Images

Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2021 йил учун, ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараварида тўловни бажаради. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Молия вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Таъкидланишича, меҳнатда ўзини банд қилган аҳоли рўйхатига киритилган шахслар 2021 йил учун 223 минг сўм миқдорида ижтимоий солиқни тўлаган ҳолда, ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.

Шунингдек, 2021 йилда пенсияларни ҳисоблаш тартибини соддалаштириш мақсадида жисмоний шахсларнинг айрим тоифаси учун ижтимоий солиқ ставкаларини унификация қилиш таклиф этилади.

Масалан, «Уста-шогирд» мактаблари ўқувчилари — улар 25 ёшга тўлгунига қадар ишлаган даври, деҳқон хўжаликлари, шунингдек, меҳнат шартномаси асосида чет элда ёлланиб ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан, юридик шахс ташкил этмасдан), Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига меҳнат стажини ҳисоблаб чиқиш учун йилига камида 1 базавий ҳисоблаш миқдорида ижтимоий солиқ тўланиши назарда тутилган.

Маълумот учун, жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича меҳнат фаолиятини мустақил амалга оширадиган, ЯТТ сифатида рўйхатга олинмаган ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳисобланади. Ушбу тоифадаги касб эгалари сирасига сартарош, уйда репетиторлик қилиш, энага, уй хизматчиси ва бошқалар киради.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди. Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан белгиланган миқдорда тўланган ижтимоий солиқ суммалари асосида уларнинг меҳнат стажи ҳисобга олинади.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид