Тошкент вилояти ҳокими йил якунлари бўйича ҳисобот берди
19 декабр куни Тошкент вилояти ҳокимлигида олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг йигирма биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Тошкент вилоятида 2020 йилда эришилган натижалар таҳлили, йил давомида қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши натижалари ҳамда 2021 йилга мўлжалланган режалар, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини янада яхшилаш бўйича вилоят ҳокими Рустам Холматов вилоят аҳлига мурожаат йўллади.
2020 йилнинг ўтган даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Жумладан, 2020 йилда вилоятда ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 57 трлн сўмни, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Иқтисоднинг асосий тармоғи бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 58 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш 103,9 фоизга етган. Бу мамлакатдаги саноат йўналишининг 18 фоизига тўғри келади. Халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 12 трлн сўмни ташкил этиб, бу йўналишда вилоятнинг республикадаги улуши қарийб 12 фоизга етган.
Шунингдек, қурилиш ишлари ҳам 5 трлн сўмдан зиёдроқни ташкил этган. Бу борада вилоят Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринда турибди. Аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми 2019 йилда 4,1 млн сўм бўлган, 2020 йилда қарийб 5 млн сўмга етиб, 102 фоизга бажаришга эришилган. Аҳолининг реал даромадлари эса 113 фоизга кўпайган. Маҳаллий бюджет маҳаллий ҳокимликларни манфаатдор қилиш ҳисобига кескин ошириш тизими амалда натижасини берган. Жорий йил учун маҳаллий бюджетнинг даромадлар режаси 1 трлн 956 млн сўм этиб белгиланган бўлиб, йил якунига қадар 109 фоизга бажарилиши кутиляпти. Қарийб 200 млрд сўмдан кўпроқ маблағ жойларда, туман ва шаҳарда вилоят аҳолисини қийнаётган муаммоларни тезлик билан бартараф қилишга ишлатилиши белгиланган.
Асосий инвестициялар капиталига киритилган инвестициялар ҳажми 10 трлн 857 млрд сўм ҳамда 404 млн долларни ташкил этган. 1 декабр ҳолатига ҳудудий инвестициялар доирасида 3 трлн сўмлик 290та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 8 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг январ-ноябр ойларида вилоятга 295 млн доллар миқдорида чет эл сармояси кириб келган. Экспорт ҳажми ортиши, янги экспорт ҳажмини йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ҳаракатлар натижасида жорий йилда 273та янги корхона экспортга жалб этилган. Ҳисобот даврига келиб хорижга 295 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинган. Ушбу кўрсаткичнинг энг катта улуши, қарийб 0,5 млн тонна узум экспорт қилинган. Шунингдек, 35 минг тонна донли ва дуккакли маҳсулотлар экспорт қилинишига эришилган.