Спорт | 12:43 / 21.12.2020
22473
4 дақиқада ўқилади

Фарғона дербисида ҳакамни тепган футболчи қамалиши мумкин. Унинг яқинлари бу ҳақда нима дейди?

1 декабр куни «Нефтчи» – «Турон» ўйинида содир бўлган воқеа нафақат ўзбекистонлик футбол мухлислари орасида, балки бошқа мамлакатларда ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбек футболига бефарқ бўлмаган мухлислар бу ўйинни узоқ вақт эслаб юришса керак. Ахир футбол ҳакамларимиз ҳар қанча қовун туширишмасин футболчилар ҳар куни ҳам уларни тепиб юргани йўқ-ку, тўғрими?

#FootWeek кўрсатуви ижодкорлари ўша ўйиндан кейинги жанжалнинг асосий антиқаҳрамони бўлган Жамшид Тўрақуловнинг хонадонида бўлди. Қувасойдаги оддий бир хонадонда оддий инсонлар бизни кутиб олишди. Уларнинг худди ўзлари каби оддий фарзандлари футбол майдонида қилган оддий бўлмаган шўхлиги учун бугун яқинларининг озор чекишига сабабчи бўлиб қолди. Хўш, йигитчанинг футбол майдонида қилган иши учун майдондан ташқарида бу қадар жиддий чора кўрилиши қанчалик тўғри иш? Бир вақтлар Эрик Кантона қилган трюкни такрорлаган йигит қамалиб кетиши адолатданми? Мана шу каби саволлар мухлисларни ўйлантиргани табиий. Хўш, футболчининг яқинлари бу ҳақда нима дейди?

«Жамшид жуда меҳрибон йигит... Унинг қўлига 1,5 ёшли вақтидан тўп ушлатганмиз. «Тўп билан туғилгани» учун интернатга ҳам ўз кучи билан кирди. У биров билан урушадиган бола эмас.

Суперлигага чиқсак, уйларни тузатаман, ошлар қиламиз, дерди. Шаҳардан уй оламан, Тошкентдан уй оламан, сизни олиб кетаман дерди. Шаҳарда ёмғир ёғишини яхши кўрарди. Жамшид оиламизнинг боқувчиси эди. Кўп вақт маошсиз ўйнаб юрди. Баъзида йўлкирасига пул тополмай қолардик, тоғасидан пул олиб ўйнагани кетарди. Вақти келса, қўшнилар ҳам йўлкираси учун пул беришган. Ўзи ошхоналарда ишлаб, йўл пули қиларди.

Ўзига ҳам айтдим, футболдан кетказишса кетказишсин, қамалмай чиқса бўлди», дейди футболчининг онаси Дилором Тўрақулова.

«Ўйин тугагач, Жамшидга қўнғироқ қилиб нега бундай қилганини сўрадим. Ҳиссиётга берилиб, кўзига ҳеч нарса кўринмаганини айтди. Телевизорга қўйсак, ҳамма каналда ўша вазиятни кўрсатишяпти. Кейин онаси билан шаҳар ИИБга бордик, ярим кечасигача ўша ерда турдик. Худога шукур, бугун терговчидан рухсатнома олиб, кўришиб келдим. Ҳозирча унга ҳеч қандай айблов қўйилмаган, бир марта тергов бўлди. Суд янги йилдан кейин бўлса керак, унгача ўша ерда қоларкан. Ҳали футболчиларни, ҳакамларни тергов қиламиз дейишяпти. Ҳокимга, ИИБ бошлиғига, прокурорга хат билан чиқдим.

Жамшид Суперлигага чиқишни жуда хоҳлаганди, шу учун қизишиб кетган. 10 йилга четлатилгани ҳақида гапирадиган бўлсам, футболчи ошиб борса, 35 ёшгача ўйнайди. Ҳозир Жамшид 22 га кирган бўлса, 10 йилдан кейин қандай қайтади? Бу у учун футбол тугади дегани. Ўғлим бутун умрини футболга бағишлаган. Бизни ҳам боғлаб бермаган, жонимизни эгаси олса, кетадиган одаммиз», дейди футболчининг отаси Лочинбек Тўрақулов.

Бобур Акмалов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид