Жаҳон | 17:14 / 21.12.2020
24831
12 дақиқада ўқилади

Коронавирус вакцинаси. Саволлар ва жавоблар

Дунёнинг бир неча давлатларида, жумладан, Россия, Буюк Британия ва Канадада коронавирусга қарши вакцинация жараёни бошланиб кетган. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари, қариялар ва жиддий сурункали касаллиги бор аҳоли вакиллари эмланмоқда. Бироқ йил давомида интиқ кутилган вакцинага айрим жойларда ишончсизлик билан қарашмоқда.

Фото: AFP

Россияда ўтказилган бир неча сўровлар натижасида аҳолининг «иқтисодий фаол» қатлами вакцинацияга қарши экани маълум бўлди. SuperJob рекрутинг компанияси ўтказган сўров натижаларига кўра, 1600 респондентнинг 44 фоизи вакцинацияга қаршилигини айтган бўлса, бор-йўғи 22 фоизи вакцина олишга розилигини билдирган.

Ҳайратланарли томони, вакцинацияга врачлар ҳам қарши чиқишган. «Справочник врача» сервиси август ойида сўров ўтказганди. Унда қатнашган 3000 нафар шифокорнинг аксари – 52 фоизи Гамалея маркази ишлаб чиқаётган вакцинани олишга тайёр эмаслигини айтган. Уларнинг кўпчилигини препаратнинг самарадорлиги ҳақидаги маълумотлар йўқлиги ва ўта қисқа муддатда тайёр бўлаётгани шубҳага солган.

Коронавирус ва унинг оқибатларидан 300 мингдан ортиқ одам вафот этган АҚШда бу борадаги рақамлар хиёл яхшироқ. Associated Press ўтказган сўров натижалари кўра, америкаликларнинг қарийб ярми вакцина олишга тайёрлигини билдирган. Респондентларнинг 26 фоизи кескин фикр билдирган. Мутахассисларнинг фикрича, коллектив иммунитет шаклланиши учун аҳолининг 70 фоизи вакцина олиши шарт. Одамларни вакцинанинг эҳтимолий ножўя таъсирлари кўпроқ ташвишга солади.

ББС хизмати вакцина ҳақидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрди.

Вакцина хавфлими?

Қисқача қилиб айтганда, коронавирусга қарши вакцинани хавфли дейишга асос йўқ. Назарий жиҳатдан вакцина нохуш реакция бериши мумкин, лекин бунинг эҳтимоли жуда паст.

Қайсидир вакцина маъқулланган давлатларда биринчи навбатда шифокорлар эмланмоқда / GETTY IMAGES

Олимлар айнан ножўя таъсирларни олдиндан кўра олиш учун ҳам энг қуйидан бошлаб синовлар ўтказишди. Намуналар аввал лабораторияларда синалади. Кейин жониворларда. Ана ундан кейингина одамларда синалади. Масалан, Pfizer ва BioNTech синовларида 40 мингдан ортиқ кўнгиллилар қатнашган.

Ундан ташқари, давлат регуляторлари ҳам синов ўтказиши мумкин. Масалан, Британиядаги Дори ва тиббий жиҳозларни мувофиқлаштириш агентлиги (MHRA), АҚШ Озиқ-овқатлар ва дорилар сифати бўйича бошқармаси (FDA) ва Россия мисолида соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаш учун топширилган препаратларни қўшимча синашлари мумкин.

Ножўя таъсирларчи?

Вакциналарнинг баъзилари кундалик юмушларни бажаришда халал бериши мумкин, лекин ёқимсиз ҳислар бир неча кундан кейин ўтиб кетади, дейилади АҚШнинг касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази баёнотида.

Нуфузли Science журналида ёзилишича, Америка вакциналари одамларда кундалик ишларни қилишга халал берадиган даражада жиддий ножўя таъсирлар уйғотмаган. Pfizer ва Moderna вакциналарини олганларнинг 2 фоизидагина тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилган.

«Спутник V» яратувчилари ҳарорат кўтарилиши, ҳолсизлик, бош оғриғи каби ножўя таъсирлар бўлишини айтиб, бир неча кунда ўтиб кетишини маълум қилишган.

Кўп давлатларда вакцинага ишонч паст. Одамларни эҳтимолий ножўя тасъсирлар ташвишлантирмоқда
SERGEY KARPUKHIN/TASS

Стэнфорд университети эпидемиологи Ивонна Мальдонадо бу ҳақда шундай дейди: «Аксар вакциналарнинг ножўя таъсирлари бўлади. Аслида бу организм иммун тизимининг вакцинага реакциясидир. Айнан шундай иммун жавоб жуда муҳим».

Аллергик реакциялар-чи?

Вакцинация бошлангач, айрим вакциналарнинг аллергик таъсирлари ҳақида ҳам гапирила бошланди.

ОАВда асосан Pfizer ва BioNTech вакцинасини олган Британия Миллий соғлиқни сақлаш тизими (NHS)нинг икки ходимида намоён бўлган аллергия реакцияси муҳокама қилиняпти. Муҳим жойи – ҳар икки ходим ҳам аллергияси бор инсонлар, улар ҳатто ўзлари билан шприц ва адреналин олиб юришган. Ҳозир улар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда. Ундан ташқари, улар билан бир кунда вакцина олган минг нафар одамнинг бирортасида реакция кузатилмади.

Шу каби ҳолат Аляскада ҳам кузатилди. Тўғри, бу ҳолатда вакцина олгунга қадар мижозда аллергия бўлмаган. Реакция бўлгач, унга эпинефрин қилингач, аллергия чекинган.

Ишлаб чиқарувчилар вакцинанинг маълумотлар буклетида препарат таркибида мавжуд моддаларнинг бирига аллергияси бор мижозларга вакцина қилинмаслиги ёзиб қўйилган бўлади. Pfizer ва BioNTech препаратларида аллергия қичишиш, нафас етишмовчилиги, юз ва тилнинг шишиши каби ҳолатлар билан кузатилади, деб ёзиляпти.

Бу ёзувлар мижозни чўчитиши мумкин, лекин бундай симптомлар асосан кучли аллергияси бор одамларда кузатилади. Энг асосийси – бундай ҳолатларда реакция кузатилган одамларга тез ёрдам кўрсатишнинг синалган усуллари мавжуд.

Ўтган ҳафтада Орегон штатининг Портленд шаҳрида эмлаш жараёни бошланди. Суратда шифокорлар бир-бирини табриклашмоқда / GETTY IMAGES

Ундан ташқари, нафақат коронавирус вакцинаси, балки исталган препарат индивидуал аллергик реакция пайдо қилиши мумкин. Мутахассислар учун бундай реакциялар кутилмаган ҳолат эмас. Ҳар эҳтимолга қарши Британиянинг Дорилар ва тиббий товарларни мувофиқлаштирувчи агентлиги (MHRA) дориларга аллергияси бор одамларга эмланмай туришни тавсия қилди.

Вакциналар хавфсиз бўлса, нега давлат раҳбарлари эмланмаяпти?

Ҳозиргача бирортаям давлат раҳбари эмлангани йўқ ва бу ҳақда омматан эълон қилинмади.

Владимир Путиннинг айтишича, «ҳозирда вакцина муайян ёшдагилар учун мўлжалланган».

«Мен кабиларга ҳали вакцина етиб келмади. Шунинг учун мен вакцина олмадим. Лекин имкони бўлиши билан албатта оламан», деган 68 ёшли Путин.

Бироқ Москванинг 62 ёшли мэри Сергей Собянинга ёши вакцина олиши учун тўсиқ бўла олмади.

«Акс ҳолда Россия вакцинасини ташвиқ қилишим қийин бўларди, чунки сўровларга кўра ҳатто бугун ҳам россияликларнинг ярмига вакцина керакмас, у ҳали охиригача ишлаб чиқилмаган деган шубҳа бор», деганди Собянин Путинга.

Вакцинация бошланмаган айрим давлатларнинг раҳбарлари фуқаролардаги препаратга нисбатан шубҳаларни тарқатиш учун эмланишни ўзлари бошлаб беришни эълон қилишди. «Спутник V»га қизиқиш билдираётган Аргентина президенти Альберто Фернандес «ҳеч ким қўрқмаслиги учун» биринчи бўлиб эмланишга ваъда берди.

Филиппин президенти Родриго Дутерте ҳам «Спутник V» вакцинасини намойишкорона олишни эълон қилди. «Менда синаб кўринглар, бу яхшику», деди у.

Путин ёши туфайли ҳали эмланмаслигини айтган / SERGEI BOBYLEV/TASS

Европада эса аксар давлат раҳбарлари вакцинани аввало тиббиёт ходимлари олишлари кераклигини таъкидлашган.

Нега бошқа вакциналар устида узоқ ишланади, коронавирус вакцинаси эса нисбатан қисқа муддатда ишлаб чиқилди?

Вакцинани яратишнинг ўзи кифоя эмас, олимлар препаратнинг тез ва оғриқсиз таъсир қилишини истайдилар. Шунинг учун одатда вакцина ишлаб чиқиш бир неча йилга чўзилади.

Аввалига препаратнинг чиқарилиш шакли ва ножўя таъсирлари устида изланиб, лабораторияларда узоқ синовлар ўтказилади. Керакли хулосаларга келингач, ҳайвонларда, кўпинча, сичқонларда синовлар ўтказила бошланади.

Ҳайвонларда ўтказилган синовлар муваффақиятли якунланса, олимлар одамларда текширув ўтказишади. Вакцина, аввалига, хавфсиз эканига ишонч ҳосил қилиш учун кам сонли одамларга берилади (I фаза). Ана шундан кейингина инсон иммунитетига таъсири ўрганила бошланади (II фаза). Кейинги босқич аҳолининг турли қатламларида синаб кўриш бўлади (III фаза). Бунда препарат болалар, ўрта ёшлилар, қариялар, турли касалликларга чалинганларда синалади.

Ножўя таъсирлар кам бўлгани ва анча кейинроқ пайдо бўлиши мумкинлиги боис, вакцинациядан кейин кўнгиллилар йиллар давомида кузатилади. Ана шундан кейингина клиник синовлар таҳлил қилинади ва хулоса ижобий бўлган тақдирдагина оммавий равишда ишлаб чиқаришга қарор қилинади.

Йирик фармкомпаниялар клиник синовлар билан параллел равишда, ҳали натижалар маълум бўлмасидан,
миллионлаб дозадаги буюртмаларга улгуриш учун вакцинани оммавий ишлаб чиқаришни бошлаб юборди

Коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқиш фавқулодда ҳолатларда олиб борилди ва кўплаб расмиятчиликларни четлаб ўтишга тўғри келди.

Масалан, ҳайвонлар эмас биратўла одамлар синалди. Йирик фармкомпаниялар (масалан AstraZeneca) клиник синовлар тугамасидан ва демакки вакцина қанчалар самарадорлигини аниқ билмасдан туриб препаратни миллионлаб дозада ишлаб чиқара бошлашди. Синовлар тугамасидан давлат сертификатини олиш эса («Спутник» мисоли), мисли кўрилмаган воқеа бўлди.

Ундан ташқари, фармкомпаниялар муаммо глобал характерга эга экани боис вакцинани ишлаб чиқариш учун анча кўп маблағ сарфлаб юборишди. Аммо тез ишлаб чиқилди дегани хавфсизлик протоколлари бутунлай четлаб ўтилди дегани эмас.

Эмланиш учун бошқа давлатга борса бўладими?

Ҳозирча бу имконсиз. Вакцинация бошланган давлатларда эмланиш тартиби маҳаллий бошқарув органлари томонидан белгиланади.

Масалан, Россия ҳудудида вакцинация Москвада бошланди ва бошқа ҳудудларга препаратлар етказилиши энди бошланди. Эмланиш бирламчи риск гуруҳидаги одамлардан бошланди. Уларга одамлар билан кўп мулоқотга киришадиган аҳоли қатлами киради. Масалан, тиббиёт ходимлари, савдо ва хизмат соҳасидаги одамлар ва ҳоказо. Имкони борича, рўйхат кенгайиб бораверади.

GETTY IMAGES

Жойларда вакцина туризми уюштиришга ҳаракатлар бўлди. Масалан, келиб чиқиши россиялик бўлган Прагада яшовчи тадбиркор Россияда оммавий эмланиш бошланиши билан европаликларга тур ташкиллаштирмоқчи бўлди. Россия ҳукумати бунга тезда жавоб бериб, фирибгарлик деб баҳо беришди.

«Тижорат мақсадидаги вакцинациянинг иложи йўқ. Оммавий эмланиш бошланди ва у бепул. Приоритет – россияликлар. Ички талаб қондирилиб, барча эмланиб бўлгачгина тижорат ҳақида ўйлашимиз мумкин бўлади», деб баёнот берган Россия соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов.

Вакциналар бир-биридан нима билан фарқланади?

Россия ва Британия вакциналари («Спутник V» ва AstraZeneca) вектор технологиялари асосида ишлаб чиқариляпти. Бундай технологияда бир вируснинг генетик материалини етказиш учун оддий шамоллашнинг аденовируслар оиласидан бўлган бошқа бир вируснинг қобиғидан фойдаланилади. Бу йиллар давомида вакцина яратилишида фойдаланиб келинган технология. Масалан, Эбола вирусига қарши вакцина шундай яратилган.

Moderna ва Pfizer/BioNTech вакцинаси эса бошқачароқ усулда яратилади. Бунда инновацион РНК матрицаси технологиясидан фойдаланилади. Коронавирусга қадар бирорта вакцина бу усулда яратилиб, одамларда фойдаланиш учун тасдиқдан ўтмаган.

Бир технология бўйича яратилса, «Спутник» ва Оксфорд вакциналарининг фарқи нимада?

«Спутник» яратувчилари қобиқ сифатида инсон аденовирусидан фойдаланишса, Оксфорд тадқиқотчилари шимпанзе аденовирусидан фойдаланишади.

Йўқ, эмлангандан кейин сиз аденовирус билан касалланмайсиз. Гап шундаки, касаллик қўзғатувчи аденовирус гени йўқ қилинади. Унинг ўрнига коронавирус оқсили коди билан ген жойлаштирилади. Бу иммун тизимига туриб бера олиш ва антитаначалар ишлаб чиқариш имконини берувчи хавфсиз технологиядир. Антитаначалар эса сизни шикастланишдан сақлайди. Вакцина бу – соғлом одам тез тузалиб кетиши кафолатланган ҳолда вирус ёки бактерия билан атай шикастлашдир.

Ҳар икки вариантнинг ҳам ўз устунлик ва камчиликлари бор. Шунинг учун ҳам россиялик ва британиялик тадқиқотчилар лойиҳани қўшма тарзда давом эттиришга қарор қилган кўринишади.

Шоакмал Исроилов тайёрлади

Мавзуга оид