Ўзбекистон | 22:45 / 21.12.2020
24257
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик дастурчилар Амир Темур ҳақидаги биринчи тарихий ўйинни тақдим этди

Мобил, консол ва видеоўйинлар ишлаб чиқарувчи ўзбекистонлик дастурчилар гуруҳи – UIC Games Амир Темур ҳақидаги «Мангу саркарда» номли биринчи тарихий ўйинни намойиш этди.

Видеоўйин тақдимоти 19 декабр куни Тошкент ёшлар форуми доирасида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тақдимотда айтилишича, «Мангу саркарда» Unreal Engine технологиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган марказий Осиёдаги илк видеоўйиндир.

Ундаги ҳаракатлар 14 асрдаги тарихий фактларга асосланади. Бунда тарихий сюжетлардан тортиб кичик деталларгача аниқликда ишлаб чиқилган. Қаҳрамонларнинг кийимлари ва қуроллари учун эса Амир Темур музейидаги экспонатлар ўрганиб чиқилган.

«Барчаси фактларга асослангани билан биз ўйин давомида Амир Темур образидан тўғридан тўғри фойдаланмадик, чунки қандайдир тарихий хатоликка йўл қўйиш мумкин. Шу сабабли биз соҳибқироннинг тансоқчиси образидан фойдаланганмиз. Шундай бўлса-да, видеоўйинда ўйин стратегияси, барча юришлар режасини Амир Темур тузади», – дейди дастур ҳаммуаллифларидан бири Алишер Тожиев Kun.uz'га берган интервюсида.

«Мангу саркарда» юқори бюджетли ўйинлар синфига киради. Дастур муаллифларининг айтишича, видеоўйин ҳозирги ҳолатга келгунга қадар 29 кишилик гуруҳ бир йил давомида иш олиб борган.

Ушбу гуруҳ аъзолари шунингдек, ёшлар учун имкон.уз лойиҳасини ҳам ишга туширмоқда. Лойиҳа ҳақида эса батафсил қуйидаги ролик орқали маълумот олишингиз мумкин.

Мавзуга оид