Ўзбекистон | 13:08 / 21.12.2020
4600
3 дақиқада ўқилади

«Тадбиркорга сотилган ер аукционга нотўғри чиқарилган». Қашқадарё вилоят кадастр бошқармаси Kun.uz’да берилган мақолага муносабат билдирди

Жорий йил 17 декабр куни Kun.uz’да «Яккабоғда нега йўлнинг ҳимоя майдонига кирувчи жой аукционга чиқариб юборилди» сарлавҳаси билан мақола эълон қилинган эди. Унда, тумандаги «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғини Қўтонбой қишлоғида жойлашган 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги жой қонунларга зид равишда аукционга чиқариб юборилгани ёритилган эди.

Бугун, Кадастр агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси мақола юзасидан муносабат билдирди. Муносабатда 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги жой аукционга нотўғри чиқарилгани ва ерни сотиб олган тадбиркорга шу қишлоқдан бошқа ер ажратиш ҳақида туман ҳокимияти ҳамда сектор раҳбарига сўровнома киритилгани ҳақида маълум қилинган.

«Kun.uz сайтида эълон қилинган мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Мақолада кўрсатилган мазкур ер участкаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сонли қарорига асосан тасдиқланган «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида»ги низомининг 10-бандига кўра, 2020 йил 5 май кунида новвойхона биносини қуриш учун бўш турган 0,0094 гектар ер учаскасининг таклифи берилган.

Таклифга кўра, ер низомда кўрсатилган тегишли идоралар ва ваколатли органлар томонидан ижобий хулосалари тўпланиб, тизим орқали электрон-онлайн аукцион савдосига чиқарилган. Фуқаро Қ.Н. 2020 йил 17 июлдаги электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги баённомага асосан аукцион ғолиби деб топилган.

Ҳозирда ушбу ер майдонида қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслиги аниқланган.

Бунга сабаб, ушбу аукцион савдосига қўйилган новвойхона биноси қуриш учун ажратилаётган ер майдони мактаб ёнида жойлашган, шаҳарсозлик нормаларига тўғри келмайди ҳамда йўлнинг ҳимоя қисмида жойлашган.

Aйни пайтда ҳолат юзасидан туман ҳокимига ва Қўтонбой қишлоғи жойлашган секторга раҳбарлик қиладиган ИИБ бошлиғига 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасида жойлашган ер қонунларга зид равишда аукционга чиқарилганлиги ва аукцион ғолибига «Маданият» МФЙ Қўтонбой қишлоғининг бошқа қисмидан ер ажратиб берилиши лозимлиги ҳақида сўровнома киритилган.

Aйтиш керакки, кадастр муҳандиси бўш ер майдонларини аниқлайди ва хулосалар олиш учун уни тегишли ташкилотларга юборади. Бўш ер участкаси бўйича ижобий хулосалар олинса, шундан кейингина у ер аукционга юборилади. Aгар бўш ер участкасига рад хулосаси берилса, у аукционга юборилмайди.

Aниқланган бўш ер участкасига ижобий ёки салбий хулоса бериш, шунингдек, аукционда сотиб олинган ер участкасида қурилиш ишларини бошлашга рухсат бериш Кадастр ташкилотларининг ваколатига кирмайди», дейилади муносабатда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид