Жаҳон | 18:21 / 22.12.2020
12486
2 дақиқада ўқилади

Иван Сафронов иши бўйича Путиннинг айтганларини рад этувчи маълумотлар тарқалди

Фото: Медуза

Июл ойида давлатга хиёнат айблови билан қўлга олинган россиялик журналист Иван Сафронов иши бўйича янги маълумотлар пайдо бўлди. 17 декабр куни ўтказилган жонли мулоқотда Россия президенти Владимир Путин Сафроновнинг қўлга олиниши «Роскосмос»даги фаолияти билан боғлиқ эканини айтганди.

Ўз вақтида Сафронов фаолият олиб борган «Ведемости» мухбирлари тергов хулосаси билан танишишга муваффақ бўлган ва унда Путин айтганидек Сафроновнинг «Роскосмос»даги фаолияти билан боғлиқ ҳеч нарса бўлмаган. Сафронов ҳарбий ва космик соҳани кенг ёритгани учун «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ахборот масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланганди. Бу лавозимда икки ой ишлаган журналист давлатга хиёнатда айбланиб, қўлга олинганди.

Кейинчалик Сафронов Чехия разведкаси билан ҳамкорлик қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Айбловга кўра, Сафронов «Коммерсантъ» газетасида ишлаган вақтида чех разведкаси билан ҳамкорлик қилишни бошлаган ва уларга Россиянинг Африка мамлакатлари билан ҳарбий ҳамкорлиги ҳақида маълумотлар бериб турган. Шунингдек, Сафронов Россия қуролли кучларининг Яқин Шарқдаги ҳаракатлари ҳақида хориж разведкасига хабар бериб боргани айтилган. Бироқ тергов давомида Путин айтган Сафроновнинг «Роскосмос»даги фаолияти билан боғлиқ айблов илгари сурилмаган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид