Жаҳон | 20:44 / 24.12.2020
9588
2 дақиқада ўқилади

Майя Санду Молдова президенти лавозимини бажаришга киришди 

Молдованинг сайланган президенти Майя Санду президент лавозимини бажаришга киришди ва қасамёд келтирди. Сандунинг инаугурацияси маросими парламент ва конституциявий суднинг тантанали йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Фото: РИА Новости

“Барча куч ва билимимни Молдованинг равнақ топиши учун беришга, конституция ва қонунларга амал қилишга, демократия, инсон ҳуқуқлари, Молдованинг суверенитети, мустақиллиги, бирдамлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга қасамёд қиламан”, деб қасамёд келтирган Санду. 

Молдованинг янги президенти ўз нутқида сайловчиларга қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирган. “Менда катта режалар бор, лекин уларни бир ўзим амалга ошира олмайман. Менга сизнинг қўллаб-қувватловингиз зарур. Мендан умидингиз катта эканини биламан”, деб айтган Санду.

У, шунингдек, бош вазир Ион Кику ҳукуматини коронавирусга қарши кураш бўйича ишни уддалай олмаганликда, амалдаги парламентни эса коррупцияда айблаган ва у тарқатилиши кераклигини айтган.

Санду Молдованинг европача ривожланиш моделини, Приднестровя ихтилофини халқаро ҳамкорлар иштирокида ҳал қилиш ва у ердан Россия қўшинларини олиб чиқишни қўллаб-қувватлашини айтган. У янги лавозимида биринчи навбатда президент билан боғлиқ сарф-харажатларни камайтиришга, муддатдан аввал парламент сайловлари ўтказишга, Молдовани халқаро изоляциядан чиқаришга, коррупцияни миллий хавфсизликка таҳдид деб эълон қилишга, шов-шувли ишларни дарҳол тергов қилишга ваъда берган.
 
Аввалроқ Молдованинг эндиликда собиқ президенти Игор Додон Сандунинг инаугурацияси маросимида иштирок этмаслигини, бироқ Сандуга ҳокимиятни топшириш вақтида уни табриклашини айтган. Додоннинг таъкидлашича, унинг сайлов штаби сайловлар вақтида кўплаб қоидабузарликлар қайд қилган. 

Санду президент сайловларининг 15 ноябрда ўтган 2-босқичида 57,72 фоиз овоз билан ғалаба қозонганди. Унинг рақиби Игор Додон 42,28 фоиз тўплаган. 

Мавзуга оид