Ўзбекистон | 18:32 / 24.12.2020
3665
3 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар афв этилган фуқароларни ишга қабул қилишга мажбурми?

Бугун, 24 декабр куни Ички ишлар вазирлигида Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, унда афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ички ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликларининг ахбороти эшитилди.

Маълум қилинишича, 2020 йилда президентнинг тегишли фармонлари билан 512 нафар фуқаро афв этилган. Уларнинг 316 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, 196 нафарининг жазо муддати қисқартирилган, озод этилган 6 нафар чет эл фуқароси Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юборилган.

Тадбирда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Умурзоқов афв қилинган ёки озодликка чиққан фуқароларни мажбурий тартибда хусусий ташкилотларга ишга жойлаштириш борасидаги саволга жавоб берди.

Баҳодир Умурзоқов

«Бу ерда ҳеч ким мажбурламайди. Тадбиркор бўш турган вакансиялари ҳақида маълумот беради, биз у ердаги 2-3 та вакансиядан биттасига тавсия қиламиз. Йўқ, мен қабул қилмайман, ўзимни бошқа одамим бор дейишга ҳаққи йўқ, қабул қилиши керак. Агар ишга жойлашмоқчи бўлган афв этилганларнинг бирор камчилиги бўлса, масалан маълумоти кам бўлса, оилавий аҳволи ёки мутахассислиги тўғри келмаса, биз ҳеч қандай эътироз билдирмаймиз. Лекин, [ҳаммаси жойида бўла туриб] учала вакансиянинг бирортасига ҳам олмайдиган бўлса, албатта унга чора кўрамиз. Бу унинг ишига аралашиш эмас, бу меҳнат қонунини ижро этишга қаратилган тадбиримиз. Меҳнат қонунчилиги олдида ҳамма тенг, тадбиркорми ёки давлат ташкилоти бунга амал қилиши керак”, – деди вазир ўринбосари.

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Шуҳрат Чўллиевнинг қўшимча қилишича, давлат ва нодавлат ташкилотлар ўзидаги бўш иш ўринлари ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига маълумот бериб туради.

Шуҳрат Чўллиев

«Ҳаттоки биз ҳам, Сенат девонидаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериб турамиз, бермасак, бизни ҳам жаримага тортишади. Бу ваколат барча ташкилотларга нисбатан ишлайди. Бу жамиятда қанча бўш иш ўринлари борлиги ва уларни очиқ-шаффоф ҳолда кузатиб туриш учун қилинган. Ташкилотлар асосли равишда афв этилганларнинг номзодини рад қилиши мумкин. Масалан, мутахассислиги, маълумоти тўғри келмаса ва шу кабилар. Лекин бу «ўтириб чиққан» экан деган важ билан қайтара олмайди. Бу меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади, қонун олдида эса ҳамма тенг. Бу борада жарима солиш ва жавобгарликка тортиш фақат қонун билан амалга оширилади. Вазирнинг йўриқномаси ёки вазирликнинг ҳужжати билан эмас”, – деди сенатор.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид