Ўзбекистон | 12:22 / 25.12.2020
40719
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда 2 миллиард сўмлик давлат буюртмасини бажарган корхона вилоят ҳокимининг фарзандига тегишли бўлиши мумкин

Жиззах шаҳрини кўркам қиёфага келтириш ва гуллар экиш бўйича 2 миллиард сўмдан ортиқ иккита давлат буюртмасини қўлга киритган корхона вилоят ҳокимининг қизига қарашли бўлиши мумкин.

Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси 2020 йил ноябрь ойида Жиззах шаҳри кўчаларини кўркам қиёфага келтириш ва ободонлаштириш мақсадида Шароф Рашидов кўчасига манзарали дарахтлар ва мавсумий гуллар экиш учун буюртмачиларни танлаб олиш мақсадида танлов эълон қилган.

Қарийб 1 млрд сўмлик давлат буюртмасини «My Flower» МЧЖ ютган.

Маблағлар вилоят ҳокими Солиев Эргаш Алибекович фармойиши билан маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган қисмидан ажратилган.

«My Flower» МЧЖ 2020 йилнинг февраль ойида ҳам Жиззах шаҳри кўчаларига мавсумий гуллар экиш объекти бўйича ўтказилган танловда ҳам пудратчи сифатида ғолиб бўлган. Лойиҳа қиймати – 1 млрд 69 млн сўм.

Telegram'даги «davletovuz» каналининг ёзишича, «My Flower» МЧЖ 2019 йил май ойида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, унинг 50,80 фоиз улушига Солиева Наргиза Эргашевна, 49,20 фоизига эса Холмўминов Зоҳиджон Холмурод ўғли эгалик қилади. Корхона гуллар ва уларнинг уруғларини етиштириш билан шуғулланади.

«Бизда тасодифлар бўлмайди. Бюджет пули сарфи ҳокимларнинг қўлида. Ҳокимлар эса кимгадир ота, ака, ука, ўғил. Пул ва қариндошнинг бегонаси бўлмайди», – дея таъкидлайди блогер.

Kun.uz юқоридаги корхона таъсисчиларидан бири вилоят ҳокимининг қизи экани ёки ундай эмаслигига аниқлик киритиш мақсадида Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди. Ҳокимлик вакили Kun.uz сўровига жавоб берилишини билдирди.

Мавзуга оид