Жамият | 22:18 / 25.12.2020
8749
6 дақиқада ўқилади

Усмонхон Алимов: Меҳр-мурувват ва саховат инсонни улуғлайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бугун тарихий даврнинг янги босқичи – халқимиз ўз олдига эзгу мақсадлар қўйиб, ўз куч ва имкониятларига таянган ҳолда, оғир ва синовли кунларда ҳам ҳамжиҳатлик ила тараққиёт сари одимлаб бораётган паллада яшаяпмиз.

Тарихдан маълумки, халқимиз кўп синов ва қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтган. Ота-боболаримиз азалдан оғир кунларда аҳил ва ҳамжиҳат бўлган. Ҳар бир қарори, ҳаракатида мўътабар манбалар, соғлом ақлга таянган.

Бугунги синовли кунларни халқимизга хос ва муносиб тарзда енгиб ўтишда, муҳтарам Президентимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашлари, халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат, олийҳимматлик тўла замин бўлмоқда. Қалбида имон-эътиқоди мустаҳкам халқимиз учун Яратганнинг Ўзи мададкор бўлаётир.

Хайр ва саховат инсонни улуғлаб, ҳар икки дунёда ҳам ажру савобга сазовор этиши ҳақида алломаларимиз таъкидлаб ўтганлар. Ислом динида ҳам мўминнинг энг улуғ сифатларидан бири хайр ва саховат эканига ишора қилинади.

Ислом дини моҳиятида мужассам бўлган барча фазилатлар асрлар оша башариятни ҳидоятга чорлаб келмоқда. Айниқса, муборак динимизнинг эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялари жамиятда инсонпарварлик, бағрикенглик муҳитининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Ҳозирги кунда дунё аҳли коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни бошидан кечирмоқда. Халқимиз ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам ила енгиб ўтишида Ҳақ таолонинг Ўзи мададкор бўлмоқда.

Бутун дунёга катта ташвиш ва муаммо бўлиб турган коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича Давлатимиз Раҳбарининг бевосита бошчилигида тизимли ишлар амалга оширилди. Ҳукуматимиз томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар узлуксиз амалга оширилди.Ўз навбатида, юртимиз аҳолиси томонидан ҳам ушбу хасталикни инсоният бошидан аритиш йўлида бирдамлик, аҳил-иноқлик намуналари кўрсатилди. Шунингдек, мана шундай синовларни тез орада инсоният бошидан аритиш борасида Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва мўътабар манбаларда маълум амалларни бажариш ва дуою тазаррулар ўқиш ҳам давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мўътабар манбаларда доимий равишда Аллоҳ таолодан халқ фаровонлиги, юрт равнақи учун хайру барака тилаш, тинчлик-офият сўраш ва эзгу дуолар қилиш лозимлиги ҳақида кўп баён этилган. Шу боис, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан диёримизнинг энг табаррук жойларида илғор фикрли, фазилатли уламолар, тажрибали имом-хатиблар етакчилигида Қуръони карим хатмлари ва меҳр-мурувват тадбирлари амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жонлиқлар сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишиларга тарқатилмоқда ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳадялар меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига улашилмоқда.

Бундайи нсонларга меҳр-мурувват кўрсатиб, кўнгилларини кўтариш ҳам энг мақбул амаллардандир.

Уламолар ва имом-хатиблар томонидан Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳар бир хатми Қуръоннинг якунидаги дуолар мустажобдир”, – деган ҳадиси шарифларига биноан хатми Қуръонлар қилинди.

Шундай саховат тадбирлари бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпаяётганининг ҳикмати шуки,Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси 261-оят), – деб марҳамат қилган.Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда.

Бир ҳадиси шарифда: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт, унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзида бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”, – деб марҳамат қилинган.

Зеро етим-есир, бева-бечора, ногиронлар, мусофирларга мурувват кўрсатиш, сидқидилдан беғараз ёрдам бериш каби фазилатлар қон-қонимизга сингиб кетган. Уламолар айтганидек, ақлнинг қадри одоб билан ошади, бойлик қадри – саховат билан.Сахийлик эзгуликни юксалтирувчи, демакки, дўстларнинг кўпайишига имкон яратувчи хусусият бўлиб, инсон учун саховатдан яхшироқ ва азизроқ ёқимли сифат йўқ.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари билан тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир”, деган ҳадиси шарифлари эса саховатли кишиларга улуғ башоратдир.

Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, вазиятга онгли ёндашмоқда. Фаровон ва яхши кунларга интилиб яшамоқда. Зеро Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келди. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди” (Имом Ҳоким ривояти).

Аллоҳ таоло мана шундай оз муддатли қийинчилик кунларида сабр қилган, ибодатларда қоим бўлган, муҳтожларга ёрдам берган ва чиройли хулқларини сақлаб қолганларга охират саодатини ваъда қилади: “Парвардигорларининг розилигини истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир” (Раъд сураси 22-оят).

Аллоҳ таоло халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон ва ризқу рўзимизни баракали қилсин.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Мавзуга оид