Ўзбекистон | 16:29 / 26.12.2020
41261
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда 2 миллиард сўмлик давлат буюртмасини танловда ютган корхона вилоят ҳокимининг қизига тегишли экани тасдиқланди

Жиззах шаҳридаги кўчаларга манзарали дарахт ва гуллар экиш бўйича буюртмани ютган корхона вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қизига тегишли экани ҳақидаги хабар шов-шувларга сабаб бўлди. Kun.uz мухбирининг аниқлашича, корхона раҳбарларидан бири чиндан Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг қизи Наргиза Солиева бўлган.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев / Фото: KUN.UZ

Kun.uz'нинг прокуратурадаги манбаси Жиззах шаҳри Шароф Рашидов кўчасига манзарали дарахтлар ва мавсумий гуллар экиш учун танловда ғолиб бўлган «My Flower» МЧЖнинг таъсисчиларидан бири Солиева Наргиза Эргашевна Жиззах вилояти ҳокими Солиев Эргаш Алибековичнинг қизи эканлиги тасдиқлади.

Олдинроқ Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси 2020 йил ноябр ойида Жиззах шаҳри кўчаларини кўркам қиёфага келтириш ва ободонлаштириш мақсадида Шароф Рашидов кўчасига манзарали дарахтлар ва мавсумий гуллар экиш учун буюртмачиларни танлаб олиш мақсадида танлов эълон қилгани, қарийб 1 миллиард сўмлик давлат буюртмасини «My Flower» МЧЖ ютгани маълум бўлганди. Бу корхона 1,069 миллиард сўмлик Жиззах кўчаларига гуллар экиш бўйича бошқа бир танловни ҳам ютган.

Бу ишлар учун маблағ вилоят ҳокими Эргаш Солиев фармойиши билан маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган қисмидан ажратилган.

Маълумот учун, «My Flower» МЧЖнинг 50,8 фоиз улушига Солиева Наргиза Эргашевна, 49,2 фоизига эса Холмўминов Зоҳиджон Холмурод ўғли эгалик қилади.

Kun.uz мухбири Наргиза Солиеванинг турмуш ўртоғи билан телефон орқали суҳбатлашди. У рафиқаси Наргиза Солиева чиндан Жиззах вилояти ҳокими Солиев Эргаш Алибековичнинг қизи эканини, ҳолат юзасидан интервью беришга ҳам тайёрлигини маълум қилди.

Олдинроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам ушбу ҳолат юзасидан сўров юборганини маълум қилганди.

Мавзуга оид